Мақолалар

Нил Армстронг Ойдан туриб кимга ва нима учун омад тилаган?

Чоп этилди Sentabr 10, 2019 Нил Армстронг Ойдан туриб кимга ва нима учун омад тилаган?da fikr bildirishni o'chirish

 

 

«Омад ёр бўлсин, мистер Горски!» Бу жумлани «Аполлон-11» кемасининг бошлиғи Нил Армстронг 1969 йил 20 июль куни Ойдан туриб айтган. Албатта, «инсон учун кичкина қадам, лекин инсоният учун жуда катта одим», деган ҳам шу киши бўлади. Ой юзасидаги ишларини битириб, модулга қайтаётган пайти эса НАСА учун кутилмаганда нотаниш бир одамга омад тилайди.

АҚШ фазо тадқиқотлари агентлиги бу жумла қайсидир совет фазогирига аталган бўлса керак, деб тахмин қилади. Лекин аниқланишича, шўро давлатида бундай фамилияли космонавт бўлмайди.

Орадан кўп йиллар ўтди. Журналистлар, жамоатчилик, таниш-билишлар Нил Армстронгдан бу гапнинг эгасини сўрайверишди, у эса шумларча табассум билан изоҳ бера олмаслигини айтаверди.

Ушбу машҳур ремарканинг маъносини Нил Армстронг кексайиб қолган пайти, 1995 йилда журналистларга сўзлаб берди. Чунки мистер Горски вафот этган ва фазогир энди сирни очиши билан ҳеч кимни ранжитмаслигига ишонч ҳосил қилган эди.

Гап шундаки, болаликда Нил Армстронг ўртоқлари билан том орқасида, Горскилар уйининг ётоқхона қисмига яқин жойда кўп бейсбол ўйнарди. Миссис Горски жуда жанжалкаш бўлиб, мудом турмуш ўртоғининг миясини эговлар, болалар буни эшитар эди. Мистер Горски ажрашгиси келар, лекин рафиқаси қонунан изн бермасди. Кунлардан бир кун бейсбол пайти тўп ўша ётоқхона деразасининг тагига бориб тушди. Уни олгани борган бола миссис Горскининг мистер Горскига шанғиллаётганини эшитди: «Буни қачон оласан билансанми, қўшни бола Ойга қўнганда!»

Мистер Горски рафиқасидан нима сўраганини англаб олиш қийин эмас, албатта. Нил Армстронг эса бу шартни нафақат бир умрга эслаб қолган, балки машҳур ҳам қилиб юборган.

 

Музайяна МАШРАБХОН

ЎзА