Мақолалар

УЧИНЧИ ВАСИЯТ

Чоп этилди Sentabr 12, 2019 УЧИНЧИ ВАСИЯТda fikr bildirishni o'chirish

عن أبي ذر رضي الله عنه قال: قلت: “يا رسول الله ما كانت صحف إبراهيم؟” قال:«كانت أمثالا كلها: “أيها الملك المسلط المبتلى المغرور، إني لم أبعثك لتجمع الدنيا بعضها على بعض ولكني بعثتك لترد عني دعوة المظلوم فإني لا أردها ولو كانت من كافر. وعلى العاقل ما لم يكن مغلوبا على عقله أن تكون له ساعات: ساعة يناجي فيها ربه وساعة يحاسب فيها نفسه وساعة يتفكر فيها في صنع الله عز وجل وساعة يخلو فيها لحاجته من المطعم والمشرب. وعلى العاقل أن لا يكون ظاعنا إلا لثلاث: تزود لمعاد أو مرمة لمعاش أو لذة في غير محرم. وعلى العاقل أن يكون بصيرا بزمانه مقبلا على شأنه حافظا للسانه ومن حسب كلامه من عمله قل كلامه إلا فيما يعنيه”» قلت: “يا رسول الله فما كانت صحف موسى؟” قال: «كانت عبرا كلها: “عجبت لمن أيقن بالموت ثم هو يفرح وعجبت لمن أيقن بالنار ثم هو يضحك وعجبت لمن أيقن بالقدر ثم هو ينصب، عجبت لمن رأى الدنيا وتقلبها بأهلها ثم اطمأن إليها وعجبت لمن أيقن بالحساب غدا ثم لا يعمل”» قلت: “يا رسول الله أوصني” قال: “أوصيك بتقوى الله فإنه رأس الأمر كله”. قلت: “يا رسول الله زدني” قال: “عليك بتلاوة القرآن وذكر الله فإنه نور لك في الأرض وذخر لك في السماء” قلت: “يا رسول الله زدني” قال: “إياك وكثرة الضحك فإنه يميت القلب ويذهب بنور الوجه” قلت: “يا رسول الله زدني” قال: “أحب المساكين وجالسهم” قلت: “يا رسول الله زدني” قال: “انظر إلى من تحتك ولا تنظر إلى من فوقك فإنه أجدر أن لا تزدرى نعمة الله عندك” قلت: “يا رسول الله زدني” قال: “قل الحق وإن كان مرا” قلت: “يا رسول الله زدني” قال: “ليردك عن الناس ما تعرف من نفسك ولا تجد عليهم فيما تأتي وكفى بك عيبا أن تعرف من الناس ما تجهل من نفسك أو تجد عليهم فيما تأتي” ثم ضرب بيده على صدري فقال: “يا أبا ذر، لا عقل كالتدبير ولا ورع كالكف ولا حسب كحسن الخلق”. (رواه ابن حبان في صحيحه والحاكم وقال صحيح الاسناد)

Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ, Иброҳим (алайҳиссалом) саҳифаларида нималар бор эди?” деб сўрадим. «Уларнинг ҳаммаси масаллар эди: “Эй нафсига мағрур бўлган ҳукмдор подшоҳ, мен сени мол-дунё йиғиш учун юбормадим, балки мазлум дуосининг олдини олиш учун жўнатдим, чунки у кофир бўлса ҳам дуосини қабул қиламан. Оқил киши ақли­ни йўқотмаган бўлса, унинг бир қанча вақтлари бўлиши керак: Раббисига муножот қилиш вақти; нафсини ҳисоб-китоб қилиш вақ­ти; Аллоҳ таоло яратган нарсалар ҳақида тафаккур қилиш вақти; тирикчиликка ажратган вақти. Оқил инсон уч нарсадан бошқасига елиб-югурмайди: охират ғамини ейиш; тирикчилигини ўнглаш; ҳаром бўлмаган нарсалардан лаззатланиш. Оқил киши замонасини англаши, ўз ҳолини билиши, тилини тиядиган бўлиши керак. Ким сўзини амалидан деб билса, кам сўзлайди, фақат фойдалисини гапиради”», дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, Мусо (алайҳиссалом) саҳифалари нималардан иборат эди?” дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Ҳаммаси ибратлардан иборат эди: “Ўлимга ишониб, унинг келиши муқаррарлигини била туриб хурсанд юрган кишиларга ажаб­ландим, дўзахга ишониб, кулиб юрганларга ажабландим, тақдир­га ишониб, гердайиб юрганларга ажабландим, бойликни кўриб, аҳли оиласига юзланган ва уни омонат билмай, хотиржам юрганларга ажабландим, ҳисоб-китоб қилинишига ишонган, лекин ҳеч нарсага амал қилмай юрганларнинг ҳолига ажабландим”».

“Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, дедим. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга тақвони васият қиламан. Чун­ки бу ҳар бир ишнинг бошидир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), зиёда қилинг”, дедим. “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингга вазифа қилиб ол, чунки у сен учун ер юзида нур ва осмонда захирадир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Кўп кулишдан тийил, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради ва юздаги нурни кетказади”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Мискинларни яхши кўр ва улар билан бирга ўтир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Ўзингдан пастдагиларга назар қил, сендан устунларга қарама, чунки бу ўзингдаги Аллоҳ неъматларини назарга илмасликнинг бир кўринишидир”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Гарчи аччиқ бўлса ҳам ҳақни сўзла”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, зиёда қилинг”, дедим. “Ўзинг ҳақингда инсон­лардан билиб олишингда фойда бор ва сенга келадиган нарсаларни улардан топа олмайсан. Ўзинг ҳақингда билмаган нарсаларни ин­сонлардан эшитишинг сенга айб сифатида кифоя қилади ва сенга келадиган нарсаларни уларда кўрасан”, дедилар.

Сўнгра у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан кўк­симга уриб: “Эй Абу Зарр! Тадбир каби ақлли иш йўқ, тийилиш каби тақво йўқ ва чиройли хулқ каби насаб йўқдир”, дедилар (Ибн Ҳиббон ва Ҳоким “Саҳиҳ”ларида ривоят қилган).

Бу васиятдан Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) илмга нақадар қи­зиқувчан эканини кўриш мумкин. Илмга қизиқиши, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббати у кишини мана шундай савол сўрашга, такрор-такрор “зиёда қилинг”, дейишга ундаган. Бу кишининг исми Жундуб ибн Жунода Ғи­форий, куняси Абу Зарр бўлган. Исломга энг аввал кирган саҳобаларнинг бешин­чиси ҳисобланади. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Ҳандақ жангидан кейин Мадинага ҳижрат қилади. Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га байъат қилган улуғ са­ҳобалардан бўлган Абу Зарр (ро­зияллоҳу анҳу) одатига кўра эртаси учун емак сақламайдиган зоҳид киши бўлган. Бу улуғ саҳоба Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жами 281 та ҳадис ривоят қилган. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Ус­мон (розияллоҳу анҳу) халифалиги даврида, 32 ҳижрий санада, Рабазада вафот этган.

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) юқоридаги васиятда ўтган пай­ғамбарларнинг, шу жумладан, Иброҳим ва Мусо (алайҳимас­са­лом)га нозил қилинган саҳифалар ҳақида ва улар мазмунига қи­зиқиб, Муҳаммад Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан сўради. Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳим (алайҳис­са­лом) саҳифалари мисолларга, Мусо (алайҳиссалом) китоби эса, иб­рат­ларга тўла эди, дедилар ва улардан баъзи мисол ҳамда ибрат­лар­ни айтиб бердилар. Бу мисоллар ва ибратлар кишини Раббига янада яқин бўлиш ҳамда шонли ўтмишни ўрганиш, нажот ва хотиржамлик йўлини излашга ундайди.

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً وَحَدِّثُوا عَنْ بني إِسْرَائِيلَ وَلا حَرَجَ وَمَنَ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мендан бир оятни бўлса ҳам етказаверинг ва Бани Исроилдан ривоят қилаве­ринг, ҳечқиси йўқ. Ким қасддан менинг номимдан ёлғон гапирса, жо­йини дўзахдан тайёрлаб қўйсин”, деганлар.

Кунлардан бир кун Халифа Маъмун вазири Ҳасан Солдан сўра­ди: “Биздан олдин ўтганларнинг сўзлари бизга ҳужжат — йўллан­ма бўляпти. Биз унга кўра амал қиляпмиз. Бунинг сири нимада экан?” Вазир: “Агар улар чиройли сўз ва ишонарли далил бўлмага­нида, бизгача етиб келмасди. Яхши бўлгани учун ҳам биздан олдингилар кўриб, ишониб қабул қилган… Бу шуни кўрсатяпти, аждодла­римиз яхши, рост ва қатъий сўзларни айтган”, деб жавоб қилди. Жавоб­дан кўнгли тўлган халифа Маъмун: “Яхши сўз айтилган жойида қолмас, асрлардан ошар, ҳеч қачон толмас”, деди.

Демак, мўмин кишининг ҳар амали, иши фақат яхшилик бўли­ши, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига оғиш­май амал қилиши, ўз билганларини бошқаларга еткази­ши лозим. Бу ўринда тарихдан турли ибратли қисса ва ҳикоялар келтирилиши сабаби ҳам шунда. Юқоридаги васиятнинг матнида ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га Иброҳим (алайҳиссалом) ва Мусо (алайҳиссалом) га тушган саҳифа ва китоблардаги мисоллар, ибратли воқеалардан баъзиларини айтиб берганлари бизга сабоқ бўлади.

Шу ўринда “Пайғамбарлар отаси” деган шарафли номга сазовор бўлган улуғ пайғамбар Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ҳаётлари ва умматини тавҳидга даъват этганини айтиб ўтиш лозим.

 

ИЛМ-ФАН ЮТУҚЛАРИ МАЪНАВИЯТГА ХИЗМАТ ҚИЛСИН

XXI аср замондош ёшлар ҳаётига сезиларли ўзга­ришлар билан кириб келди. Ўтган аср болалари мактаб, турли тўгараклар ва спорт марказларига чопган ҳамда вақтини шу каби машғулотлар билан мазмунли ўтказган бўлса, бугунги ёшларнинг қизиқиши бошқача. Энди уларнинг кўпчилиги интернет кафелари, техника воситалари сотиладиган жойлар, компьютер ўйинлари марказларига интилмоқдалар.

Улар интернет тармоғига уланиш, янги ахборотларни олиш ва ўзаро дисклар, флешкалар, ахборотларни сақлаш, ташиш воситаларидан имкон борича тез фойдаланишга ҳамда қизиқиши доирасидаги дўстлари билан янгиликларни ўртоқлашишга шошилмоқда. Замонавий технологиялар, бир қанча вазифалар ва қулайликларга эга уяли телефон, интернет, турли мавзулардаги видео­фильмлар туширилган дисклар ҳозирги ёшларнинг диққат марказида.

 

УЯЛИ ТЕЛЕФОН ТАЖОВУЗИ

Баъзи ота-оналарга мурожаат қилсак, фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефондан бемалол фойдалана олишини кўриб, хурсанд бўлишини айтади. Лекин уларнинг кўпи болалари телефон орқали нималар билан машғуллигини билмайди, тўғрироғи, назорат қилмайди. Болакай эса қўлида телефон, истаган, қизиққан маълу­мотларини ўртоқларидан кўчириб олиши ва ундан “завқ­ланиши” мумкин. Шу тариқа, телефонга тушган ҳар хил бемаъни, ёшига мос бўлмаган маълумотлар ҳам боланинг онгини заҳарламоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда уяли телефон орқали ҳаёсиз фильмларни тайёрлаш ва тарқатиш тез ривожланмоқда. Ҳозир ҳатто интернет ҳам ҳаёсиз ва зўравонлик акс этган фильмлар, тасвирларни тарқатишда уяли телефондан ортда қолмоқда. Бу эса дунё мамлакатларини жиддий ташвишга соляпти. Қатор давлатлар жамиятда, айниқса, ёшлар орасида одоб-ахлоқ меъёрларининг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кескин чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда. Хитой ҳаёсиз маҳ­сулотларни нафақат интернет, балки телефон орқали тарқатишга қарши кенг қамровли кураш ҳаракатларини бошлаб юборди. Австралияда эса ҳаёсиз маҳсулотларнинг интернет, қўл телефонлари ёки бошқа воситаларда тарқатилиши қатъий тақиқланиб, бу борада махсус қонун қабул қилинган.

Мактаб ўқувчиларини тармоққа улашда аппаратнинг турига қараб, белгиланган меъёрлар асосида фақат оддийларига улаш керак. Яъни, уларда камера, диктофон, флеш карта, “bluetooth” бўлмаслиги керак. Ўқувчиларга фақат кириш-чиқиш қўнғироқларини қабул қилувчи ва хабар йўлловчи аппаратлардангина фойдаланишга рухсат бериш лозим.

 

ИНТЕРНЕТ ЁВУЗЛИК ТЎРИМИ?

Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтирола­ридан бири. Катта-кичик, ҳар ким унинг хизматидан фой­даланиши мумкин. Бироқ гап ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўрт-беш яшар бола ҳам компьютердан бемалол фойдаланиши, эртадан-кечгача “автопойга” ўйнаши ёки “жангари фильм иштирокчиси”га айланиши мумкин. Бир қарашда бунинг ёмон жойи йўқ­дек. Боланинг уқуви кучаяди, кўпроқ ахборот олади. Бироқ бу нарса одат тусига кирса, нохуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Агар ўтган асрнинг 90-йилларида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва теле­кўр­сатувлар кўриш бўлса, айни кунда компьютер ва интернет олдинги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди. Ҳозирги замон ёшлари қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳа­қида сўз юритганида, спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компьютер технологиялари ва интернетга бўлган қизиқишларини биринчи ўринда тилга олади.

Сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошмоқда. 2007 йил Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. 2010 йил дунё тармоғида 10 миллион ёшлар “сайр қилган” бўлса, ҳозир уларнинг сони аллақачон 15 миллионга етган. Кундан-кунга интернетдан фойдаланувчи оилаларнинг фарзандлари сони кўпаймоқда. Бундай ёшларнинг катта қисми – 4,5 миллиондан ортиғи Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширишади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат орқали мулоқотда бўлишади. Германияда ҳозирча 3 миллиондан ва Францияда 1,5 миллиондан ортиқ ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади.

Яна бир муҳим маълумот: “Болаларни асрайлик” (Save the Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтказган сўровномалар натижасидан маълум бўлдики, АҚШдаги 15-17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади.

Дарҳақиқат, бугун интернетдан фойдаланувчиларнинг деярли барчаси ёшларни ташкил этади. Тадқиқотлар натижаларидан шу маълум бўлдики, ҳозир мактаб ёшидаги болалар ҳам интернетдан тобора эрта фойдаланишмоқда.

Ёшларнинг интернетдан фойдаланиши ҳақида сўз юритар эканмиз, юқорида тилга олинган ҳолат – интернетдаги танишувлар, SMS, чатларга тўхталиб ўта­миз. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай интернетаро ёзишув­лар ёшлар ўртасида бугун кенг оммалашиб бормоқда, аста-секинлик билан чатга кирган ёшлар асосий вақтини ёзишмаларга сарфлаб, SMSларга, бу орқали интернетга муккасидан кетмоқда. Америкалик тадқиқотчиларнинг огоҳлантиришларича, SMSга бундай муккадан берилиш ўсмирлар соғлиғи, шунингдек, хулқ-атвори билан ало­қадор бўлиши мумкин экан.

Тадқиқот ўтказилган ёшлардан 20 фоизи SMSга “ўта муккасидан кетганлар” тоифасига кириб, кунига 120 дан кўпроқ хабар жўнатар экан. Улар орасида, шунингдек, спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, гиёҳвандлик ва шаҳвоний амалларга берилиш ҳам кўп учрар экан. Интернетдаги ижтимоий тармоқларда кунига уч соатдан кўпроқ “ўтирган” ўсмирлар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Ушбу тадқиқот шундан далолат берадики, SMSга, интернет ижтимоий тармоқларига бе­рилиб кетиш ҳолатини назардан қочириш ўсмирлар соғ­лиғига хавфли таъсир ўтказиши мумкин. Ана шу ҳолат SMS ё интернет ижтимоий тармоғидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланувчиларнинг ичкилик ва тамакига кўпроқ берилиб кетиши сабабларига ҳам ойдинлик киритади.

НОҚОНУНИЙ ДИСКЛАР САВДОСИ

Глобаллашув илм-фан, техника тараққиётини жадаллаштириш билан бирга, афсуски, инсоний тушунчаларга, эзгу қадриятларга зид бўлган “оммавий маданият” ни­қоби остидаги иллатларнинг кучайишига ҳам хизмат қилаётгани сир эмас. “Оммавий маданият” бизнинг ўз­лигимизга, эзгу анъаналаримизга рахна солишга уринаётгани кишини ташвишлантиради. Айрим кимсаларнинг мўмай пул илинжида шарм-ҳаёсизлик, лоқайдлик, ваҳшийлик, бир сўз билан айтсак, ёвузликни тарғиб қилувчи дисклар савдоси билан шуғулланаётгани барчамизни сергак торттириши керак. Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкор­ликда муайян ишлар олиб борилмоқда.

Ёшлар ўртасида учраётган иллатларнинг пайдо бўли­ши ва илдиз отишида ноқонуний дисклар савдосининг кучли таъсири бор. Бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш, кино-видео маҳсулотларини ёзиш, ижарага бериш ва сотиш бўйича фаолиятни тартибга солиш мақ­садида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Киновидео маҳсулотларни ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда бу борадаги тартиб-қоидалар аниқ белгиланган.

Кино-видео маҳсулотларнинг ноқонуний савдоси, айниқса, бозорлар, аҳоли гавжум масканларда кўпай­моқда. Айрим бозорлар маъмурияти, мутасадди идораларнинг бу ҳолатларга эътиборсиз қарашига йўл қўйиб бўлмайди.

Фарзандларимизни турли таҳдидлардан, хусусан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги мафкуравий хуружлардан асраш, уларга тўғри йўл кўрсатиш учун ҳаммамиз, ҳар биримиз доимо ҳушёр, огоҳ ва сезгир бўлишимиз керак.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм