Мақолалар

Шижоат керак – Илтижо

Чоп этилди Sentabr 7, 2019 Шижоат керак – Илтижоda fikr bildirishni o'chirish

Шижоат керак

Ибодатда хислат кўп,

Сен ўзинг билолмайсан.

Аллоҳ хоҳиш қилмаса,

Хасни ҳам тиклолмайсан.

 

Зўрни кўрмагансан сен,

Ҳеч качон “мен зўр” дема.

Аллоҳ дилингда бўлса,

Сендан зўр йўқ, ғам ема.

 

Имонинг бутун бўлса,

Йўлларинг кенг очилур.

Зурриёдинг ҳам сенинг –

Ризқинг йўлга сочиқдир.

 

“Бермасанг, ололмайсан”, –

Бу бир эски ривоят.

Ибодатни қиласан

Сенда бўлса шижоат.

 

Ғайбулло МУРОДОВ

Бухоро вилояти Қоракўл тумани

Илтижо

Улуғ Аллоҳ, Ғафур, Раҳим Зот,

Чин дилимдан қилдим эътиқод.

Айлаб икки диёрим обод,

Роҳи ростдан ҳеч адаштирма,

Яхши дўстдан узоқлаштирма.

 

Залолат зиллати дилимни эзар,

Истиғфор айтаман шом ила саҳар.

Тинглагин беназир, жилвагар,

Роҳи ростдан ҳеч адаштирма,

Ҳақсўз дўстдан узоқлаштирма.

 

Маърифат нурлари кўнглим ёритсин,

Зикрим сано дилдан дардим аритсин,

Ҳақни севганларга Ҳақдан нур етсин,

Роҳи ростдан ҳеч адаштирма,

Комил дўстдан узоқлаштирма.

 

Беҳишти жовидон бўлсин хобгоҳим,

Ул Расули акрам бўлсин ҳамроҳим,

Жамолинг кўрсатгил, Раббим, Аллоҳим,

Роҳи ростдан ҳеч адаштирма,

Қодир дўст – Сен, узоқлаштирма…

 

Мамарайим ҚЎЧҚОРОВ

Навоий вилояти Нурота тумани

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан