Мақолалар

ҚУРЪОН – МУШК СОЛИНГАН ХАЛТА МИСОЛИ ЭКАНИ ҲАҚИДА

Чоп этилди Sentabr 13, 2019 ҚУРЪОН – МУШК СОЛИНГАН ХАЛТА МИСОЛИ ЭКАНИ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир гуруҳга ёшроқ саҳобийни амир қилиб, уларни сафарга тайин қилдилар. Улар эса сафарга чиқмадилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан бирини кўриб қолиб: “Эй фалончи, сенга нима бўлди, жўнаб кетмадингми?”, дедилар. У: “Эй Аллоҳнинг расули! Амиримиз оёғидан шикоят қилаяпти”, деди. Набий соллаллоҳу (алайҳиссалом)нинг ўзлари унинг олдига келиб ёки бир кишини унга жўнатиб: “Аллоҳнинг исми ва Аллоҳнинг мадади ила бошлайман. Аллоҳнинг иззати ва қудратини васила қилиб, ундаги нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман (Бисмиллаҳи ва биллаҳи ва аъузу биъиззатиллаҳи ва биқудротиҳи мин шарри маа фийҳаа)”ни етти марта айтдилар ва у киши тузалди. Шунда, қавм Расулуллоҳга: “Ичимизда энг ёши кичик бўлишига қарамай, уни бизга амир қилиб тайинлайсизми?”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг тиловатини зикр қилдилар. У йигит: “Топшириқни бажара олмасликдан қани энди қўрқмаганимда эди!”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръон бамисоли усти боғланган миски бор халтага ўхшайди. Агар уни очсанг, Қуръон тиловати каби мискнинг ҳиди ҳаммаёққа таралади, мабодо ёпиқлигича қолдирсанг, қалбдаги Қуръон каби бир жойга қўйилган миск бўлади”, дедилар.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан марфу тарзда ривоят қилади: «У зот: “Бу илиб қўйилган мусҳафлар сизларни алдаб қўймасин. Ҳа, албатта, Аллоҳ Қуръонни сингдирган қалбни асло азобламайди”, дедилар».

Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Борди-ю, Қуръон ошланган терида (ўралган) бўлганида, уни олов куйдирмас эди”, дедилар».

Абу Абдуллоҳ деди: “Пок ҳолатда ушлаш, таҳорат ила тиловат қилиш, намоздан бошқа пайтда суянмай, қадни тик кўтариш, амир ҳузурига кирганда кийиладиган  каби кўркам либосларни кийиш, қиблага юзланиб тиловат қилиш кабилар Қуръони каримнинг ҳурмати ҳисобланади. Бундан ташқари, таҳорат асносида мисвок ишлатиш, хилол қилиш ва хушбўйланиш ҳам шулар жумласидандир”.

Абу Саламадан ривоят қилинади: “Абул Олия Қуръони каримни тиловат қилса, салла ўраб, кийим кийиб, кўркам бўлиб, қиблага юзланиб олар эди. Мабодо балғам туфласа, оғзини чайиб олар эди”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “У кишининг олдида Савр бўлар эди. У томоқ қоқиб балғам туфласа, оғзини чайиб, сўнг зикрни бошлар эди”. Эснаганда қироатдан тийилиш Қуръони каримнинг ҳурматидандир. Зеро, қироат Аллоҳга муножот ва хитобдир. Эснаш эса, шайтондандир. Қироатни бошлашда истиъоза айтиш ва сураларнинг аввалида ёки келган жойидан ўқишда басмала айтиш ҳам Қуръон ҳурматига киради. Бир сурани ўқишни бошлаган киши орада бошқа нарсалар билан чалғимай охирига етказиши ҳам Қуръон ҳурмати ҳисобланади. Шунингдек, заруратсиз оятлар орасида тўхтаб гаплашиш керак эмас. Имкони борича, одамлардан холи жойда Қуръон тиловат қилиш зарур. Чунки одамлар билан аралашиб қироат қилганда, улар билан ора-орада гаплашиш ёки саволларга жавоб беришга тўғри келиб қолади ва бу – айтилган истиъозанинг азаматини кетказади. Тажвид қоидаларига риоя қилиб, тартил билан тиловат қилиш, ўқиётган оятларни тушуниш, жаннат ваъдаси берилган оятларга тўхталиб, Аллоҳ фазлидан сўраш, ваъийд оятларида тўхталиб Аллоҳнинг паноҳини сўраш, зарбулмасал оятларни тадаббур қилиш, ғаройиботларини қидириш, ҳар бир ҳарфнинг ҳаққини тўла адо қилиш Қуръони каримнинг ҳурматидир. Чунки ўқилган ҳар бир ҳарфга ўнта савоб бўлади. Қуръон тиловатини тугатгандан кейин Аллоҳни тасдиқ қилиш ва илоҳий ваҳийни Расулуллоҳ етказганига гувоҳлик бериш ҳамда Қуръонни ҳақлигини иқрор қилиш ҳам тиловат ҳурматига киради. Одатда Қуръон тиловатидан кейин қуйидаги сўзларни айтиш урфга кириб қолган: “Раббимизни тасдиқлайман, Расулинг етказди ва биз унга шоҳид бўлдик. Аллоҳим, бизларни ҳаққа гувоҳ ва тўғри йўлда қилгин”. Бу айтилганидан кейин Қуръон ва ҳадисда келган дуолар ўқилади.

Қуръон тиловатида у сурадан бир-икки оят, бу сурадан бир-икки оят ўқимай, бир сурани тўлиқ ўқиш лозим. Чунки Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни Қуръон оятларини у ердан, бу ердан ўқиётган Билол (розияллоҳу анҳу) олдидан ўтиб: “Тўлиқ сура-сура ўқигин”, дедилар ёки шунга ўхшаган сўз айтдилар. Қуръони каримни очиқ ҳолатда қолдирмаслик, устига бошқа китоб ёки нарса қўймаслик, қўлида ушлаб ёки ёстиққа ўхшаган бирор нарса устига қўйиб ўқиш, лавҳдаги Қуръон оятларини тупук билан ўчирмаслик ҳам унинг ҳурматидандир. Лавҳдаги Қуръон оятларини сувда ўчирса бўлади, лекин сувни оёқ остига ёки нажосат ўринларга тўкмаслик лозимдир. Олдинги салаф олимлар лавҳдаги оятлар ювилган сувдан шифо мақсадида фойдаланганлар. Қуръон оятлари битилган саҳифа нам бўлиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уни оёқости бўлмайдиган жойларга кўмиб қўйиш ёки сувда ёзувни буткул кетказиш жуда яхши амалдир. Киши ҳар куни камида бир маротаба Қуръони каримга назар солиб ўқишни одатга айлантириши даркор. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу): “Раббимнинг аҳди, яъни Қуръони каримга ҳар куни бир марта назар солмасликдан ҳаё қиламан”, деб айтар эдилар. Билингки, кўзнинг ҳам, қулоқнинг ҳам Қуръони каримга нисбатан ҳаққи бўлади. Шунинг учун киши Қуръондаги кўз ва қулоқнинг ҳаққини бериши лозим. Чунки кўз нафсга элтувчи восита бўлиб, нафс билан қалб орасида қандайдир тўсиқ бўлади. Қуръон қалбга жойлашади. Ким уни чин қалбдан ўқиса, қулоқ уни тинглаб, нафсга элитади. Борди-ю, Қуръонга қараб тиловат қилса, кўз билан қулоқ, уни нафсга элитишда шерик бўлади ва тугал етказиш амалга ошади. Натижада кўз ҳам, қулоқ ҳам Қуръони каримдан ўз насибасини олган бўлади.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўзларингизга ибодатдан ўз ҳаққини беринглар”, дедилар. Шунда саҳобийлар: “Эй Аллоҳнинг расули! Унинг ибодатдаги ҳаққи нима?”, дедилар. У зот: “Мусҳафга қараш, унда фикр юритиш ва ибратли қиссалардан ибрат олиш”, дедилар».

Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматим ибодатининг афзали Қуръони каримга қараб тиловат қилиши”, дедилар».

Дунё ишларига рўбарў келганда Қуръони карим  оятларини унга мослаб таъвил қилмаслик, унинг ҳурмати ҳисобланади.

Иброҳимдан ривоят қилинишича, у дунё ишларига дуч келганда Қуръони каримни унга мослаб таъвил қилишдан ҳазар қилар эди. Таъвил – бу мисол учун ҳузурингизга келган кишига “Тоҳо” сурасининг 40- оятини “сўнгра (пайғамбарлик учун белгилаб қўйилган) муддат бўйича (бу ерга) келдинг, эй Мусо!”, деб ўқиб беришингиз ёки олдингизга таом қўйилганда (Жаннат аҳлига): “Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверинглар” (Ҳоққа, 24) оятини ўқишингиздир.

Сураларнинг номини айтишда “Наҳл сураси”, “Бақара сураси”, “Нисо сураси”, деб айтмай, “унда фалон нарса зикр қилинган сура” тарзида айтиш ҳам Қуръон ҳурмати ҳисобланади. Таълимдан истисно равишда оятларни бўлиб-бўлиб, узуқ-юлуқ ўқиш Қуръонга нисбатан ҳурматсизликдир. Одатда бундай йўл билан қориларнинг маҳорати синалади. Қироат қилишда ғулувга кетмаслик, қўшиқчилар каби оҳангга солиб ўқимаслик, насронийларнинг оҳанги ва яҳудийларнинг мақомига солмаслик ҳам Қуръон ҳурматига киради. Чунки буларнинг барчаси тўғри йўлдан тойилишдир.

Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни араб оҳанги ва совтида ўқинглар ва ошиқлар, аҳли китоблар оҳангига солишдан сақланинглар. Чунки мендан кейин бир қавм чиқади, улар Қуръонни қўшиқчилар, роҳиблар, йиғичи аёллар каби нақорат билан ўқийдилар ва (Қуръон) уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди”, дедилар».

Қуръони каримни хатга туширганда ҳарфларни ингичка қилиб ёзиш ҳам унинг ҳурмати ҳисобланади. Ривоят қилинишича, Абу Ҳакийма Куфада Қуръони каримни хатга туширар эди. Бир куни Али (розияллоҳу анҳу) унинг ҳузуридан ўта туриб, унинг ёзувига кўзлари тушиб: “Қаламингни ингичкалаштир”, дедилар. Шунда қаламни олиб, у ёқ-бу ёғидан кесиб, сўнгра ёздим. Али (розияллоҳу анҳу) тик туриб, ёзувимга қараб туриб: “Ҳа, худди шундай. Аллоҳ Қуръонни нурга тўлдиргани каби сен ҳам нурга тўлдир”, дедилар.

Абу Абдуллоҳ деди: “Али ибн Муборак Абу Ҳакиймадан, у Али (розияллоҳу анҳу)дан мазкур ривоятга ўхшашини нақл қилган. Қуръонни жамоавий бўлиб ўқилаётганда, бири иккинчисидан овозини кўтариб юбормаслиги ҳам Қуръонни эҳтиром қилишга киради. Чунки бундай қилинса, тингловчиларга ноқулайлик юзага келади. Қуръон қироатида тортишиб, бири иккинчисининг қироатини инкор қилмаслиги лозим. Чунки инкор қилинган қироат қорилар орасида мақбул қироат бўлиб чиқса, Аллоҳнинг каломини инкор қилган бўлиб қолади. Аллоҳ бундан Ўзи асрасин”.

Қуръони каримни бозорларда, ақли пастлар ҳузурида ва бекорчи гап-сўз билан инсонлар банд бўлиб турганда ўқимаслик керак. Аллоҳ таоло бундай инсонлар ҳақида шундай деган: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) … беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтарлар” (Фурқон, 72).

Қуръони каримнинг ҳурматига Қуръонни ёстиқ сифатида бошига қўймаслик, унга суянмаслик, бир-бирига улоқтирмаслик ва мусҳафни ҳаддан зиёд кичик қилмаслик кабилар киради. Иброҳим Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «У: “Мусҳафни кичик ҳажмли қилишдан қайтарди”».

Қуръонни унга алоқадор бўлмаган нарсалар билан қориштирмаслик, тилла билан безамаслик ёки тилла суви билан ёзмаслик керак. Чунки ким бундай қилса, Қуръони каримни дунёга қориштириб ташлаган бўлади.

Муғирадан ривоят қилинади: “Иброҳим мусҳафни тилла билан безашни ёки уни тиллада ёзишни ёки оятларнинг бошланишига тилла билан белги қўйишни ёки Қуръон ҳажмини кичрайтиришни ёқтирмас эди”.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Масжидларингизни безасаларингиз, мусҳафларингизни зийнатласаларингиз, албатта устиларингизга ҳалокат келади”».

Абу Усмон Наҳдийдан ривоят қилинади: “Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) усти кумуш билан безатилган мусҳафни кўриб шундай дедилар: “Ўғрини қизиқтиряпсизларми, аслида унинг зийнати ичида-ку”.

Қуръон оятларини ерга ёки деворларга ҳам ёзмаслик керак. Аксарият янги барпо этилаётган масжид деворларига Қуръон оятлари битилади. Бу айни Қуръон ҳурматига тўғри келмайдиган ҳолатдир.

Муҳаммад ибн Зубайрдан ривоят қилинади: “Умар ибн Абдулазизни таъкидлашича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (бир куни) ерга ёзилган жойдан ўта туриб ҳузайллик бир йигитга: “Бу нима”, дедилар. У: “Аллоҳнинг Китобидан. Уни бир яҳудий ёзди”, деди. Шунда, у зот: “Буни қилган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Аллоҳнинг Китоби ҳурматини ўз ўрнига қўйинглар”, дедилар.

Муҳаммад ибн Зубайрнинг таъкидлашича, Умар ибн Абдулазиз ўғилларидан бирини Қуръон оятларини деворга ёзаётганини кўриб, уни урган экан. Қуръони карим ояти ёзилган қоғозни шифо талабида ювиб, уни баданига оқизмоқчи бўлса, нажосат ўринлари, оёқости бўладиган жойлардан четроққа ўтиб ёки сувга тушиб, кейин уни устидан қуйиши керак. Акс ҳолда Қуръон ҳурматини тўккан бўлади.

Қуръони карим хатмонасининг одобига, Қуръон аввалидан бошлаб 5 ёки 10 оят бошлаб қўйиш киради. Чунки бунда Қуръони каримни яна бошидан охиригача ўқишга ишора бордир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг расули амалларнинг қайсиниси афзал?”, деди. У зот: “Саёҳатчининг ҳолини лозим тутгин”, дедилар. У: “Саёҳатчининг ҳоли қандай?”, деди. У зот: “Соҳиби Қуръон Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, сўнг яна аввалидан бошлайди, яъни бир жойга тушса, яна бошқа жойга жўнаб кетади”, дедилар».

Қуръон оятларини туморга ёзиб, сўнг ҳожатхонага у билан кирмаслик Қуръон одоби ҳисобланади. Лекин устига тери ёки кумуш қопланган бўлса, бундан мустасно. Чунки бунда Қуръон гўё қалбда турганга ўхшайди. Қуръон оятини қоғозга ёзиб, ичишда ҳар нафасда басмалани айтиш ва ниятни дуруст қилиш лозим. Зеро, Аллоҳ ниятга қараб бандани тақдирлайди.

Абу Жаъфардан ривоят қилинишича, кимнинг қалбида қасва, яъни гуноҳдан қолган доғ бўлса, “Ёсин” сурасини заъфарон билан ёзиб, сўнг уни ичсин. Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ)дан қилинган ривоятда шундай дейилган: “Қуръонни ёзиб, сўнг унинг сувини касалга ичиришнинг ҳеч қандай зиёни йўқ”.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёсин” сураси Тавротда “Муъимма”, деб аталган. “Муъимма нима?”, дейилди. У зот: “Соҳибини дунёю охират яхшилигига мўл-кўл қиладиган, дунёю охират зиёнларини аритадиган ва охират даҳшатларини йироқлаштирадиган нарса(га муъимма дейилади). “Ёсин” ўз соҳибидан ҳар қандай ёмонликни даф қилиб, ҳожатини раво қилгани учун “дофиъ”, “қодия”, деб ҳам аталади. Ким уни ўқиса йигирмата (нафл) ҳаж (савоби)га, эшитган киши эса, Аллоҳ йўлида минг динор хайри эҳсон қилган киши (савоби)га эга бўлади. Уни (қоғозга) ёзиб ичган киши қорнига мингта даво, мингта нур, мингта ишонч, мингта баракот ва мингта раҳмат киради ва ундан ҳар қандай чанқоқлик, касаллик чиқиб кетади”, дедилар».

Абу Абдуллоҳ деди: Ёсин сураси ўз соҳибига мазкур нарсаларни етказишга лойиқдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У Қуръоннинг қалби”, деганлар.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир нарсанинг қалби бор, Қуръоннинг қалби Ёсиндир. Ким уни ўқиса, гўё Қуръонни ўн маротаба ўқиб чиқибди”, дедилар». Қалб бутун жасаднинг ҳукмдори бўлганидек, Ёсин сураси ҳам барча сураларнинг султонидир. Унда динга доир барча нарса мавжуддир. Аллоҳ уни икки ҳарф, яъни “ё” ва “син” билан бошлади. Ёсинда барча хайру баракотлар мужассамдир. Шориънинг ўзи Ёсинни Қуръоннинг қалби, барча сураларнинг султони ва Қуръони каримнинг мазмунини ўзида акс эттирувчилигини таъкидлаган. Бу борада Қутайбанинг ибн Луҳайъадан қилган ривоятини “Намоз китоби”да баён қилдик.

Абу Саид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Мени зикрим ва Қуръон қироати кимни Мендан сўраш банд қилган бўлса, бас, унга сўровчиларга берган нарсамнинг афзалини бераман. Аллоҳ таолонинг каломини бошқа сўзларга нисбатан фазли Аллоҳ таолони махлуқотларга нисбатан фазли кабидир”». Аллоҳнинг каломини тўлалигича иҳота қилиб бўлмайди, худди бандаларга нисбатан  Аллоҳнинг фазлу карамини иҳота қилиб бўлмаганидек. Бундай бўлишига Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи эканлигидир.

Амр ибн Динор (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг етмишта саҳобийси билан учрашдим. Улар:
“Аллоҳ – Холиқ, Ундан ўзгаси махлуқдир. Лекин Аллоҳнинг каломи бундан мустасно. Чунки у Аллоҳнинг каломи ва Унинг ўзига қайтади”, дедилар».

Товус (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда Аллоҳнинг каломидан маҳбуброқ нарса билан Аллоҳга яқинлаша олмайди”, дедилар».

Суфён Саврий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Қуръон қироати зикрдан афзал, деб эшитганман”, деди.

Абу Абдуллоҳ деди: “Мазкур айтилган гап жуда тўғри. Чунки зикр банда томонидан ихтиро қилинган нарса бўлса, Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир. Банда Қуръони каримни тиловат қилганида Раббисининг каломини ва махлуқ бўлмаган нарсани ўқийди. Унинг ўзига яраша таровати, файзу баракоти ва кўркамликдан иборат ёпинчиғи бор. Зикр банда томонидан ихтиро қилингани боис унда шундай ёпинчиқ йўқ. У бандалар томонидан тузилгани учун Аллоҳнинг каломига асло тенг келмайди. Жумладан, Аллоҳ таоло Ўзининг каломи ҳақида шундай деган: «Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмаслар”» (Исро, 88).

Валид ибн Муғира Қуръони каримни илк эшитган пайтда: “Уни шеъриятдаги ражазга, ҳазаж ва қаридга таққослаб кўрдим, у уларга ўхшамайди. У на сеҳр ва на коҳиннинг сўзи. Унда нафислик ва ҳаловат бор. Унинг пастки қисми серунум, устки қисми мевалидир. Бу башарнинг сўзи эмас”. Бу қалб илмидан холи бўлган нафс илми билан тафаккур юритган кишининг сўзидир. Унинг қалби ғилофда, ботини эса бутунлай йўқликка маҳкумдир.

Муҳаммад ибн Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Қуръон Аллоҳдан ўзга барча нарсадан афзалдир. Қуръони каримни бошқа сўзларга нисбатан улуғворлиги худди махлуқотларга нисбатан Аллоҳнинг улуғворлигига ўхшайди. Ким Қуръони каримнинг ҳурматини жойига қўйса, демак, у Аллоҳни эҳтиром қилибди. Ким Қуръоннинг ҳурматини жойига қўймаса, Аллоҳ таолонинг ҳурматини ўрнига қўймабди.

Аллоҳнинг ҳузурида Қуръони каримнинг ҳурмати худди фарзандга нисбатан отанинг ҳурматига ўхшайди. Қуръон шафоати қабул қилинадиган шафоатчи ва (гуноҳкор синонлар ҳақида) гувоҳлиги тасдиқ этиладиган гувоҳ бўлувчидир. Кимни Қуръон шафоат қилса, шафоат қилинади. Кимнинг зиёнига Қуръон гувоҳлик берса, тасдиқ қилинади. Ким уни ўзи учун имом қилса, у уни жаннатга етаклайди. Ким унга бепарво бўлса, у уни дўзахга йўллайди. Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар Аллоҳ раҳматига буркантирилган, Аллоҳнинг нури билан мунаввар қилинган, Аллоҳнинг каломи билдирилган кишилардир. Ким улар билан дўст тутинса, Аллоҳ билан дўст тутинибди. Ким уларга душман бўлса, Аллоҳга душман бўлибди. Аллоҳ таоло: “Эй Қуръон ҳофизлари, Раббиларингизни китобини улуғлаш билан ижобат қилинглар, сизларга нисбатан муҳаббати зиёда бўлади ва бандаларига сизларни яхши кўрсатиб қўяди. Аллоҳ Қуръони каримни тингловчилардан дунё ташвишлари, Қуръон ўқувчиларидан охират ёмонлигини йироқ қилади. Ким Аллоҳ каломидан бир оят эшитса, унга тиллали Сабир тоғидан ҳам яхши бўлади. Ким Аллоҳ таоло китобидан бир оят ўқиса, Арш остидан тахаввум (арш остидаги бир минтақа)гача бўлган нарсадан афзалдир. Аллоҳнинг китобида “Азиза”, деб чақириладиган сура бўлиб, қиёмат куни унинг соҳиби “Шариф”, деб чақирилади. У ўз соҳибини Робийъа ва Мудордан кўра кўпроқ шафоат қилади. У “Ёсин” сурасидир».

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм