Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Sentabr 6, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

CАВОЛ: Бир танишим ўғлига “Муҳаммад” исмини қўйибди. Унинг қариндошлари бу исм болага оғирлик қилади, дейишибди. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Фарзандига у табаррук исм қўйилган оилада баракот бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Менинг исмимни қўйинглар! Кунямни қўйманглар. Чунки мен сизнинг ўртангизда (илмни) тақсимловчи қилиндим” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Кўпчилик уламолар бу қайтариқ у зот алайҳиссаломнинг ҳаётлик чоғларига тегишли, дейишган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кунялари “Абул Қосим” эди.

Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг бурчлардан бири. Бола улғайгач, ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунида ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун (фарзандларга) чиройли исм қўйинглар!” деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти). Валлоҳу аълам.

 

CАВОЛ: Бугунги кунда айрим ёш йигитлар орасида сочининг икки ён томонини олдириб, тепа қисмини қолдириб юриш одат бўлган. Шундай қилиш жоизми?

ЖАВОБ: Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазаъдан қайтардилар”, деган. Убайдуллоҳ айтади: «Мен Нофеъдан: “Қазаъ нима?” деб сўрадим. Нофеъ: “У – ёш боланинг сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини ўз ҳолича қолдириш”, деди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уламолар ана шу тарзда соч олдириш макруҳ эканига иттифоқ қилишган ва бу ёш болалар ва катталарга баробар эканини таъкидлашган.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Сочни баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириш макруҳ эканининг сабаби шуки, у ташқи қиёфани бузиш ҳисобланади”, деганлар “Ал-Минҳож шарҳу Саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож”).

Сочни ҳаммасини бирдек олдириш ёки қолдириш керак. Афсуски, бугунги кунда баъзи ёшларимиз ғарбда кенг тарқалган одатга эргашиб, сочининг бир қисмини олдириб, бир қисмини қолдириши урф бўляпти. Мусулмон киши ўзгаларга тақлид қилишдан сақланиши лозим. Валлоҳу аълам.

 

Манбалар асосида  Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво бўлими ходими

Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан