Мақолалар

Хатоларнинг аччиқ меваси

Чоп этилди Sentabr 8, 2019 Хатоларнинг аччиқ мевасиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатлари аҳолиси оила инқирозга учрагани, фарзандлар тарбияси батамом издан чиққани, катталар ва болалар ўртасидаги муносабатлар аслий ўзанидан четга чиқиб кетгани азобини чекяпти. «Оталар ва болалар ихтилофи» деган сохта муаммолар ўйлаб топилиб, тарбия соҳасидаги хатоларни хаспўшлашга ҳаракат қилиняпти. Бу аҳволни тузатиш борасида қанчалаб тадқиқотчилар, олимлар ва сиёсатчиларнинг бошлари қотган.

Шарқ оилаларида эса бу муаммонинг бўлиши мумкин эмас. Чунки бизда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг айтганига қулоқ солиш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақир­ганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф» тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик талаб этилади.

Ислом ахлоқида «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулкдан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, деганидир. Айни пайтда бу, ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлгани ҳолда, мазкур қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас.

Исломий оилаларда улғайган фарзандлар қариб-қартайиб, моддий ва маънавий ёрдамга мухтож бўлиб қолганларида, иншааллоҳ, тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.

Яхши, одобли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё этишади, иззат-икром қилиб, дуоларини олишади. Чунки бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади – ота-онага қилган яхшиликлари эртага ўн чандон бўлиб фарзандларидан ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.

Фарзандига болалигидан яхши тарбия беролмаган, бу муҳим ишга бефарқ қараган оилаларда эса ҳамиша бир муаммо: фарзанд ота-онага умуман буйсунмай қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айтганига кирмайди. Айрим фарзандлар эса ота-онани сўкиш у ёқда турсин, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири ота-онасининг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган…

Хўш, ўзимизга бир савол берайлик: «Бу аянчли воқеаларда ким айбдор?» Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки кўча муҳитига тўнкаб қўя қолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги надомат-тасалли билан овунса ҳам бўлади.

Аммо шуни очиқ тан олиш керак, бола билан ота-онанинг муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган. Нима сўраса, айтгани дарров муҳайё, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай, бажо қилишган. Гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Лекин ота-она қўл қисқалигиданми ёки бошқа сабабдан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолса, улар ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.

Баъзан йиғин ва давраларда суҳбатдошларнинг бола тарбиясига оид баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбияси яхши бўлишининг омилларини ҳар ким ўзича шарҳлайди. Кимдир улуғ муаллимлар тажрибасига кўра тарбия беришни тавсия этади. Бошқаси ота-она аввало ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди. Биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали санаса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни асосий масала, деб билади. Лекин кўпчилик боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Айтилган бу омиллар ҳам керак, лекин аввал таъкид­лаганимиздек, болангизга ҳали туғилмасидан олдин ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амримаҳол! Аксинча, ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.

Ўспиринлик инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу пайтда болаларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларнинг солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: «Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам, унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да, тутуни димоғингни ачитади», деганлар.

Халқимизда: «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар», деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўз­ловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган:

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқи­гиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз(Тавба, 119).

Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо я­шиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Ба­рий (раҳимаҳумаллоҳ) бир куни ёшлар тарбиясига эът­борни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: «Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?» деб савол бердилар. «Ҳосили йиғиб олинади», дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): «Эй йигитлар! Шуни билинглар, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин», деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишувида муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада фарзандларимизни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир», деганлар.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғларида берилган», деган.

Ҳаётда катталар ва болалар ўртасида маълум келиш­мовчиликлар, бир-бирини тушунмаслик, бир-бирига «ғайир­лик» каби ҳолатларнинг бўлиши табиий. Чунки кўп ҳолларда уларнинг ёши ва ҳаётий тажрибаси борасидаги кескин фарқ «ўз ҳукмини ўтказиб» туради. Ота ҳаётда эришган тажрибаси, мавқеи, билими доира­сида фикр юритиб, боласидан ҳам шунга муносиб бўлишни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз бўлганидан отанинг насиҳатини ўз эркига тажовуз сифатида қабул қилади. Ота ўргатганларининг аксини бажаргиси келади. Фитратидан келиб чиқиб, отанинг хатосини у ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган тарзда такрорлашга мажбур бў­лади. Отанинг ўз фарзанди «бу хатоларни такрорламаслиги учун» жон куйдириши самарасиз кетади. Бунда унинг жиғибийрон бўлгани ҳам, бошини чангаллагани, юрагини сийпагани ҳам иш бермайди.

Ёш ва замон орасидаги фарқ боис катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари, тур­муш­га муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто кийиниш, муомала, овқатланиш каби оддий ҳо­лат­­ларда ҳам икки томон кескин фарқланиши мумкин. Бир қарашда арзимас кўринган бу ҳолатлар ҳам баъзан тўқнашувлар омилига айланиб кетади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, фарзандингиз сиз иста­ган­дай кийинмаслиги, сиз ёқтирган овқатни емаслиги, сиз берилиб эшитиб турган мусиқани хоҳламай, «бошқа шўхроғига олайлик», деб илтимос қилиши мумкин. Бу боланинг инжиқлиги ёки «бузилиб кетаётгани», ёхуд қайсарлиги ва итоатсизлиги белгиси эмас, бал­ки унинг ёши ва у яшаётган давр билан боғлиқ ўзига хос эҳтиёжи­дир.

Кўпни кўрган қариялар, тажрибали кишилар билан суҳ­батлашсангиз, бир нарсани такрор-такрор эслатиша­ди: ҳамма даврда ҳам катталар ёшларнинг «бузилиб ке­таётганидан, ҳаётни тушунмаслигидан, ёши улуғлар би­лан муносабатларда бетгачопарлик, қайсар­лик қили­ши­дан» нолиб ўтишади. Гап, албатта, «ҳа, бизнинг дав­ри­миз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди, катталардан ҳайиқиб турар эди» деган надомат тўла оҳангларда якунланади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам, ўз навбатида, катталарни қолоқликда, даврни ва ёшлар­ни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга ури­ниш­да айблашади. Улар ҳам гапни «ҳозирги ёшларга қийин бўлаётгани» ҳақидаги таассуфлар билан якунла­шади.

Тажрибалардан маълумки, фарзанд учун ота-онадан са­доқатлироқ, улардан фидойироқ, меҳрибонроқ дўст ёки улфат топиш қийин. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат ёки бало келганида ҳамма ундан воз кечиб ёки ташлаб кетиши мумкин. Фақат ота-она бундай қилолмайди: фарзанди билан баб-баравар қайғуради, фиғон чекади, ярасига малҳам қўяди. Аммо бу садоқат ва фидокорлик ҳам айрим фарзандларга кўп ҳолларда ёқмайди, уларнинг ортиқча меҳрибончилигидан жаҳ­ли чиқади. Гўё уни ёш бола санаб, ортиқча илтифот кўрсатишаётгандек туюлади. Бошидан мусибати ариши биланоқ яна эски «дўст»ларини излашга тушади. Ота-она эса фарзандининг бу қилиғидан заррача хафа бўлмай, илгаригидан ҳам зўрроқ садоқат ва илтифот кўрсатаверади.

Ота-оналар ўз фарзандлари билан муроса қилиш, уларнинг «кўнглини топиш»да яна бир жиҳатга аҳамият беришлари керак бўлади. Яратган ҳар бир бандасини маълум ёш орасида синов-имтиҳонга солиши бор. Маса­лан, йигирма ёшгача камбағаллик, ўттиз ёшгача фарзанддан қисиш, қирққача ҳаётда ўрнини тополмаслик, элликда бирор касаллик ёки бирор ахлоқсизлик билан имтиҳон қи­лиши мумкин. Ёхуд энг суюмли фарзан­дингиз сизнинг бутун қилган яхшиликларингизга жавобан бирор «исён» ёхуд дилхиралик билан жавоб қайтариши эҳтимол. Чунки у ҳамма нарсага ўз ақли, дунёқараши, феъл-ат­воридан келиб чиқиб муносабатда бўлади, фикр юритади.

Бундай нозик пайтларда бўлиб ўтаётган ишлардан ё бошга тушган мусибатлардан дарров фожиа ясамай, сабр қилишни ўрганинг. Болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини шов-шув қилмай, ундан душман ясамай, ётиғи билан таҳлил этинг. Фиғонингиз фалакка ўрлама­син, ҳасратингиз дунёга сиғмай қолмасин. У билан «дўппини олиб қўйиб» дилдан, самимий «гаплашиб олиш»га урининг. Унинг қалбидаги ҳис-туйғулар, ёш­лик пўртана­лари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганча­лик, ноўрин гумон қилаётга­нин­гиздай ва­ҳимали эмасдир?

Бир журналда тадқиқотчиларнинг ярим ҳазил, ярим чин тарзидаги кузатувларига кўзим тушган эди. Фарзанд­нинг отаси ҳақидаги фикрлари турли ёшда ҳар хил бўларкан: беш ёшда: «Отам ҳамма нарсани била­дилар». Ўн ёшда: «Отам кўп нарсани биладилар». Ўн беш ёшда: «Мен ҳам отамчалик биламан». Йигирма ёшда: «Тўғриси­ни айтсам, отам хеч нарсани билмайдилар». Ўттиз ёшда: «Ҳар ҳолда отам унча-мунча нарсани биладилар». Қирқ ёшда: «Отамнинг фикрини ҳам билсам, ёмон бўлмасди». Эллик ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Олтмиш ёшда: «Қанийди, отам тирик бўлганларида, улар билан маслаҳатлашган бўлар эдим». Болалар билан муроса ва муносабатларда уларнинг бу кайфиятини ҳам инобатга олиш керак бўлади.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш, шу жумладан, гиёҳвандлик офатидан асраш ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда иш раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақл­ли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, ди­ни­га ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кў­рувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бў­лиши мумкин.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихи, Ватанига, она тилига, ўз миллатини улуғлаган сиймоларга, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.

Фарзандлари улғайган сари ота болаларига ва улар тақдирига янада ҳушёрроқ қараши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганида, китобимизнинг олдинги бобларида айтиб ўтганимиздек, фарзандлари­миз­нинг би­ри­га айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва болаларимизнинг илм олишлари ва касб-ҳунар эгаллашларига маслаҳатчи ва ҳамфикр бўли­шимиз даркорли­гини унутмаслигимиз керак. Уларни теварак-ат­рофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бе­фарқлик эмас, балки дахлдорлик руҳида тарбияла­ши­миз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўрга­ти­ши­миз керак бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томон­ла­ма комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқа­раш­га эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи ра­виш­да вояга етказишда, албатта, жамоат ташки­лот­лари, ота-она, маҳалла ва уламо­ларнинг ўрни беқиёсдир. Одоб ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Бугунги техни­ка асрида бизнинг фарзандларимиз ҳар томонлама етук, соғлом, ақл-фаросат­ли ва бахтли бўлишлари керак. Дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни ҳам пухта эгаллаш­лари керак. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистони­мизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарига фахр, кўз қувончи бўлишларини насиб айласин!

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм