Ўзбекистон янгиликлари

Президент мактабларнинг спорт заллари аҳволини танқид қилди

Чоп этилди Sentabr 5, 2019 Президент мактабларнинг спорт заллари аҳволини танқид қилдиda fikr bildirishni o'chirish

Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселекторда Ўзбекистондаги аксарият мактабларнинг спорт заллари қониқарсиз аҳволдалиги танқид қилинди.

Видеселекторда аҳолини, айниқса, ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда, аввало, умумтаълим мактабларидаги шароит, муҳит катта ўрин тутиши таъкидланган. Лекин мактабларда ўқувчилар жамоавий спорт ўйинларига тўлиқ жалб этилмаяпти. 2 мингдан зиёд мактабда спорт заллари йўқ, 3 мингдан ортиғида эса таъмирталаб.

Спортга ихтисослашган мактаб-интернатларда ҳам камчиликлар борлиги айтилган. Хусусан, Тайлоқ, Жиззах, Бухоро, Учқўрғон, Денов туманлари, Наманган, Қарши ва Андижон шаҳарларидаги шундай мактабларда спорт зали, ётоқхона, ўқув бинолари етишмайди.

Болалар-ўсмирлар, Олимпия захиралари ва олий спорт маҳорати мактаблари тренерларининг ойлик иш ҳақи умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчиларига нисбатан деярли 2 баробар паст. Ўз навбатида, тренерларнинг 51 фоизи ўрта махсус маълумотга эга, 2 мингдан ортиқ олий маълумотли мураббийларга эҳтиёж мавжуд.

Олий таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари талабаларнинг қарийб 50 фоизини қамраб олиш имкониятига эга бўлса-да, амалда 21 фоиз талаба-ёшлар спорт тадбирларига қатнашмоқда.

Ўзбекистон бўйича 12 мингдан ортиқ спорт иншооти мавжуд бўлса, уларнинг бир кунлик қуввати қарийб 1,5 миллион кишини ташкил этади. Яъни аҳолига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5 фоиздан ошмайди. Бу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 3,4, Сурхондарё вилоятида 3,5, Андижон вилоятида 3,7 фоиздир.

«Бундай аҳволда спортни қандай қилиб оммалаштириш мумкин?», дея савол қўйган Президент.

Йиғилишда шу каби муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, бунинг учун зарур маблағ ва ресурсларни йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.