Мақолалар

Экилган қирқта хурмо кўчати ўша йили ҳосилга кирди, ҳар бирининг экилган йилида ҳосилга  кириши мўъжизадир

Чоп этилди Sentabr 9, 2019 Экилган қирқта хурмо кўчати ўша йили ҳосилга кирди, ҳар бирининг экилган йилида ҳосилга  кириши мўъжизадирda fikr bildirishni o'chirish

Бурайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида Салмон Форсий бир дастурхон янги узилган хурмо келтириб, олдиларига қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Эй Салмон, бу нима? – деб сўрадилар.

– Сиз ва саҳобаларингизга садақа, – деди.

– Буларни ол, биз садақа емаймиз, – дедилар.

Салмон уларни олиб кетди, эртаси куни яна шунча хурмо олиб келиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига қўйди.

– Эй Салмон, бу нима? – деб сўрадилар.

– Сизга ҳадя, – деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга қараб: “Олинглар, енглар”, дедилар.

Салмон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг елкаларидаги нубувват муҳрига назар солди ва имон келтирди.

Салмон яҳудийлар қўл остида эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни хурмо кўчатларини экиш учун қанча-қанча дирҳамга сотиб олдилар. Салмон ишлади ва сўнг овқатланиш учун кетди. Кўчатларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) экдилар, фақат биргина кўчатни Умар ўтқазди. Хурмолар ўша йили ҳосилга кирди, фақатгина Умар эккан биргина кўчат ҳосилга кирмади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу хурмога нима бўлди?” деб сўрадилар. Умар: “Ё Расулуллоҳ! Буни мен эккандим”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни суғуриб олиб, бошқатдан экдилар ва у кўчат ҳам шу йили ҳосилга кирди» (Ҳасан ҳадис. Имом Аҳмад, Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Ҳоким ривояти).

Бу ҳадисда ўттиз тўққизта мўъжиза бор. Чунки ҳар бир кўчатнинг ўша йили ҳосилга кириши мўъжизадир. Одатда, хурмо камида етти йилдан сўнг ҳосилга киради.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм