Мақолалар

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) сафар халтасидаги барака

Чоп этилди Sentabr 6, 2019 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) сафар халтасидаги баракаda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир неча хурмо меваларини олиб келдим ва: “Аллоҳ таоло барака берсин, деб дуо қилинг”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни олдиларига тизиб қўйиб, дуо қилдилар ва менга: “Уларни бир халтага[1] солгин. Қўлингни унга киргиз, аммо ҳовучлама”[2], дедилар.

Ундан едим ва қанча-қанчасини Аллоҳ йўлида бошқаларга улашдим. Уни белимга боғлаб, туширмасдан кўтариб юрардим. Ҳазрат Усмон ўлдирилганда у белимдан узилиб, пастга тушиб кетди[3].

Бошқа ривоятда у кишидан бундай келтирилади:

«Исломни қабул қилганимдан сўнг бошимга уч мусибат тушди, бунга ҳеч бир мусибат тенглашолмайди, улар:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотлари, мен у зотнинг саҳобачалари[4] эдим.

Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг ўлдирилиши.

Халта.

“Қайси халта, эй Абу Ҳурайра?” деб сўрашди. “Хурмо солинган халтача”, деди. Мен хурмо солинган халтачани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб келиб, ундаги хурмоларни олдим ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га узатдим. Уларни ушлаб, дуо қилдилар ва: “Ўн кишини чақир”, дедилар. Ўн кишини чақирдим, улар тўйгунларича едилар. Сўнг яна шунчани чақирдим. Хуллас, қўшиннинг бари ундан тўйгунича еди, аммо халтамдаги хурмолар қандай бўлса, шундайлигича турарди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Ҳурайра! Агар ундан бирор нарса олмоқчи бўлсанг, қўлингни киргиз, аммо ҳовучлама”, дедилар. Мен халтадан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётликларида, Абу Бакр, Умар ва Усмон даврида ҳам тўлиқ еб юрдим. Усмон ўлдирилганда қўлимдаги нарсаларга қўшиб, халта ҳам тортиб олинди. Ундан қанча еганимни айтайми?! Икки юз васақдан[5] кўпроқ нарса едим»[6].

 

[1] Теридан тикилган кичик халтача.

[2] Ҳовучлаб олиш назарда тутилган бўлса керак (Тарж).

[3] Ҳасан ҳадис. Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.

[4] Бу таъриф Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг камтарин ва хокисор бўлганларига далолат қилади (Тарж).

[5] Ҳозирги ўлчовда 10.000 кг., яъни 10 тонна бўлади.

[6] Байҳақийнинг “Далоилун-Нубувват” китобидан.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм