Дунё янгиликлари

«Ой томон олға!» Ҳиндистон йўқотилган Ой модулини топди ва алоқага чиқишга уринмоқда

Чоп этилди Sentabr 10, 2019 «Ой томон олға!» Ҳиндистон йўқотилган Ой модулини топди ва алоқага чиқишга уринмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Шу чоққача атиги учта давлат Ойга аппарат қўндиришни муваффақиятли уддалай олган  холос. Булар СССР, АҚШ ва Хитой бўлиб, «Чандраян-2» миссияси орқали Ой сатҳига қўндирмоқчи бўлган Vikram ой модули билан Ҳиндистон бу борада тўртинчи бўлмоқчи эди. Бироқ ўтган шанба куни, яъни 7 сентябрь санасида амалга оширилган ҳиндларнинг дастлабки уриниши муваффақиятсизликка учради. Vikram Ой модули пасайишни бошлагач, унинг ҳисоб-китоб бўйича Ой сатҳига оҳиста қўнишига содир бўлиши керак бўлган вақтга бир неча дақиқа қолганда аппарат билан алоқа узилиб қолди. Унинг кейинги тақдири ўтган икки кун мобайнида сўроқ остида қолаётган эди.

Аввалига бу ҳақда Ҳиндистон космик агентлиги расмий маълумот беришга шошилмади. Кейинроқ Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди расмий баёнот бериб, «Чандраян-2» миссиясининг ушбу этапи муваффақиятсизликка йўлиққанини оммага маълум қилган.

Омадсизликнинг сабаби икки хил бўлиши мумкин: 1) аппаратнинг алоқа воситалари ишдан чиққан; 2) у Ой сиртига зарб билан қулаб, пачоқланган.

10 сентябрь куни эса Ҳиндистон космик агентлиги раҳбари К. Сиван берган баёнотга кўра, ҳиндлар Vikram ой модулининг бориб тушган жойини аниқлашга муваффақ бўлган. Гарчи аппарат қай аҳволда экани ҳақида ҳозирча хулоса қилишга эрта бўлса-да, мутахассис аппарат билан алоқани тиклаш мумкинлигига ишонмоқда. Маълум қилинишича, Vikram модулини Ойга элтган «Чандраян-2» космик станцияси Ой орбитасидан туриб аппарат тушган жойнинг термал тасвирини Ерга юборган.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамизки, Ҳиндистон Ойга қўниш дастурини ҳам ўз ичига олган «Чандраян-2» миссиясини жорий йилнинг июль ойида табиий йўлдошимиз томон учирган эди. Vikram ой модулини «Чандраян-2» космик станцияси Ойнинг ҳозиргача кам ўрганилган қисми – Жанубий қутбига етказиб, уни оҳиста қўнишга йўллаб қўйиб юбориши керак эди. Амалда «Чандраян-2» Vikram’ни қўйиб юборгач, бир неча дақиқадан кейин модул билан алоқа тўхтаган. Алоқани тиклаш мақсадида амалга оширилган 38 марталик уринишдан бирортасига модул жавоб қайтармаган.

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг апрель ойида Исроил ҳам Ойга аппарат қўндиришга муваффақиятсиз уриниб кўрган ва оқибатда аппарат билан алоқани йўқотиб қўйган эди.

Бироқ Ҳиндистоннинг «Чандраян-2» Ой миссиясини бутунлай муваффақиятсиз чиқди дейиш ҳам нотўғри бўлган бўлур эди. Сабаби, Ой орбитасида қолган автомат космик станцияда ўрнатилган саккиз хилдаги ноёб илмий асбоб-ускуналар Ой сирти харитасини ва Ойнинг ташқи табиий шароитларини ўрганишда асқотадиган қимматли маълумотларни Ерга узатишда давом этмоқда. Ҳиндларнинг Ойни тадқиқ этиш борасидаги ютуқларига шубҳа билан қарашга ҳам ҳеч қандай асос йўқ. Чунки айнан уларнинг аввалги «Чандраян-1» миссияси табиий йўлдошимиз сиртидан сув молекулаларини аниқлаган эди. Қолаверса, Ҳиндистоннинг космик дастурлар борасидаги энг катта ютуғи сифатида уларнинг бошқа мамлакатлар космик дастурларидан кўра чандон арзонлиги жиҳатини эътироф этиш жоиз. Хусусан, «Чандраян-2» миссияси ҳам «атиги» 141 миллион долларга тушган холос. Бу, масалан, АҚШнинг «Аполлон» миссияларига сарфлаган улкан миқёсли (асл космик масштабли) маблағи олдида ҳеч гап эмас. Ҳолбуки, эришилаётган илмий ютуқлар, олинаётган натижаларнинг қиймати буни тўла оқламоқда дейиш мумкин.

Маълумот учун яна шуни айтамизки, Ҳиндистон 2022 йилда Ойга учувчили аппарат билан парвоз йўллаш режасига ҳам эга. Тайёргарлик эса ҳозир у ерда жуда авжида.

Музаффар Қосимов

Манба: Дарё.уз