Дунё янгиликлари

Савдо уруши сабабли Хитойни компаниялар тарк этмоқда

Чоп этилди Sentabr 6, 2019 Савдо уруши сабабли Хитойни компаниялар тарк этмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

 

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши ҳар икки мамлакатдаги бизнес аҳлини саросимага солмоқда. Бошқа давлатлар эса бундан унумли фойдаланиш ҳаракатида, деб ёзади “Америка овози“.

Pedego компанияси бош офисида иш қизғин. Компания электрда юрадиган велосипедларни ишлаб чиқаради. Эҳтиёт қисмларнинг 80 фоизи Хитойдан келарди. Ҳозир ундай эмас.

“Ҳозир 70 фоизи Вьетнамдан, 30 фоизи Тайвандан келяпти”, – дейди компания раҳбари Дон Дикостанзо.

Хитойда ишлаб чиқарилган электр велосипедларга Европа Иттифоқи ҳам тарифларни ошираётган бир пайтда Вьетнамдаги заводларимизни кенгайтирмоқчимиз, дейди Дикостанзо. Ўтган йили АҚШ Хитой маҳсулотларига қўшимча бож қўйганда, у бунга тайёр эди.

“Шу боис ишлаб чиқаришни тезда кўпайтира олдик. Сентябрда тарифлар ошиши билан велосипедларни Вьетнамда ишлаб чиқаришни бошладик. 2019 йил 1 январгача Хитойда умуман заводимиз қолмади; ишлаб чиқариш ва таъминотчиларни тўлиқ Вьетнамга кўчирдик”, – дейди у.

Савдо уруши туфайли Хитойдан кетаётган компаниялар сони оз эмас.

“Энг кўп фойда кўраётган давлатлар – Ветнам ва Мексика. Имконияти кенглиги ва географик жойлашуви бўйича улар ютяпти. Ҳамма уларга ҳавас қиляпти”, – дейди Милкен институти тадқиқотчиси Кевин Клоуден.

2019 йилнинг биринчи ярмида Мексикадан импорт қилинган товарлар ўтган йилга қараганда 6 фоизга кўпайган. Вьетнамдан келган импорт ҳажми эса 33 фоизга ошган.

“Вьетнам ҳукумати кўчаётган заводлар учун шароит яратиб бериш бўйича ажойиб ишлар қилди. Улар ўзларини Хитойга тўғридан-тўғри рақобатчи сифатида кўрсатмоқда, айниқса, нарх масаласида”, – дейди Клоуден.

“Яхши тажриба бўлди. Вьетнамдан янада сифатли маҳсулотлар оляпмиз”, – дейди Дикостанзо.

“Жануби-шарқий Осиёда Малайзия, Таиланд, Индонезия каби давлатлар ҳам фойда кўряпти. Бангладеш ва Ҳиндистон ҳам арзон ишлаб чиқаришни таклиф қилиш салоҳиятига эга”, – дейди эксперт Клоуден.

Лекин глобал иқтисодиётда ишлаб чиқариш тез-тез ўзгариб турадиган бизнес.

“Ишлаб чиқариш муддати маҳсулот умри билан боғлиқ. Кимдир товарнинг янги авлодини яратса, ишлаб чиқариш ўша ерга кўчади”, – дейди таҳлилчи.

Бунинг учун ишлаб чиқариш арзон; иқтисодий ва сиёсий муҳит эса барқарор бўлиши керак.

“Кўплаб компаниялар бозорга яқинлиги ва барқарорлик туфайли ишлаб чиқаришни АҚШга кўчириш ниятида. Бугун АҚШдаги заводларда 20-30 йил олдингига қараганда камроқ одам ишлайди”, – дейди Клоуден.

Келажак заводлари шундай бўлади. Автомат ва роботлар АҚШ ишлаб чиқарувчиларининг рақобатбардошлигини ошириши мумкин.

“Бу роботларга кўп ишлагани учун ортиқча тўламайсиз, улар дам олмайди, 24 соат мунтазам ишлайди. Роботлаштириш ва уларнинг самарадорлиги нархларни тушириши мумкин”, – дейди тадбиркор Дикостанзо.

Дикостанзо велосипед қисмларини 10 йилга тарифлардан озод қилиш талабини олға сураётган коалиция аъзоси. Агар бу таклиф маъқулланса, велосипед ишлаб чиқарувчи заводлар АҚШга қайтиши мумкин.

Халқ сўзи