Мақолалар

Умму Маъбаднинг сути қуриган қўйининг сути сероб бўлиши

Чоп этилди Sentabr 15, 2019 Умму Маъбаднинг сути қуриган қўйининг сути сероб бўлишиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Маъбад Хузоъийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккадан Мадинага, Абу Бакр ва у кишининг хизматкори Омир ибн Фуҳайра ҳамда йўл кўрсатувчи Абдуллоҳ ибн Урайқит ҳамроҳлигида чиқдилар. Сафар асносида улар Умму Маъбад Хузоъиянинг чодири олдидан ўтдилар. У чодир ортида ўтирганди. Ўткинчилар тўхтаб, бир оз нафасларини ростлаб, дам олишар ва чодир эгалари ҳам улар билан бирга овқатланишарди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ундан: “Егулик бирор нарсанг борми?” деб сўрадилар.

– Аллоҳга қасам, агар бизда бирор нарса бўлса, меҳмонларга муҳтож бўлиб ўтирармидик. Яйловлар узоқ, йил қуруқ келди[1], – деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўзлари чодир ёнида турган қўйга тушди ва: “Эй Умму Маъбад! Бу қандай қўй?” деб сўрадилар.

– Ҳолсиз ва мадорсизликдан қўйлар билан ўтлашга чиқолмай қолиб кетган, – деди.

– Сут берадими? – сўрадилар яна у зот.

– Сут беришга кучи етмайди.

– Уни соғишимга рухсат берасанми?

– Ота-онам фидо бўлсин, албатта, рухсат бераман. Агар уни сут беради десангиз, соғиб олаверинг.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) елинини қўллари билан Аллоҳ исмини айтиб силадилар, дуо қилдилар ва икки оёғи орасини очдилар. Қўйнинг елини сутга тўлди, соғиб олиш учун идиш келтиришларини сўрадилар. Қўйни соғиб олдилар, сут идишдан кўпириб кўтарилди. Уни Умму Маъбадга бердилар, тўйгунича ичди. Сўнг Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га бердилар, у киши ҳам қониб ичгач, охирида ўзлари ичдилар.

Барчалари сутга тўйганларидан сўнг, қўйни иккинчи бор яна идиш тўлгунича соғдилар ва уни Умму Маъбадга бериб йўлларида давом этдилар.

Ҳеч қанча вақт ўтмай камқувватлигидан оёғида зўрға турадиган озғин эчкиларини ҳайдаб эри Абу Маъбад кириб келди. Сутни кўргач, ажабланиб: “Бу қаердан келди? Ўтлоқ бўлмаса ва уйда соғин қўйнинг ўзи бўлмаса?!” деди.

– Аллоҳга қасам, тўғри айтдинг! Лекин бизникига фалон-фалон кўринишдаги баракотли бир киши келди ва фалон-фалон сўзларни сўзлади, – деди.

– Эй Умму Маъбад, менга уни таърифлаб бер. Ўйла­шимча, у қурайшликлар излаб юрган киши бўлса керак, – деди.

– Нурафшон юзли, покиза ва гўзал ахлоқли киши. Қорни катта эмас[2] ва боши кичкина ҳам эмас. Кўзлари қора ва пешонасидаги сочлари узун. Овози йўғон, бўйни тик ва кўзлари сурмали, чиройли. Бароқ қошли ва қоп-қора сочли. Агар жим турса, виқорли ва гапирса, гўзал сўзли. Узоқдан қаралса, инсонлар ичра энг гўзали ва хушсурати. Яқиндан эса инсонлар ичра ширинсухан ва яхшиси. Сўзлаганда бўлиб-бўлиб, аниқ-тиниқ сўзлайди. Сўзлари ўртача, уларда калталик ҳам, эзмалик ҳам йўқ. Сўзлари гўё тизилган қимматбаҳо тошларга ўхшайди. Кўзлар уни кўрмаслик учун бошқа томонга қарамайди ва ундан безор ҳам бўлмайди. У уч киши орасида кўриниши энг чиройлиси ва қадри баландидир. Ҳамроҳлари ниҳоятда эҳтиром қилишди. Агар гапирса тинглаб, бирор иш буюрса, бажаришга шошишарди. У юзини буриштирувчи ҳам, ёки кишиларни маломат қилгувчи ҳам эмас, – деди.

– Аллоҳга қасам, бу қурайшликлар унинг ишлари ҳақида гапириб юрган кишининг ўзгинасидир. Агар уни учратсам, дўстлашардим. Албатта, бунга йўл топа билсам, у билан дўстлашардим. Маккада унинг овозини эшитувчилар кўпаяди, – деди[3].

 

[1] Ўша йил қурғоқчилик келиб, чорва моллари ҳам озғин ва кам сут бўлиб қолганди.

[2] Мешқорин эмас.

[3] Ҳасан ҳадис. Имом Ҳоким ривояти. Ҳофиз ибн Касир “Бидоя”да ҳам зикр қилган. Ибн Саъд “Табақот”да келтирган.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм