Мақолалар

ШИФО БЕРГУВЧИ – ЯГОНА

Чоп этилди Sentabr 12, 2019 ШИФО БЕРГУВЧИ – ЯГОНАda fikr bildirishni o'chirish

“Дард берган Аллоҳ давосини ҳам беради”, дейишади. Хасталик келганида, энг номдор ҳозиқ табиб ва шифкорлар жон куйдирса ҳам,  қимматбаҳо ва ноёб дори-дармон ёки муолажа усуллари қўлланса ҳам, Яратганнинг Ўзи шифосини бермаса, дарддан фориғ бўла олмайсиз. Бу фикрнинг ҳақлигига далиллар кўп.

Шифохонада ётган дўстимни кўргани бордим. Бехабар қолган эканман,  анчагина дард тортибди. Айтишларича, шифокорлар унинг касали жиддий экани ҳақида оиласидагиларни ҳам огоҳлантиришибди.

Бемор ётган хонага киришимиз билан унга қараб ўтирган аёли: “Келинглар, фақат чарчатиб қўйманглар”, деб чиқиб кетди. Каравотда қимир этмай ётган қадрдонимнинг қоқ суягу териси қолган муздек қўлини тутганимда, баданимга титроқ киргандек бўлди. Доим гурсиллатиб қадам босиб юрадиган алпкелбат йигит бир ҳовучгина бўлиб қолганди, “Аҳмаджон, тузалиб кетармикинман?” деди у аранг. “Аллоҳ шифосини берса, албатта тузалиб кетасиз. Ўғил-қизларингизни ўзингиз уйлаб-жойлайсиз. Фақат Аллоҳдан сўранг, шифо беришига чин дилдан ишонинг”.

Хизмат юзасидан икки ҳафта сафарда бўлиб, қайтиб келишим билан дўстимнинг қаердалигини билиш учун уйига қўнғироқ қилдим-у, бирданига нима дейишни билмай қолдим. Чунки гўшакдан дўстимнинг овози келарди: гаплари аниқ-тиниқ, кайфияти кўтаринки,  касал одамга ўхшамайди. “Яхши ўзинг телефон қилиб қолдинг, – деди у. – Дарднинг давосини бергани шукронасига эҳсон қилаётгандик. Вақтинг бўлса, кел”. Гапнинг рости, уйига боргунча ҳам “Мен билан сўзлашган дўстимнинг ўзими ёки бировми?” деган иккиланишда эдим. Қадрдоним дарвоза олдида кулиб кутиб олди.

Турли даражадаги касалликларни бошидан кечирган кишиларнинг айтишларича, улар аввал замонавий тиббиётга, халқ табобатига, ҳаттоки экстрасенс каби усулларга ҳам мурожаат этишган. Фақат дард берувчининг Ўзидан чин дилдан шифо сўраганларидан кейингина руҳий ва жисмоний енгиллик ҳис қилганлар, тузала бошлаганлар. Зеро, инсон аъзоларини дақиқ қилиб яратган Зот унинг касалликларига ҳам шифо воситаларини яратиб қўйибди. Лекин… дардга йўлиққанда бошқа омиллар иш бермай қўйгандан кейингина Буюк Ҳакимни эслайдиганлар ҳам оз эмас.

Касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлса-да, асли бир моҳиятга бориб тақалади: Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақтида ёки бир умрга хасталиклар билан имтиҳон қилади. Айниқса, Ўзи суйган бандаларига касаллик, оғриқларни кўпроқ беради. Киши Яратгандан соғлик-саломатлик тилаш баробарида, бунинг учун ўзи ҳам ҳаракат қилиши зарур. Покизалик, меъёрида еб-ичиш, фаол ҳаракатда бўлиш, ичиш-чекиш ва гиёҳвандлик каби зарарли одатлардан сақланиш, табиатдан узилмаслик, яъни Аллоҳ бардам-соғлом яшашимиз учун восита қилиб қўйган неъматлардан меъёрида баҳраманд бўлишнинг аҳамияти ҳам катта. Ниятларни эзгу, феълни кенг қилиб, бўлар-бўлмасга асабийлашмаслик дардни осон енгишга ёрдам беради. Шифога шукроналик ҳаётга, атрофдаги одамларга меҳр-муҳаббатингни оширади, икки дунёда юзингни ёруғ қилади.

 

Турдибой ҚУДРАТОВ

Навоий вилояти Хатирчи тумани 

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 14-сонидан