Мақолалар

“Сиз тераётган рақам хизмат доирасида” ёхуд мобил телефон одоблари

Чоп этилди Sentabr 6, 2019 “Сиз тераётган рақам хизмат доирасида” ёхуд мобил телефон одоблариda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Ислом – ғоят гўзал дин. Барча замон ва ҳамма маконларга мос. Гўзаллиги шундаки, динимиз ўз таълимотлари билан инсониятнинг бахтли-саодатли яшашини очиқ-ойдин кўрсатиб берган. Шу кўрсатмаларга риоя қилган кишининг қайғуриши у ёқда турсин, ҳатто бир лаҳза бўлса-да, ноқулай вазиятга тушиб қолмаслиги кафолатланган.

Имом Абу Довуд Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар экан”, деганлар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Юқоридаги икки муборак ҳадисни бежиз келтирмадик. Чунончи, бугун кўплаб оилаларга дарз кетиб, Аршнинг ларзага келишига, маъсум гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишига, ўсмирларнинг боши берк кўчага кириб қолиб жиноятга қўл уришига, қизлар баҳорида хазон бўлишига мобил телефон сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Аслида Исломда шахснинг дахлсизлиги юқори даражада ҳимояланган. Бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки тортиб олиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар. Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Бугун бировнинг мобил телефонидаги СМСларга назар солишнинг ҳукми ҳам шундай.

Бутун бошли ўрмоннинг куйиб кул бўлишига бир гугурт донаси кифоя қилганидек, жамиятнинг таназзулга учрашига ҳам арзимас омил ва баҳоналар сабаб бўлаётир. Қолаверса, халқ орасида юриб, уларнинг мурожаатлари, саволларини тинглаб, мобил телефондан тўғри фойдаланилса, кони фойд экани, акс ҳолда, бу матоҳ аср муаммосига айланаётганига гувоҳ бўлдик. Шу боис динимиз таълимоти асосида мобил телефондан фойдаланишнинг тартиб-таомиллари, қоидаларини келтириб ўтишни лозим топдик.

Унутманг:

1) Телефон орқали қўнғироқ қилаётган ҳам одам;

2) рўпарамиздаги одам билан мулоқот қилганда нималарга эътибор қаратсак, телефонга жавоб беришда ҳам шуларни инобатга олиш лозим;

  • бировнинг телефонига эгасининг рухсатисиз тегмаслик;
  • агар эгаси рухсат бермаса, бошқа телефонни “СМС”, “ИМЕНА”, “КОНТАКТЫ” ва бошқа жойларини ўқимаслик ва қарамаслик;
  • беҳуда, манфаати йўқ, динимиз қайтарган нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;
  • шариат ҳукмларига, миллий қадриятларимизга ва давлат қонунларига зид нарсаларни ёздирмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;
  • бировнинг гаплашганини эшитмаслик ва пойламаслик;
  • бировга қўнғироқ қилганда ҳар бир телефон қилишни орасида 4 ракат суннат намозни вақти ўтгандан сўнг лозим бўлса, яна бир бор телефон қилинади. Шу тартибда 3 марта телефон қилинганда ҳам жавоб бўлмаса, бир муддат ўтгандан кейин телефон қилинади;
  • суҳбатдош одам телефонни ўчирмаган бўлса, қизиқиб эшитиб турмасдан, дарҳол телефонни ўчириш;
  • суҳбатдош одамни телефонда вақтини кўп олмаслик;
  • бизга телефон қилинган пайтда ёнимиздагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш;
  • суҳбатдошларингиз, одамлар олдида телефон ўйнамаслик, (айниқса, ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар олдиларида). Чунки бундай қилиш – суҳбатдошга нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик ҳисобланади. Агар зарурат туғилса, суҳбатдошга узрини айтиб, рухсат сўраб телефон билан машғул бўлинади;
  • телефон қилаётган одам: “Ким бу?” демаслиги керак. Балки аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўраш;
  • ота-онасига ўзиникидан яхшироқ ва зўрроқ телефон олиб бериш;
  • ука-сингилларига ҳам телефон олиб бериш;
  • ака-опаларининг телефон сотиб олишга имкони бўлмаса, уларга ҳам телефон туҳфа қилиш;
  • аҳли аёлига ҳам телефон олиб бериш;
  • улар (ота-она, ука-сингил, имконияти камроқ ака-опа ҳамда аҳли аёли)га телефонларини пулларини тўлаб туриш;
  • “Ало?”, “Hello?”, “Ҳа?”, “Алё?”, “Да?” сўзлари билан бирга “Лаббай!”, “Эшитаман”, “Ассалому алайкум”, “Қулоғим сизда” каби миллий қадриятларимизга хос ва мос иборалар бор эканлигини унутмаслик;
  • суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки суҳбатдош билан хайрлашиб, унга яхши тилаклар тилагандан сўнг телефонни ўчириш;
  • ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефонда сўзлашганда ўрнидан туриб сўзлашиш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га телефонда сўзлашганда биринчи салом бериш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га телефон қилганда, улар сўрашларидан олдин ўзининг кимлиги (исми, лавозими)ни айтиб таништириш;
  • суҳбатдошнинг вақтини олмаётганини сўраб, узр сўраш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)дан олдин телефонини ўчирмаслик;
  • телефон қилинган одам телефонни биринчи бўлиб ўчирмаслик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га гудок ташламаслик;
  • агар улар шундай қилган бўлишса, дарҳол уларга қайта телефон қилиш;
  • суҳбатдошнинг рухсатисиз бошқаларга эшитиладиган даражада заруратсиз телефонни овозини баланд қилмаслик;
  • телефон орқали кўриб гаплашиш учун аввал суҳбатдошнинг олдидан ўтиб, унинг розилигини олиш;
  • телефон орқали кўришиб гаплашиш учун суҳбатдошнинг розилигини олишда унга гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;
  • агар суҳбатдош томонидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;
  • агар ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат уларнинг ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш;
  • ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамларнинг рухсатларини олишда уларга ҳам гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини билдириб қўйиш;
  • агар ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, улардан узр сўраш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан сўзлашганда, уларнинг ҳурматларини билиб, ортиқча вақтларини олмаслик;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) телефон қилган бўлишса, бирор узрли сабаб билан телефонни ололмаган одам, дарҳол узр сўраб қайта телефон қилиш;
  • сиз телефон қилган вақтда ҳам бошқалар ола олмаган бўлсалар, улардан асло хафа бўлмаслик;
  • жамоат жой (касалхона, мажлис, масжид, маърака-маросим, таъзия, ишхона, поезд, автобус ва ҳоказо)ларда бўлганда, телефон овозини ўчириб қўйиш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан телефонсиз сўзлашганда, телефон овозини ўчириб қўйиш;
  • улар (ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) телефон қилиб қолишса, ёнимиздагилардан узр сўраб, ким телефон қилаётганини айтиб, телефонга дарҳол жавоб бериш;
  • касалхона ва ҳоказоларда бўлганда, телефонда гапириш тўғри келса ҳам, паст овоз билан сўзлашиш;
  • жамоат жойларда бўлганда шу ердагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш;
  • зарур бўлган ҳолатлар: ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар телефон қилганларида ёки тезкор ҳолатли иш содир бўлганда ва ҳоказо;
  • жавоб берса ҳам четроққа чиқиб, овози пастроқ ҳолда жавоб бериш;
  • ота-онаси, раҳбари, устози, ёши, лавозими юқорироқлар билан сўзлашганда, шулардан бирортаси телефон қилиб қолса, рухсат сўраш, рухсат берсагина гапириш.

Муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш – ҳар бир ОТА УЧУН, ҳар бир ОНА УЧУН бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа!

Ҳозирги даврда ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддат билан авжига чиқаётган замонда, оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган бир онда мазкур сўзлар жаннатмакон юртимизни, муқаддас Ватанимизни, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво, балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак!

Илоҳо, ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари