Мақолалар

Фарз намозини қасддан тарк қилма

Чоп этилди Sentabr 7, 2019 Фарз намозини қасддан тарк қилмаda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадиси шарифнинг шу қисмида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) банданинг Аллоҳ таоло билан бўлган алоқасини узиб ташлайдиган жуда катта маъсият ва гуноҳдан огоҳлантирганлар. Бу гуноҳ Аллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилиш ҳақидаги буйруғига “Лаббай” деб итоат қилмай, балки қалбим пок бўлса, шу кифоя деган шайтоний васвасага алданиб қолиб, намозни қариганимда ўқийман, деб юрувчи ғофиллар ишидир.

Намозни адо қилиш амр этилган оятлар ва ҳадиси шарифлар жуда кўп бўлиб, уларни кўриб, эшитиб билмаганликка олувчи мусулмонларга Пайғамбаримиздан кўплаб огоҳлантиришлар ривоят қилинган. Улардан бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Биз билан улар орасидаги (аҳд) намоздир”, деган сўзлари айтилади.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши билан Исломда бўлмаган одамнинг фарқи намоз ўқишда экани таъкидланяпти. Яъни, намоз ўқимаса, кофир бўлмайди, лекин катта гуноҳ қилган бўлади. Чунки намоз Ислом дини арконларининг Аллоҳ таолога имон келтиришдан кейинги асосий қисмидир. Мазҳаб уламолари намозни тарк қилувчининг ҳукми ҳақида бир неча хил сўз айтганлар. Уларнинг энг енгилида намознинг фарзлиги эътироф этилган ҳолда, дангасалик сабабли на­моз ўқимайдиган одам фосиқ экани айтилган ва бунга ояти карима ва ҳадиси шарифлардан етарлича далиллар келтирилган.

Динимизда намоз ўқиш ана шундай жиддий таъкидланади. Чунки юқорида айтиб ўтганимиз каби, бандани яратган, йўқдан бор қилган, унга ақл неъматини ато этган Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга, намоз ўқишга буюрган.

Намозни Аллоҳ таоло Исро кечаси Пайғамбаримиз меърожга чиққанларида фарз қилган. Анас (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Исро кечаси Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Аллоҳ таоло тарафидан эллик вақт намоз ўқиш фарз қилинди. Сўнгра камайтирилиб-камайтирилиб, беш вақт бўлди. Сўнг нидо қилиниб: “Эй Муҳаммад, Менинг ҳузуримдаги гаплар ўзгармас, сенга мана шу беш вақт намоз билан эллик вақт намоз савоби берилади”, дейилди».

Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Аллоҳ таоло ўртасида Исро кечаси меърожда бўлиб ўтган воқеа ҳикоя қилиняпти. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эллик вақт намоз фарз қилинганида, у зот ҳазрат Мусо (алайҳиссалом) тавсияси билан Аллоҳ таолога: “Менинг умматларим бунга тоқат қилолмайди”, деб беш вақт бўлгунга қадар қайта-қайта мурожаат этганлар.

Намоз мўминнинг меърожидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бандадан қиёмат куни сўраладиган нарсаларнинг энг биринчиси намоздир. Агар у тўғри бўлса, қолганлари ҳам тўғри бўлади. Агар у бузилса, бошқалари ҳам бузилади”, деганлар. Пайғамбаримиз саҳобаларини доимо намоз ўқишга буюрар эдилар, ҳатто жон бериш арафаси – сўнгги нафасларида ҳам “намозни, намозни… (сақланг…)”, деб такрор-такрор айтганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким намозни доимо сақласа, қиёмат кунида унга нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким уни сақламаса, унга нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам йўқдир. (Бундай одам) Қиёмат кунида Қорун, Фиръавн ва Ҳомонлар билан бирга бўлади”, деганлар.

Намозни тарк қилишнинг қўрқинчли оқибатлари ҳақида инсониятнинг энг ростгўйи бўлмиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга шунча хавф-хатарлар ҳақида айтиб кетган бўлсалар-у, биз яна сусткашлик қиламизми, ёки “намоз ўқимасам ҳам бўлаверади”, деб ўзимизни овутамизми?

Намозни тарк қилиш у ёқда турсин, ҳатто уни ўз вақтидан кечиктирмаслик ҳақида ҳам бир қанча оят ва ҳадислар мавжуд. Жумладан, Қуръони каримда бундай дейилади:

Яъни: “Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар” (Марям, 59). Яна:

“Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини “унутиб” қўядилар” (Моъун, 4–5).

Шунинг билан бирга, намозни Аллоҳ таолога ихлос билан, чин қалб ила адо қилиш ҳам буюрилади. Қуръони каримда:

“Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар…” (Муъминун, 1-,2) дейилади.

Ушбу ояти каримада нажот топувчи мўминларнинг бир қанча сифатлари баён қилинган. Энг аввало, намозларини хушу билан ўқишлари, тавозе ва камтарлик билан туришлари айтилган.

Абдуллоҳ ибн Ашъас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рукуни мукаммал қилмасдан, саждани “чўқилаб” бажараётган намоз ўқувчи бир кишини кўриб қолдилар ва “Агар бу киши мана шу ҳолатида ўлса, Муҳаммад уммати амалларидан бошқа нарса устида ўлган бўлади”, дедилар ва “Рукусини мукаммал қилмайдиган, саждасини “чўқилайдиган” одамнинг мисоли хурмодан бир-икки еб, ҳеч тўймайдиган оч одамга ўхшайди”, дедилар.

Бундан ташқари, намозни жамоат билан ўқишга ҳаракат қилиш керак. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Кишининг жамоат билан адо қилган намози унинг уйида ё бозорда адо қилган намозидан кўра йигирма беш баробар устун бўлади. Чунки у таҳорат қилса ва уни чиройли бажарса, сўнг фақат намоз ўқиш ниятида масжидга чиқса, ташлаган ҳар бир қадами туфайли унинг даражаси кўтарилади ва хатолари ўчирилади...”

Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда айтамиз, ҳар бир одам намозни доимо ўз вақтида, хушу ва хузу билан, иложи борича жамоатда адо этиб бориши керак.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм