Мақолалар

Муваффақият омили нимада?

Чоп этилди Sentabr 10, 2019 Муваффақият омили нимада?da fikr bildirishni o'chirish

Инсон бирор ишга киришишдан олдин ёки мушкул вазиятга дуч келганда билимли, ақл-заковатли ва кўпни кўрган кишилар билан маслаҳатлашиши зарур. Ақлли кишиларнинг маслаҳати билан ҳар қандай мураккаб масалага яхши натижа топиш мумкин.

Ўзбошимчалик билан иш қиладиганлар хатога йўл қўйиши эҳтимоли юқори бўлади. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида энг юксак ақл-заковат эгаси бўлсалар-да, умматларига намуна ўлароқ, ваҳий нозил қилинмаган масалаларда саҳобаи киромлар билан маслаҳатлашишга буюрилган эдилар: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу илоҳий амрга бўйсуниб, маслаҳатлашиш мумкин бўлган барча ишларда асҳоблари билан кенгаш қилиб, уларнинг фикрларини инобатга олдилар. Саҳобаи киромлар ҳам ҳаётлари мобайнида ушбу суннатга оғишмай амал қилиб яшадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан кўра кўпроқ маслаҳатлашувчи бирор кишини кўрмадим”[1].

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан (муҳтожларга) эҳсон қилурлар(Шўро сураси, 38-оят).

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Ҳеч бир киши маслаҳатлашишдан ҳалок бўлмади (яъни, зарар кўрмади)”[2], дейди.

Доно киши билан маслаҳат қилиш мақсадга эришишга боис бўлади. Искандар Зулқарнайннинг устози бундай насиҳат қилади: “Эй Искандар, ақлли ва доно кишиларни топиб маслаҳатлаш, олийҳиммат кишилардан ёрдам сўра, ҳар бир масала бўйича уни тушунадиган ва унга дахли бор одамлар билан биргаликда ҳал қил, ҳиммати паст кишидан ҳеч вақт яхшилик ҳосил бўлмайди!”[3].

Ҳакимлар етти тоифа киши: нодон, душман, ҳасадчи, риёкор, қўрқоқ, молпараст ва ҳою ҳавасга берилганлар билан маслаҳат қилиб бўлмаслигини айтишади.

Айниқса, диний масалаларни илмсиз, ишончсиз кишилардан сўраш тўғри йўлдан адашишга, турли бидъат-хурофотларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига олиб келади. Жаъфар Содиқ ва Суфён Саврий раҳимаҳумаллоҳ: “Ишинг ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқадиган зотлар билан (яъни, илмига амал қилувчи етук уламолар билан) маслаҳатлаш”[4], дейди.

Шундай экан ҳар қандай масалани аҳли зикрлардан сўрасак, дунёю охиратда муваффақиятга эришамиз, иншоаллоҳ.

 

[1] Тафсири Насафий. Абулбаракот Насафий. 1988 й. 1-жуз, 191-бет.

[2] Исмоил Позорий, “Тафҳимул-мутафаҳҳим ъала таълимил-мутаъаллим лил-имам Зарнужий”, 41-бет.

[3] Абулбаракот Қодирий ибн Муҳаммад Насруллоҳ, “Качкўли Султоний”.

[4] Исмоил Позорий, “Тафҳимул-мутафаҳҳим ъала таълимил-мутаъаллим лил-имам Зарнужий”, 41-бет.

“Мир Араб” олий мадрасаси ўқитувчиси

Асрорхон МАҲМУДОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 14-сонидан