Мақолалар

Фақат яхшилик қолгай

Чоп этилди Sentabr 14, 2019 Фақат яхшилик қолгайda fikr bildirishni o'chirish

Одам дунёда лаҳзалик меҳмон экан. У билан бирга фойдали сармоя сифатида охиратга кетадиган ҳам, ортидан қоладиган ҳам фақат яхшилик, солиҳ амаллар бўларкан.

Устозим Тўрақул ҳожи Йўлдошев эл-юрт ва динимиз равнақи йўлида кўп хизмат қилган жонкуяр инсон эди. Мустабид тузум даврида юртимиздаги табаррук масканлар харобага айлантирилган, Иштихон туманидаги “Оққўрғон” масжиди ҳам шу ҳолга тушганди. Тўрақул ота қаршиликларга қарамасдан машаққат ила шу жойни пойдеворидан қайта тиклади. Тумандошларининг айтишича, кампири билан бирга қурилиш тугагунича масжид ҳовлисидаги улкан қайрағоч тагида яшаган. Битгач, давлат рўйхатидан ўтказиб, муносиб имом-хатиб тайинланиши учун югуриб-елган.

Қишлоғидаги қадимий қабристонни, ота-онаси, аждодлари ётган масканни ҳам обод этди – дарвоза ўрнатди, атрофини ўради. Шунингдек, қишлоқдошларига тиббий пункт қуриб берди.

Таҳсинга лойиқ ишларидан яна бири, кўплаб кам таъминланган оилалар болаларининг суннат тўйини ўтказиб бериб, одамларни иш билан таъминлади. Тўрақул отанинг эзгуликлари шугина эмас. У киши ҳеч қачон қилган яхшиликларини миннат қилмас, эсламас ҳам эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, фан номзоди, ижодкор, тажрибали ва ташкилотчи раҳбар Тўрақул Йўлдошев 2017 йилнинг 9 декабрида 82 ёшида вафот этди. Элдошлари уни эҳтиром ила сўнгги манзилга кузатишди. Охирати обод бўлсин!

Неъматхон НАЖМИДДИНХОН ўғли

Тошкент шаҳри

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан