Слайдер

Ҳар бир юртдошимиз эъзозда

Чоп этилди Sentabr 8, 2019 Ҳар бир юртдошимиз эъзоздаda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло жамият аъзоларининг меҳр-оқибатини синаш учун улардан баъзиларини бир дард билан яратиб, уларга соғу саломат одамларнинг қандай муносабатда бўлишини имтиҳон қилади. Ўзига шукрки, бизнинг давлатимизда ногиронлиги бор инсонлар ҳар доим эътиборда бўлиб келмоқда. Хусусан, имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ марказий масжидларда жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида ташкил этиляпти, “Ўзбекистон” телеканалининг “Имом Бухорий сабоқлари” кўрсатуви сурдо таржимаси билан эфирга узатиляпти, “Ҳидоят сари” студияси ва “Зиё” медиа маркази тайёрлаётган кўрсатувлар ҳам сурдо таржимаси билан намойиш этилиши режалаштирилаётгани, уларга бўлган юксак эътиборнинг намунасидир.

Жорий йилнинг баҳорида пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланган инсонлар учун маърифий мулоқот тадбири ташкил этилиб, Унда кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахсларга Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Вақф» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакиллари қатнашган эди.

Кўзи ожиз шахслар орасида Аллоҳ таборака ва таолонинг исм ва сифатларини билиш юзасидан мусобақа ҳам ўтказилиб, ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг дипломлари ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фондининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланган эди.

“Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳукумат қарорига асосан ногиронлиги бўлган китобхонлар ўртасида «Энг фаол китобхон», «Брайль ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон», «Энг яхши китобхон оила» каби кўрик-танловларни мунтазам ва босқичма-босқич ўтказиб борилмоқда. Шунингдек, Марказий кўзи ожизлар кутубхонасида Брайль ёзувида адабиётлар чоп этиш учун типография ҳамда аудио китоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студиясини очиш режалаштирилган.

Бугун пойтахтимиздаги муҳташам “Versal” тўйхонасида Яшнабод тумани имом-хатиби Муродилло ҳожи Ғойибназар ўғли ва “Меҳрли қўллар” ташкилоти раҳбарлари ҳамкорлигида кўзи ожизлар учун катта хайрия оши берилди. Тадбирни ўтказишдан мақсад – ногиронлиги бор шахслар ҳам жамият ардоғидаги инсонлар экани, уларнинг қалблари асло ўкситиб қўйилмаслигини яна бир бор эслатиш ҳамда уларни қизиқтирган саволларга жавоблар беришдан иборат эди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси олиму уламолари, Ногиронлар жамияти раҳбарлари, ОАВ воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Кўтаринки руҳда ўтган хайрия тадбирида кўзи ожиз юртдошларимиз ўзларини қизиқтириб келаётган кўплаб саволларга қониқарли жавоблар олдилар.