Мақолалар

Ота-онангга оқ бўлма

Чоп этилди Sentabr 5, 2019 Ота-онангга оқ бўлмаda fikr bildirishni o'chirish

Чунки ота-онанг сенинг дунёга келишинг сабабчилари ва инсонлар ичида сенга энг яқинлари ҳисобланади. Иккаласига қанчалик кўп яхшилик қилмагин, ҳаргиз уларнинг ҳақини тўла адо этолмайсан. Ота-онани улуғлаш, ҳурмат қилиш ва агар аҳлинг, молингни тарк қилишинг буюрилса ҳам, у иккаласига итоатда бўлиш қанчалик муҳим эканини билишимиз учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб тафаккур қилишимиз кифоя:

 «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қи­лишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, дейди» (Аҳ­қоф, 15);

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро, 23–24).

Ояти каримада ота-она вафот этиб кетганларидан сўнг ҳам улар ҳақига:

“Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”, деб хайрли дуолар қилиб тур, дейилмоқда.

Шундай экан, сен ота-онанг ҳаётлик пайтларида қўполлик кўрсатиб, уларни норози қилмагин. Агар уларни ранжитсанг, гуноҳи кабира қилган бўласан. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ота-онага оқ бўлишни гуноҳи кабиралардан деб таъкидлаганлар.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айтади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга энг катта гуноҳлар ҳақида хабар берайинми?” деб уч марта айтдилар. Биз: “Ҳа, (хабар беринг) эй Аллоҳнинг Расули”, дедик. У зот: “Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар. У зот суянган ҳолатда эдилар, шунда ўтириб олиб: “Огоҳ бўлингки, ёлғон сўз, ёлғон гувоҳлик бериш”, дедилар. У зот бу сўзни шунчалар кўп такрорладиларки, биз: “Қанийди, Расулуллоҳ тўхтасалар”, деб қолдик».

Имом Табароний “Ал-Кабир” китобида Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят келтиради: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч нарса бор, улар билан бирга бирор амал фойда бермайди: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва (юрт ҳимоясида) урушдан қочиш”, дедилар.

Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳ таоло сизларга ота-онага оқ бўлишни, қизларни тириклайин кўмишни ҳаром қилди ва сизларни мишмишлардан, кўп савол беришдан ва молни зое қилишдан қайтарди”.

Шундай экан, ота-онага улар ҳаётлигида ҳам, вафот этиб кетганларидан сўнг ҳам яхшилик қилувчи бўлиш лозим.

Яна ота-онанинг бошқалар нафратига учраши ва обрў­сиз­ла­нишига ҳам сабаб бўлиб қолмаслик керак. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслим қилган ривоятда бундай дейилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳлардандир”, деб айтдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳеч бир одам ўз ота-онасини ҳам сўкадими?” деб сўрадилар. У зот: “Ҳа! Киши бир кишининг ота-онасини сўкади, натижада у ҳам унинг ота-онасини сўкади”, деб жавоб бердилар».

Фарзанд ота-онасига яхшилик қилиб, уларнинг ҳурматини жойига қўяр экан, қилган яхшилигининг самарасини бу дунёда ҳам кўради. Бу борада Имом Бағавий ва бошқалар ушбу ояти карима тафсирида бир қиссани келтиришади.

«Эсланг, Мусо ўз қавмига: “Аллоҳ сизларни (бирор) сигир сўйишга буюрди”, деганида, улар: “Бизни истеҳзога тутяпсанми?” дедилар. (Мусо) деди: “Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин!” Улар дедилар: “Раббингдан биз учун дуо қилиб сўра, бизга у (сигир) нималигини баён қилсин!” (Мусо) деди: “(У) айтмоқдаки, у қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган ўрта ёш сигирдир. Бас, сизга буюрилган нарса (иш)ни қилингиз!” Улар дедилар: “Раббингдан биз учун дуо қилиб сўра, бизга унинг рангини баён қилсин!” (Мусо) деди: “У айтмоқдаки, у ярқироқ, сарғиш рангли сигир бўлиб, кўрганларни қувонтирур”. Улар дедилар: “Раббингдан биз учун дуо қилиб сўра, унинг қанақалигини баён қилсин, зеро, бизга сигирлар бир-бирига ўхшаш туюлди. Худо хоҳласа, биз, албатта, тўғри йўлни топувчилармиз”. (Мусо) айтди: “У айтмоқдаки, у шундай сигирки, ер ҳайдашга ҳам, экинларни суғоришга ҳам ўргатилмаган, нуқсонсиз, унда (сарғиш рангдан бошқа) ранг йўқ”. Улар: “Энди ҳақиқатни келтирдинг”, деб уни (ўша сифатларга эга сигирни зўрға топиб) сўйдилар, ваҳо­лан­ки, (бу ишни) қила олмасликларига сал қолган эди» (Бақара, 67-, 71).

Яъни, Мусо (алайҳиссалом) даврларида Бани Исроилда бир бой киши бўлиб, унинг камбағал амакиваччасидан бошқа меросхўри йўқ эди. У тезроқ меросга эга бўлиш мақсадида бой қариндошини ўлдириб, мурдани бошқа бир қишлоқ чеккасига олиб бориб ташлайди. Сўнгра бир неча инсонлар билан Мусо (алайҳиссалом)нинг олдига унинг хун ҳақини талаб қилиб келади ва Мусо (алайҳиссалом)дан Аллоҳ таолога дуо қилиб, ўша ўликнинг ишини баён қилиб беришни сўрайди. Шунда Мусо (алайҳиссалом) уларга Аллоҳ таолонинг юқоридаги оятда келтирилган сўзини айтиб, бир сигир сўйишларини буюради:

 «Эсланг, Мусо ўз қавмига: “Аллоҳ сизларни (бир) сигир сўйишга буюрди”, деганида, улар: “Бизни истеҳзога тутяпсанми?” дедилар…» (Бақара, 67). Яъни, улар “Биз сендан ушбу ўликнинг ишини баён қилиб беришингни сўрасак, сен сигир сўйишни буюриб, бизларни истеҳзо қиляпсанми?” дедилар. Шунда Мусо (алайҳиссалом) уларга:

“Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан (мўминларни истеҳзо қилишдан) мени Аллоҳ асрасин, деди” (Бақара, 67).

Шунда инсонлар сигир сўйиш Аллоҳ таолонинг амри эканини билишгач, Мусо (алайҳиссалом)дан қандай сигир сўйиш кераклигини сўрашди. Бунинг тагида Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати мужассам эди.

Ривоятда келтирилишича, Бани Исроилда бир солиҳ киши бўлиб, унинг ёш ўғли бор эди. Шу киши бузоқчасини чакалакзор ўрмонга олиб келиб: “Аллоҳ, ўғлим то катта бўлгунича мана бу бузоқни сенга топширдим”, деди.

У вафот этиб, бузоқча бир неча йил чакалакзорда қолиб кетди. Жонивор инсонлар кўзига кўринмасдан, барчадан қо­чиб юрар эди. Ҳалиги бола улғайгач, онасига яхшилик қила­ди­ган бўлди. У кечани уч қисмга бўлиб, бир қисмида ибодат қилар, бир қисмида ухлар ва яна бир қисмида онасининг ҳузурида ўтирарди. Тонг отганида эса, ўтин кесиб келишга кетар, сўнг шу ўтинларни сотар эди. Сўнгра топган пулининг бир қисмини садақа қилар, бир қисмига нон олар, яна бир қисмини эса онасига берар эди. Онаси унга: “Отанг чакалакзорга бир бузоқни олиб бориб, Аллоҳга топшириб, сенга мерос қилиб қолдирган эди. Сен бориб Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг Раббисидан у бузоқни қайтариб беришини дуо қилиб сўрагин. Унинг белгиси шуки, агар сен унга қарасанг, худди қуёш шуъласи унинг терисидан чиқаётгандек кўринади”, деди. Бузоқ чиройли ва сариқ бўлганидан “олтин суви юритилган” деб номланар эди. Шунда бола ўрмонга бориб, уни ­уйига олиб келди. (У каттариб, сигир бўлган эди.) Онаси: “Сен камбағалсан, кундузи ўтин териб, кечаси ухламай менинг хизматимда бўласан, бозорга бориб, уни сотиб кел”, деди. Ўғли: “Қанчага сотай?” деб сўради. Онаси: “Уч динорга сот, лекин менинг маслаҳатимсиз сотмагин”, деди. У сигирини бозорга олиб борди. Шунда Аллоҳ таоло ўғилнинг онасига бўлган из­зат-ҳурматини ва яхшилигини синаш мақсадида бир фариштани юборди. Фаришта келиб, ундан: “Сигирни қанчага сотасан?” деб сўради. Бола: “Уч динорга сотаман, лекин онамдан розилик олишни шарт қиламан”, деди. Шунда фаришта: “Сенга олти динор бераман, лекин онангдан сўрамайсан”, деди. Бола эса: “Агар вазни миқдорича тилло берсанг ҳам, онамнинг розилигисиз сотмайман”, деди. Шундан сўнг бола уйига бориб, онасига сигирнинг нархини хабар берганида, онаси: “Қайтиб бориб, менинг розилигим билан олти динорга сотгин”, деди. Бола фариштанинг олдига бориб: “Онам олти динордан камга сотмаслигимни айтди”, деди. Фаришта бўлса: “Сенга ўн икки динор бераман”, деди. Бола эса бош тортиб, онасининг олдига қайтиб, бўлган воқеани айтиб берди. Шунда онаси ўғлига: “Одам суратидаги фаришта сени синагани келган. Бориб ундан: “Бизларга бу сигирни сотишни буюрасанми ёки сотмаганимиз яхшими?” деб сўрагин”, деди». Ушбу ривоятда яхши фарзанд она розилигини нечоғли устун қўйиши кераклиги таъкидланган.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм