Мақолалар

Яратганга рақиб бўлманг!

Чоп этилди Sentabr 8, 2019 Яратганга рақиб бўлманг!da fikr bildirishni o'chirish

Одам савдосига қарши халқаро миқёсда кураш олиб борилётган бўлса-да, бу иллат турли кўринишларда ҳамон инсоният хавфсизлигига рахна солиб келмоқда. Одам савдосидан жабрлаганларнинг аксариятини аёллар ва ёшлар ташкил этиши айниқса, ачинарли ҳол.

Ислом дини пайдо бўлган илк кунларданоқ Арабистон ярим оролида қулликка барҳам бериш ва унга қарши кураш бошланди. Қул озод қилиш ибодат даражасига кўтарилди.

Одамфурушлик инсон ҳаёти, эрки ва ҳуқуқларини поймол, тақдири ва келажагини эса оёқ ости қилади. Уламолар бу масалани тўлиқ ўрганиб чиқишган. Тўрт мазҳаб фуқаҳоларининг барчаси одам савдоси ҳаром тижорат эканига иттифоқ қилишган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик(Исро сураси, 70-оят).

Юқоридаги ояти каримага асосан одам боласини сотиш, унга қиймат белгилаш, ҳадя ёки садақа қилиш ҳаромдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло: “Уч киши борки, мен уларга қиёмат куни хусуматчиман. Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши. Ҳур кишини сотиб, пулини ейдиган киши. Мардикор ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаган киши”, деди», деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф ҳам одамни сотиш ҳаром эканига далолат қилади. Баъзи уламолар: “Ер юзидаги барча инсонлар ҳур, ким унинг ҳурлигини чекласа, қиёматда Жаноби Ҳақ таолога рақиб бўлади”, деганлар.

Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, киёмат куни ҳисоб-китоб қилинишини англаган мусулмон киши бундай катта гуноҳга қўл урмайди. Кишининг диний билимларини ошириш, имонини мустаҳкамлаш орқали одам савдосига қарши курашиш катта самара беради.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти

Маъмуржон ЭРКАЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 14-сонидан