Мақолалар

Намозни бузмайдиган ҳолатлар

Чоп этилди Sentabr 8, 2019 Намозни бузмайдиган ҳолатларda fikr bildirishni o'chirish

Намоз ўқиётган киши ёзувга қараб уни тушунса; ё тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани амали касир (кўп ҳаракат) қилмасдан ютса ё унинг сажда қиладиган жойидан бирорта (одам, ҳайвон) ўтса, шунингдек, намоз ўқиётган киши ражъий талоқ қилган аёлининг ғализа авратига шаҳват билан қараса, намози бузилмайди. (Аёлини ражъий талоқ қилган киши уни иддасида қайтиб олган бўлади ва бу ҳолда ражъий собит бўлади.) Намоз ўқувчининг олдидан ўтган одам гуноҳкор бўлади.

Намоздаги макруҳлар

Намоз ўқиётган кишининг қуйидаги етмиш еттита таҳримий ё танзиҳий амалдан бирини қилиши макруҳ бўлади:

– намознинг вожиб ёки суннат амалини қасддан тарк этиш;

– кийими ва баданини беҳуда ушлаш;

– сажда жой идаги тошчаларни олиб ташлаш (фақат сажда учун бир марта қилиш макруҳ эмас);

– бармоқларни қисирлатиш;

– қўл панжаларини бир-бирига кийгизиш;

– қиёмда қўлни белга қўйиш;

– бўйнини буриб ёнга қараш (кўксини бурса, намоз бузилади);

– тиззаларини тик қилиб (ит каби) ўтириш;

– эркакларнинг саждада тирсакларни ерга теккизиши;

– енгни шимариб олиш;

– кўйлак кийишга имкони бўлганда фақат иштон (ёки шим) билан намоз ўқиш;

– қаъдада узрсиз чордана қуриб ўтириш;

– эркак киши сочларини тўплаб, боғлаб олиши;

– бош тепасини очиқ қолдириб атрофини боғлаш;

– саждага боришда кийимни олдга йиғиш (шимнинг почасини кўтариш) ё белни боғлаб намоз ўқиш;

– кийимни елкага ёки бошга ташлаб олиб намоз ўқиш;

– енгсиз кийимга ўралиб, қўлларни чиқармай намоз ўқиш;

– кийимнинг бир тарафини ўнг қўлтиғидан ё чап қўлтиғидан ўтказиб, бошқа
томонини иккинчи елкасига ташлаб ўқиш;

– қироатни руку ҳолатида тамомлаш;

– қироатни нафл намозларнинг биринчи ракатида иккинчи ракатидан узун қилиш;

– барча намозлар ва иккинчи ракат қироатини биринчи ракат қироатидан узун қилиш;

– фарз намоз ва бир ракатда битта сурани икки марта ўқиш;

– биринчи ракатда ўқиган сура ёки оятдан олдинги сура ёки оятни иккинчи ракатда ўқиш;

– биринчи ракатда ўқиган зам сурадан сўнг орада бир сура қолдириб, ундан кейинги сурани иккинчи ракатда ўқиш (масалан, биринчи ракатда Наср сурасини ўқигач, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиш);

– хушбўй нарсани қасддан ҳидлаш

– кийим ёки елпиғич билан бир-икки марта елпиниш;

– саждада ва саждадан бошқа ҳолатда қўл ва оёқ бармоқларини қибладан бошқа тарафга қаратиш;

– рукуда икки қўлни тиззалар устида (саждада сонда) тутмаслик;

– эснаш, кўзларни юмиш, осмонга қараш, керишиш;

– оз ҳаракат қилиш (амали қолил);

– бит ушлаб ўлдириш;

– оғиз ва бурунни (бўйинбоғ ва ҳоказолар билан) ёпиш;

– суннатга мос равишда қироат қилишга моне бўладиган эримайдиган нарсани оғизга солиб намоз ўқиш (оғизга оқ қанд каби ширин нарса солиб намоз ўқиса, намози бузилади);

– салла ўрамига (пешонани ерга теккизмай) сажда қилиш;

– жонли нарсанинг расми устига сажда қилиш;

– бурнида узри бўлмаган ҳолда саждада фақат пешонани ерга теккизиш;

– йўл устида намоз ўқиш;

– ҳаммомда, молхонада намоз ўқиш;

– қабристонда намоз ўқиш;

– ўзганинг ерида унинг розилигисиз намоз ўқиш;

– ахлатхонага яқин жойда намоз ўқиш;

– катта ва кичик ҳожат, ел қистаган ҳолатда намоз ўқиш;

– вақти ўтиб кетишидан ёки жамоатга етолмасликдан хавф қилмаганда кийими, жойи ва баданида намоз дуруст бўлишига моне бўлмайдиган

ажосат билан намоз ўқиш;

– бошяланг ва жомакорда намоз ўқиш, ўзини камситиш ва зорланиш ниятида бошяланг намоз ўқиш макруҳ бўлмайди;

– кўнгли тусаб турган таом дастурхонга тортилганида (вақти зиқ бўлмаганда) намозни ўқиш;

– фикрни чалғитувчи, хушуга халал берувчи нарсалар олдида намоз ўқиш;

– намозда оятлар ва тасбеҳларни бармоқ билан санаш;

– фақат имомнинг меҳробдан бир зироъ баландда намоз ўқиши;

– олдинги сафда бўш жой бўлганида, орқа сафда намоз ўқиш;

– жонли нарсалар сурати бўлган кийим кийиш ва унда намоз ўқиш;

– намоз ўқиётган кишининг рўпарасида, тепасида ё орқа томонида жонли нарсаларнинг расми бўлиши. Агар расм кичик ёки катта бўлсада боши кесилган ёки жонсиз нарсаларнинг расми бўлса, макруҳ бўлмайди;

– ухлаётганлар ва олови бор тандир ёки қўра қаршисида намоз ўқиш;

– пешонасига ёпишган зарари бўлмаган тупроқни артиб ташлаш;

– бир сурани белгилаб олиб, ундан бошқа сураларни ўқимай доимо ўша сурани ўқиш;

– олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлган жойда сутра қўймасдан намоз ўқиш.

Ушбу макруҳ ҳолатлар боис намоз бузилмайди, лекин савоби камайиб кетади.

Ҳасан ибн Аммор ШУРУНБУЛОЛИЙнинг «НУРУЛ ИЗОҲ» асари асосида

Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан