Мақолалар

Ҳажарул Асвад тарихи

Чоп этилди Sentabr 11, 2019 Ҳажарул Асвад тарихиda fikr bildirishni o'chirish

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Энди Ҳажарул асвад тошини ўз жойига ўрнатиб қўйиш вақти эди. Шу ўринда Ҳажарул асвад тоши тарихидин бироз маълумот бериб  ўтайлик. Маълум бўлгайки, ҳадисларнинг мазмунларича, Байтуллоҳ ер устига бино бўлган чоғида Аллоҳ таолонинг амри ила Ҳажарул асвад тоши жаннатдин келтирилди. Байтуллоҳни тавоф қилишда бошлаш ўрни белгиланиши учун уни кун чиқиш дўқмушиға (бурчагига) қўйдилар. Жаннатдин янги чиққан чоғида ўз нури билан бутун Ҳарам ҳудудини, яъни Макка шаҳри ва атрофини ёритур эди. Фатрат замонларида, яъни икки пайғамбар ораси [муддат] узоқлашиб, дин йўлидин халқлар адашган даврларида ҳам Байтуллоҳни тавоф қилиш одатлари ташланмаган эди. Лекин уларга Байтуллоҳнинг ҳурмат-одобларини ўргатишга дин олимлари қолмаганликдан, араблар ўз суйганларича тавоф қилур эдилар. Ғусл-таҳорат, сатри-аврат каби диний ишларни халқ унутган эди. Шу сифатлик араб мушриклари, таҳоратсиз эр-хотунлар тавоф қилганларида, одатлари бўйича Ҳажарул асвадга юз-кўз, қўлларини суртишур эди. Мана шу беодобчилик касофатига қолиб кетиб, бу муборак тошдин илгариги ёруғлик нури кўтарилди. Аввалда шамчироғидек оқ нурли бўлиши билан “Ҳажарул асъад”, яъни “Муборак тош” деб аталган бўлса ҳам, у инсонлар касофатидин нурлари сўниб, “Ҳажарул асвад”, яъни “Қора тош” номини кўтарди. Энди бу муборак тош шу сифат билан зоҳирий ҳуснидин ажраган бўлса ҳам, маънавий файзи илоҳийси абадий ўзида боқийдур. . Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Қиёмат кунида Аллоҳ таоло Ҳажарул асвадни кўрар кўзлик, сўзлар тиллик қилиб, бурунги ҳусни жамолига қайтаргай , ихлос ила уни зиёрат қилувчиларнинг имонига Худо олдида гувоҳлик бергай , – дедилар . “Ал-мийсоқ (Қиёмат) кунида ҳамма арвоҳлардин олинган аҳднома Ҳажарул асвадда сақланмишдур”, деган ривоят бордур. Яна онамиз Ойшадин ривоят ҳам бордур.
Пайғамбаримиз:

– Эй мўминлар! Ҳажарул асвадни кўп зиёрат қилинглар. Ани ғанимат билинглар, бир кун бўлурки, одамлар Байтуллоҳни кечалаб тавоф қилурлар, эрталаб турганларида Ҳажарул асвадни топа олмаслар. Чунки жаннатдин чиққан барча нарсаларни Аллоҳ таоло қиёмат олдида яна жаннатга қайтарур, – дедилар.
Мана, Ҳажарул асвад ҳақидаги қисқача маълумот шудур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Ҳажарул асвадни ҳазрати Ибро ҳим Халилуллоҳ қўйган жойларига ўрнатиш керак эди. Ҳажарул асвадни ўз жойига ўрнатиш учун кўтаришни талашиб, Қурайш халқи ўртада жанжал чиқардилар. Ҳар уруғ бу ишда ўзларини бошқалардин ҳақлироқ кўришар эди. Бу тўғрида сўзлари бир жойга тўхтаёлмасдин, келиша олмай охири қилич-найзаларига югуришиб, урушмоқчи бўлдилар. Иш шу жойга етганида, оқил одамлардин ўртага ярашчилар тушди. Бундоғ улуғ иш устида Байтуллоҳ олдида ноҳақ қон тўкишдин сақланай лик, деб ўзлари инсофга келдилар. Оқил орачиларнинг кўрсатишлари ила Бани Шайба дарвозасидин ким илгари кирса, шунинг ҳукмига ҳаммамиз рози бўлайлик, деб қарор чиқардилар.

Шул куни Пайғамбаримиз келмаган бўлиб, бу воқеадин хабарлари йўқ эди. Шу орада Пайғамбаримиз дейилмиш дарвозадин кириб келдилар. Буни кўрган Қурайш халқи ҳаммалари бир оғиздан:

– Ажаб яхши иш бўлди. Чин сўзли, ишончли кишимиз Муҳаммад Амин келди. Бунинг ҳукмига барчамиз розимиз, – дейишдилар. Пайғамбаримиз бу ишнинг тубига тушунгандин кейин елкаларидаги ридоларини ерга ёзиб, Ҳажарул асвадни ридога солдилар, ўн бир уруғ Қурайшдин бирдин киши келсин, Бани Ҳошим уруғидин, мана, мен бўлдим, Ҳажарул асвадни ҳаммамиз баробар кўтариб ўрнига қўяйлик, деб ўн бирлари баробар кўтардилар. Ўз жойига етказганларида Пайғамбаримиз қўллари билан ўрнаштириб қўйдилар. Шунинг билан ўтга сув сепгандек фитна босилди. Пай ғамбаримизнинг бу қилган тадбирларига, мундоқ ақл топганларига барчалари рози бўлишиб, офарин қилишдилар. Бу тадбирлари билан қанча одамлар ноҳақ қонлари тўкилишдин сақланди. Шундоқ бўлиб, бу воқеа ҳам зиёнсиз ўтди.

Энди Пайғамбаримизнинг ёшлари қирққа яқинлашди, ваҳий келишига олти ой чамаси қолганда ҳар турли яхши тушларни кўрар эдилар. Қандоқ туш кўрсалар, ҳеч ўзгармай , шундоқ [ўнгида] келур эди.

Энди бу жойда тушнинг ҳақиқати нима эканини ўқувчиларга тушунтиришни лозим топдим. Чунки туш кўришнинг кўп чуқур ҳақиқати бордур. Агар буни яхши тушуниб билса, бу бизга кў риниб турган табиат оламининг устида яна бир ҳақиқат оламининг борлигини билдирадур. Бунинг билан Худонинг борлик-бирлиги, пайғамбарларнинг сўзлари ҳақ-ростлигига йўл очиладур.

Энди билмак керакким, инсоннинг ҳақиқий руҳи (жони) фан олимлари, табиат олимларининг деганларидек қондин чиққан бир қувват эмас, балки дин олимларининг улуғ раҳбарлари, пайғамбарлар айтганларидек, табиат усти – ҳақиқат оламидин Худо амри билан инсон вужудига вақтлик қўйилган омонат бир гавҳардур. Мана бу руҳ қондин пайдо бўлган руҳ билан бек қаттиқ алоқалик бўлиб, Худо ҳикмати билан шу парда остига яширинганликдин, инсонлар аҳли парда остидаги асрорга етишолмайди. Чунки табиат оламининг ичидаги сирларни текширишда фикр май дони ҳар қанча кенг бўлса ҳам, аммо табиат оламидан устунги диний масалаларда пайғамбарларнинг раҳбарлиги остидагина йўл топилмаса, ёлғиз ақл билан ҳақиқатни топиш имкондин ташқаридур. Шунинг учун бу ҳақда раҳбарлик қилиш учун пайғамбарларни юборди. Мана, инсон ҳақиқати шу гавҳардур. Бу гавҳар азалий эмас, абадийдур. Яъни, бу руҳ илгари йўқ эди, кейин яратилди, демакдур. Энди у йўқолмай, мангу яшайди. Ҳар инсон ўлгандин кейин унинг руҳи дунё даги қилмишига қараб, қилган амалига лойиқлаб белгиланган жойда, яхши бўлса – роҳатда, ёмон бўлса – меҳнатда турадур. Пайғамбаримизнинг: “Инсон қабри жаннат бўстонларидин бир бўстон ёки дўзах чуқурларидин бир чуқурдур”, деган сўзларининг асли ҳақиқати шулдур. Қиёмат куни Аллоҳ таоло инсонларни шу руҳ билан тиргизур. Қуръони каримда дейилган:

“Ва ясъалунака анирруҳи, қулир-руҳу мин амри Раббий ва мо утийтум минал ъилми илло қалийло”нинг маъноси: “Эй Муҳаммад, руҳнинг ҳақиқатини сендин сўрайдилар, сен айтгин, руҳ Парвардигоримнинг амридин пайдо бўлгандур. Сизларга жуда оз илм берилгандир” [Исро, 17/85].

Мана шундин ҳам инсоннинг шу руҳи муроддур. Бу руҳнинг эса арвоҳ олами ила алоқаси бордур. Арвоҳ олами деб фаришталар оламини айтурлар. У руҳнинг асли ватани табиат олами устидаги фаришталар оламидур. Бошқа ҳайвонлардин инсонларнинг фарқи шу руҳ орқали бўлур…

…Руҳ ҳар қанча ёруғ, мусаффо бўлса, кўрган тушлари шунча ёруғ, тўғри чиқар. Мисоли бир кўзгудирким, аксни тўғри кўрсатиш учун унинг сафолик,
дотсиз (мусаффо, зангсиз), юзи силлиқ, сайқали текис бўлиши шартдир. Кўрилган тушлар раҳмоний ва шайтоний бўлиб, иккига ажрайди. Раҳмоний
тушларнинг ҳақиқатлигида ҳеч шак йўқдур. Чунки Пайғамбаримиз айтдилар:
“Мендин кейин ваҳий келиши тўхтатилиб, илми ғайб эшиги ёпилур. Лекин тақволи, пок кишиларнинг кўрган тушлари солиҳ туш бўлиб, тўғри келур” . Яъни, раҳмоний тушлар эса ғайбий ҳодисаларга ишорат бўлур, дедилар. Шунинг учун пай ғамбарлар, авлиёлар, тақволи олимлар, солиҳ мўмин бандаларнинг кўрган тушлари албатта ҳақдур. Қуръони каримда ҳазрат Юсуф (алайҳиссалом)нинг ё шлигида кўрган тушларининг тўғри чиқиши бунга очиқ далилдур.
…Аллоҳ таоло Алмий-соқдаги аҳдини шу руҳлардин олмишдур. Охират кунида ҳисоб-китоб бергувчи, жаннат-дўзахга тушгувчи ана шу руҳлик инсондур. Ҳаммага маълумки, киши тушида ҳар хил нарсаларни, ўлик-тирикларни кўргай . Ўйлаб кўрайлик, кўргувчи, кўринувчи кимдур? Албатта, шулар арвоҳлардур. Буни ҳам билмак керакким, дин ишларида, табиат усти масалаларида ёлғизгина ақлга суянмай, бу ҳақда пайғамбарлар сўзларини асос қилиб тутишлик ҳар бир мусулмон одамга фарздур. Бу оламнинг сирларига ҳеч ким пайғамбарлардек воқиф эмасдур. Инсон оламининг билган нарсалари билмаганлари олдида улуғ денгиздин бир томчи сув мисолидадур. Мўминларга қандоғ улуғ неъматдурким,
дин ишларида, ғай бий имонларида аларнинг йўлбошчилари бир юз йигирма тўрт минг пайғамбарлардур. Бу сўзларни ё згувчи фақир, бошдин ўтган меҳнат кунларимда бир неча кўрган тушларим бордурким, ул тушларим эса энг оғир аҳволда ётган кунларимда Аллоҳ таоло тарафидин бу осий қулига қилган илтифотлари дин улуғ бир башорат эди. Яна асли сўзимизга келайлик. Пайғамбаримизга бу туш кўриш даври олти ой давом этди.

(Давоми бор)

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг

“Тарихи Муҳаммадий” асаридан

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан олинди