Мақолалар

Закариё алайҳиссалом

Чоп этилди Sentabr 10, 2019 Закариё алайҳиссаломda fikr bildirishni o'chirish

СОЛИҲ ФАРЗАНД СЎРАШ ДУОСИ

Закариё алайҳиссалом кексайиб, суяклари мўртлашди. Шунча йил ўтди ҳамки, эр-хотин тирноққа зор эди. Қарилик азоб бераётган бир пайтда у: “Эй Раббим! Мени ёлғиз ташлаб қўйма (меросхўр фарзанд ато эт!) Сен (Ўзинг) ворисларнинг яхшироғидирсан” (Анбиё сураси, 89-оят), деб фарзанд сўради. Парвардигор унинг илтижосини қабул этди ва одамларнинг гумонини ёлғонга чиқарди.

 

ПАРВАРДИГОРДАН БЕРИЛГАН ИЛҲОМ

Аллоҳ Закариёни илҳомлантирди. У ҳам пайғамбар лардан бири, оқил ва зийрак киши эди. Онаси назр этиб, тоат-ибодатли қизга тансиқ меваларни муҳайё этган Зот соч-соқолига оқ оралаган, аёлининг бепуштлиги умидини сўндирган кекса кишига ўғил фарзанд ҳадя қилишга қодир эканини билдириб қўйди.

Закариё алайҳиссалом ҳаяжонга тушди, ғайрати ошди, орзуси тикланди. Раббисига ишончи ортди. Тилидан дуо тушмасди. Фаришталар унга омин деб туришди. Буларнинг барчаси меҳрибон Парвардигордан илҳом ва Азиз зотнинг тақдирлаши эди. «Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб деди: “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан”» (Оли Имрон сураси, 38-оят).

 

ЎҒИЛ ФАРЗАНД БАШОРАТИ

Аллоҳ Закариёнинг дуо сини ижобат қилиб, унга тез орада туғилажак солиҳ фарзанд хушхабарини берди. Инсон шошқалоқ яратилган. Мана шу ҳодиса юз беришига яқин қолганда, Закариё алайҳиссалом Аллоҳдан бир аломат сўради: «(У) деди: “Раббим, менга (ҳомиладан дарак берувчи) бирор белги бергин”. (Аллоҳ) айтди: “Сенга белги шуки, уч кун имо-ишорадан ташқари одамларга гапира олмайсан. Раббинг зикрини кўп қил ва эртаю кеч тасбеҳ айт!”» (Оли Имрон сураси, 41-оят).

Қодир Зот сўзловчи тилларни соқов қилиб қўйишга, шунингдек, махлуқотларига Ўзи истаганича хусусиятни беришга ҳам, тортиб олишга ҳам қодир.

 

АЛЛОҲНИНГ ҚУДРАТИ ВА МЎЪЖИЗАСИ

Аллоҳнинг қудрати ва мўъжизаси, аввало, Закариёнинг жисмида, сўнг хонадони ва оиласида пайдо бўлди. Ниҳоят, Яҳё туғилди. Закариё алайҳиссалом қувонди. Қувватига қувват қўшилди, даъвати давом этди. Келинглар, энди бу қиссани Қуръондан тинглайлик: «Закариёнинг: “Эй Раббим! Мени ёлғиз ташлаб қўйма (меросхўр фарзанд ато эт!) Сен (Ўзинг) ворисларнинг яхширо ғидирсан”, деб нидо қил ган пайтини (эсланг!) Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ато этдик ҳамда жуфти (ҳалоли)ни ўнглаб (туғадиган қилиб) қўйдик. Дарҳақиқат, улар (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар ҳамда Бизга (барча буйруқларимизга) итоат этувчи эдилар» (Анбиё сураси, 89–90-оятлар).


ЯҲЁ ИТОАТСИЗ БЎЛМАДИ

Яҳё туғилиб, ота-онасининг кўз қорачиғи, отасининг ўрин босарига айланиб, Аллоҳга ва динга даъват қилиш салоҳиятига эга бўлди. Унда кичик ёшлигидан аслзодалик аломатлари намоён бўлди. Ёш бўлишига қарамай, катта қизиқиш билан илм ўрганди. Ота-онасига меҳрибонлиги
билан тенгқурларидан ажралиб турди.

Аллоҳ таоло унга хитобан бундай дейди: «“Эй Яҳё! Китобни (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик. Яна унга Ўз
даргоҳимиздан меҳр ҳамда поклик
(ато этдик) ва у тақволи бўлди. У ота-онасига меҳрибон бўлди, жабр қилувчи, итоатсиз бўлмади. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этадиган кунида ҳам, қайта тириладиган (қиёмат) кунида ҳам салом (омонлик) бўлур» (Марям сураси, 12–15-оятлар).

 

Абул Ҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссалари” асаридан

Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан