Мақолалар

АЙЁШ ИБН РАБИА

Чоп этилди Yanvar 17, 2019 No Comments

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоздан сўнг: “Ё Аллоҳ, Айёш ибн Рабиа, Салама ибн Ҳишом, Валид ибн Валидга нажот бер. Ё Аллоҳ, заиф мусулмонларга ёрдам бер. Ё Аллоҳ, золимларга жазо бер. Ё Аллоҳ, уларнинг йилларини худди Юсуф (алайҳиссалом) йиллари каби (баракали) этгин”, дея дуо қилардилар».

 

Айёш ибн Абу Рабиа (Амр) ибн Муғийра Маҳзумий Қураший. Куняси: Абу Абдураҳмон. Бир қавлда Абу Абдуллоҳ дейилган. Абу Жаҳл ибн Ҳишомнинг она бир иниси. Абдуллоҳ ибн Абу Рабианинг туғишган акаси. Шоир Умар ибн Абу Рабианинг амакиси. Холид ибн Валид амакисининг ўғли. Онаси: Умму Жалос (Асмо бинти Маҳраба). Хотини: Асмо бинти Салама.

Айёш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Арқам ибн Абу Арқамнинг уйига кирмасларидан олдин имонга келди.

Маккада: Абу Жаҳлга укаси Салама ва она бир укаси Айёш мусулмон бўлгани хабари етди.  Дарҳол уларни чақиртирди ва: “Мен Муҳаммадга қарши турсам-у, улар ичида аҳлим бўлса. Диндан қайтаришни икковингдан бошлайман”, деб уларни кишанлаб қўйди. Воқеа ерида Умар ибн Хаттоб (имонга келмасидан олдин) ҳам бор эди. Абу Жаҳл: “Эй Умар, мана бу дўстларинг, оч-наҳор, хору зор қолишини истамасанг, уларга тушунтир”, дея ташқарига чиқиб кетди. Умар ибн Хаттоб Айёшга:

– Ўша куни Макка водийсида Муҳаммаднинг дини мағриб ва машриққа ёйилиши, Форс ва Рум салтанатига ғолиб бўлиши, Муҳаммад ҳақ билан ботил орасини ажратиши, одамларни атрофига йиғаётганини айтганингда, сендан шубҳаландим. Лекин акаси Абул Ҳакам, амакиси Валид ибн Муғийра ва яқин дўсти менман, бундай бўлиши мумкин эмас, дея гумонимни тарқатдим – деди.

– Худди жоҳилиятдаги каби Исломда ҳам яқин дўстим бўлишингни умид қиламан. Шундай бўлади, иншоаллоҳ – деди Айёш.

– Сен Муҳаммад динидасан, мен эса ашаддий душманиман. У ҳақ билан ботилнинг ўртасини ажратади, деяпсан. Ўзингни ҳақ, мени эса ноҳақ деб билар экансан, қандай дўст бўлишимиз мумкин?

– Эй Умар, мендан кўра ақллироқсан, ростгўйсан. Ичинг ташинг билан бир. Сенда улуғ хулқлар жамланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  “Мен улуғ хулқларни комил қилиш учун юборилдим”; яна: “Одамлар олтин-кумуш конлари кабидир. Агар улар Исломни қабул этсалар, жоҳилиятдаги яхшилари Исломдаги яхшиларидир”, деганлар. Мен сенинг соф олтин кони эканингни биламан. Ақлинг, хулқинг фақат яхшиликка бошлашини истайман. Агар мусулмон бўлсанг, жоҳилиятда қандай эсанг, Исломда ҳам пешқадам бўласан. Балки янада юксаласан. Биз сенга ва барчамиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га тобе бўламиз.

Айёш қанча уринмасин, дўсти унинг сўзига қулоқ солмади.

Имом Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) тафсирида ёзади: «Одамлар: “Имон келтирдик, дейишлари билан синалмаган ҳолларида қолдириламиз”, деб ўйладиларми?!» (Анкабут сураси, 2-оят). Ибн Аббос ва бошқалар айтишди: “Ушбу ояти карима Маккадаги мушриклар томонидан азобланаётган Салама ибн Ҳишом ва Айёш ибн Рабиа, Валид ибн Валид, Ёсир оиласи, Бани Махзум қабиласидан бир неча мусулмонларга тасалли ўрнида нозил бўлди. Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг мўминларни ҳам имтиҳон қилишига далилдир”.

Орадан кунлар ўтди. Ниҳоят Айёш ва Саламани кишандан озод қилишини сўраб, оналари зор йиғлаб келишди. Абул Жаҳлнинг кўнгли юмшаб, укаларини ҳижрат қилмаслик шарти билан қўйиб юборди.

Мадинада: Айёш ибн Рабиа оиласи билан Ҳабашистонга ҳам бориб яшаган эди. У ерда ўғли Абдуллоҳ туғилди. Сўнг Маккага қайтди. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб Исломни қабул қилгач, иккиси бирга Мадинага ҳижрат қилишди ва Қубога келиб тўхташганида ушбу воқеа юз берди: «Абу Жаҳл ва Ҳорис ибн Ҳишом Айёш ибн Абу Рабиа ортидан Мадинагача боришди. Айёш Абу Жаҳлга: “Нега ортимдан бу ергача келдингиз? Сиз билан кетмаслигимни ва бу ерда ҳукмингиз ўтмаслигини биласиз! Дарҳол қайтинг”, деди. Абу Жаҳл айтди: “Онам сени кўрмагунича сочи тароқ кўрмаслиги, қуёшда туришини айтди. Шуни етказгани келдим”. Айёшнинг онасига меҳри жўшиб, надомат чека бошлади. Шунда ҳазрат Умар: “Эй Айёш, қавминг сени динингдан чиқаришни истайди, холос. Эҳтиёт бўл. Агар онангнинг сочига бит тушса, сочини тарайди. Қуёш қиздириб юборса, ўзини салқинга олади”, деб огоҳлантирди. Абу Жаҳл: “Ака-укалар орасига тушяпсанми?” деганида ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “У менинг биродарим”, дея жавоб берди. Сўнг Айёш ҳазрат Умарни бир чеккага тортиб: “Менимча, акам алдамаяпти. Онам мени яхши кўради. Бориб тинчлантиришим керак. У ерда молим ҳам бор, олиб келаман”, деди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Биласан, қавмимнинг энг бой кишилариданман. Молимнинг ярмини бераман. Аҳдингдан қайт”, деди. Айёш: “Бораман ва ишимни Аллоҳга топшираман”, деди қатъий. Шунда ҳазрат Умар: “Қарор қилган бўлсанг, наслдор туямни ол. Лекин бирор нарсадан шубҳалансанг, дарҳол ортга қайт”, дея уни йўлга кузатиб қўйди.

Маккага етай дейишганда Абу Жаҳл: “Туямда қийналиб кетдим. Мени уловингга мингаштириб олмайсанми?” деди ялиниб. Айёш (розияллоҳу анҳу) рози бўлиб туясини чўктирди. Шу вақт Абу Жаҳл унинг қўлларини боғлаб қўйди”» (Ибн Ҳишом). Ибн Исҳоқ (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Улар тонгда Маккага кириб келишган. Ўшанда Абу Жаҳл: “Эй аҳли Макка, мана бу ақли паст билан қилган ишимизни кўринг. Сиз ҳам ақли пастларингиз билан шундай қилишингиз мумкин”, деб бақирди».

Бадр куни Абу Жаҳл ўлди. Ўғли Икрима (Исломни қабул қилмасидан олдин) амакилари Айёш ва Саламани тутқунликда сақлашни давом эттирди. Бу ҳол Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) амри билан Валид ибн Валид (розияллоҳу анҳу) уларни озод қилмагунича давом этди. Тутқунликдан сўнг барчалари Мадинага келишди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларига қадар шу ерда қолишди.

Айёш ибн Рабиадан ўғиллари Абдуллоҳ ва Ҳориса, Ибн Умарнинг мавлоси Нофеъ Абдураҳмон ибн Собит ҳадис ривоят қилган.

Вафоти: Ҳубайб ибн Абу Собит (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ҳориса ибн Ҳишом, Икрима ибн Абу Жаҳл, Айёш ибн Абу Рабиа (розияллоҳу анҳум) Ярмук куни оғир яраланиб йиқилишди. Ҳориса сув сўради. Унга сув келтиришди. Икрима қараб турганини кўриб: “Буни Икримага беринглар”, деди. Икримага Айёш ибн Абу Рабиа қараб турганди. Икрима: “Буни Айёшга беринглар”, деди. Шундай қилиб, барчалари қаттиқ чанқаб турганига қарамай, бир қултум сувни ҳам бир-бирларига илинишди ва ҳеч бири сув ичмай, учови ҳам шаҳид бўлишди».

Мужоҳид  (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқалар: “Айёш ибн Рабиа (розияллоҳу анҳу) Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) замонида, ҳижратнинг ўн бешинчи йили Шомда вафот этди. Бир ривоятда Ямомада, яна бир ривоятда эса Ярмукда шаҳид бўлган, дейишади. Маккада вафот этган, деганлар ҳам бор” дейишади.

Манбалар асосида

Исмоил НУРИИМОН

тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan