Мақолалар

Эзгуликнинг мукофоти фақат эзгулик

Чоп этилди Sentabr 13, 2019 Эзгуликнинг мукофоти фақат эзгуликda fikr bildirishni o'chirish

Жўшқин маърифий маърузалари, файзли телесуҳбатлари, илму одоби ила эл ичра ҳурмат қозонган сиймо Анвар қори Турсунов самимий қалб эгаси, ҳазрат Алишер Навоий ижодига муҳаббатли, дилкаш инсон эди. У киши самимий лутф билан: “Ҳаммангизни яхши кўраман”, деган сўзни кўп ишлатар эди.

Анвар қори Турсунов 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Яшнобод туманида туғилган. 1966-1976 йилларда тумандаги 198-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. 1981 йили Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини битирди. Устозлари Абдулазиз қори, Субутой Долимов ва Алоуддин Мансур таълимини олган эди.

Меҳнат фаолиятини 1981-1984 йилларда «Ёшлик» журналида бошлаган. 1984-1987 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясида, 1987-1989 йилларда эса Тошкент шаҳридаги Абдулла Қаҳҳор уй музейида илмий ходим бўлиб фаолият юритган. 1989-1994 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир вазифасида ишлаган. 1994-1999 йилларда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани «Янгиобод» жоме масжиди имом-хатиби бўлган. 1999 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритган.

Анвар қори маърифатли инсон эди. 1989–1992 йилларда илк бора юртимизда Қуръони каримнинг маънолар таржимаси тайёрланиб, бу ишни Шайх Алоуддин Мансур домла амалга оширди. Таржима “Шарқ юлдузи” журналининг йигирма учта сонида, йигирма уч ой давомида босилди. Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги таржимаси илк марта шу журналда чоп этилди.

Бир суҳбатда ажиб воқеа тафсилотини баён этган эди: «“Туш кўрибман, баланд жойга чиқмоқчи ва у ердан нодир нарсани олмоқчи бўлибман. Ҳар қанча уринмайин, у ерга қўлим етмабди. Шунда ногоҳон бир нурли сиймо келиб, оёқларимдан кўтарди ва муддаом ҳосил бўлди. Эртаси куни масжидга кирсам, намозда сафнинг бир четида турувчи, камсуқум киши олдимга келиб, ийманибгина деди: “Кеча Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор кўмак бермаганларида, ололмас эдингиз-а?” Ҳайратдан донг қотдим. Мен тасаввуф дарсида эдим. Авлиёлар мангу ҳаёт эканларига, оддий одам ҳам авлиё бўлиши мумкинлигига иқрор бўлдим…»

Анвар қорининг эзгу ниятлари кўп эди. У Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз – Қуръони каримни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти) мазмунли муборак ҳадисни ўзига дастуриламал қилиб яшади.

Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг “Асбоб ун-нузул” (“Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабаблари”) китобини маҳорат билан арабчадан ўгирди. Шу билан бирга, “Фазилатлар китоби”, “Инсон – мураккаб зот” асарларини чоп эттирди. Беш юздан ортиқ диний-маърифий мақолалар муаллифи бўлди.

Анвар қори “Ҳидоят сари” ва “Насойимул муҳаббат” телекўрсатувларида бошловчилик қилди. У чинакам нотиқ эди, исталган пайтда, исталган ўринда мавзу доирасида эркин гапира олиш қобилияти бор эди. Кўп китоб ўқир эди. Ҳар гал шахсий кутубхонасига кирганимда, ҳайратга тушар эдим. Энг катта бойликлари ҳам, дил дўстлари ҳам, орттирганлари ҳам китоб эди.

Зукко ва донишманд инсон Анвар қори эндигина 60 ёшга кирганида оламдан ўтди. У киши: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир» (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят) мазмунли илоҳий каломни кўп такрорлар эди.

Аллоҳ раҳматига олсин!

Суюндик МУСТАФО НУРОТОИЙ

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан