Мақолалар

Нуриддин Собуний Бухорий

Чоп этилди Sentabr 6, 2019 Нуриддин Собуний Бухорийda fikr bildirishni o'chirish

Олимнинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Собуний Бухорий бўлиб, мотуридийлик мактаби нинг кўзга кўринган вакилларидан. Калом илмига доир китобларда Нуриддин Собуний, “ал-Бидоя”, “ал-Кифоя” муаллифи сифатида зикр қилинган.1

Фахриддин Розий унинг Бухоро шаҳрида “Нур Собуний” номи билан танилганини ёзади. Нуриддин Собуний ҳижрий 580 (милодий 1184) йили вафот этганини инобатга олиб, ҳижрий олтинчи асрнинг бошларида туғилган дейиш мумкин.

Олимнинг фикр ва қарашлари кўплаб манбалардан ўрин олган. У киши калом илмини Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китоби асосида ўрганган.

Нуриддин Собуний умрининг охирида Маккага сафар қилган, Хуросон ва Ироқ шаҳарларида илмий мажлисларда иштирок этган.2

Унинг аҳли илмлар билан олиб борган мунозаралари ҳам диққатга сазовор. Улардан бири Фахриддин Розий билан мунозарадир. Бу мунозара ҳақида Фахриддин Розий ёзиб қолдирган.

Шайх Рашидиддин билан олиб борилган мунозара ҳақида Абул Баракот Насафий “ал-Умда фил эътиқод” китобида зикр қилиб ўтган.

Манбаларда олим учта асар ёзгани қайд этилган. Улар қуйидагилар:

“Ал-Бидоя фи усулиддин”. Бу асар олимнинг “Ал-кифоя фил ҳидоя” китоби мухтасаридир. Асарнинг қўлёзма нусхалари Туркия, Миср ва Испания
кутубхоналарида сақланяпти.

“Ал-Кифоя фил ҳидоя”. Асарнинг қўлёзма нусхалари Туркия, Миср, Босния ва Герцеговина кутубхоналарида сақланади.

“Ал-Мунтақо мин исматил анбиё”. Нуриддин Собуний “ал-Кифоя фил ҳидоя” асарида ушбу китобига ишора қилиб ўтган.3 Демак, бу асар “алКифоя фил ҳидоя”дан олдин ёзилган.

“Ал-Мунтақо” Нуриддин Собунийнинг ўз асари эмас. У Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Яҳё Башоғирий (ҳиж. IV/ мил. X асрда вафот этган)нинг “Кашфул ғавомиз ли аҳволил анбиё” асари мухтасаридир.4

Китобнинг тўртта қўлёзма нусхаси бизгача етиб келган. Уларнинг учтаси Туркияда ва биттаси Қоҳирада сақланади.

 

1 Абдулҳай Лакнавий. Ал-фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия. – Қоҳира: Дорул кутубил исломий, 42-бет.

2 Фахриддин Розий. Мунозорот Фахриддин ар-Розий фи билод Мовароуннаҳр. Муҳаққиқ: Фатҳуллоҳ Халиф. – Байрут: Дор ал-Машриқ, 14-бет.

3 Нуриддин Собуний. Ал-Кифоя фил ҳидоя. Муҳаққиқ: Муҳаммад Оруший. – Истанбул: Марказул буҳус алисломия, 2012. 206-бет.

4 Нуриддин Собуний. Ал-Мунтақо мин исматил анбиё. Муҳаққиқ: Муҳаммад Булут. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 2012. 16-бет

 

Раҳматхон МАХСУМХОНОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан