Мақолалар

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний дейдилар:

Чоп этилди Sentabr 16, 2019 Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний дейдилар:da fikr bildirishni o'chirish

  • Эй фарзанд! Илм билан бирга одобни ҳам ўрган. Зеро, одобсиз одам Аллоҳ лутфидан маҳрумдир. Халқ билан асло низо-жанжал этма. Яхши хулқ ва одоб ила умргузаронлик айла. Суннати санияни маҳкам тут, салафи солиҳин, тақволи имомлар йўлларига эргаш. Бидъат аҳлидан йироқ бўл.
  • Эй фарзанд! Қуръони каримни ўқимоқни ва ўрганмоқни асло канда қилма. Барча ишларнинг зоҳиру ботинини Қуръони каримдан излагил, ундан, албатта, жавоб топгайсан. Ҳар бир иш, ҳар бир ҳаракатингни Қуръонга мувофиқ қил, фақат унга суян.
  • Ҳалол луқма барча хайрли ва савобли амалларнинг калитидир. Агар ибодат лаззатини, ҳаловатини туяман десанг, доимо ҳалол луқма егил. Ҳаромдан қоч! Шундай қилсанг қиёматда ўтда куймагайсан.
  • Биров сени мақтаса, хурсанд ёхуд ёмонласа, хафа бўлма. Зеро, аларнинг мақтовидан сенга ҳеч бир манфаат ёки аларнинг ёмонлашларидан ҳеч бир зарар йўқдир.
  • Эй фарзанд! Кам е, кам гапир, кам ухла. Қорин очмагунича овқат тановул қилма. Зарурат туғилгандагина гапир. Уйқу ғалаба қилмагунча ухлама.

 

***

ШЕЪРИЙ ҲИКМАТЛАР

Шуҳрат ила шум нафсингни шод этма,

Ўзни мардум орасинда кўп ёд этма.

Камтарлик эт! Сен ном чиқарай деб,

Зинҳорки динингни барбод этма.

* * *

Айбларни ёпгувчи саттор бўлгайсен,

Қалбларни топгувчи ғамхор бўлгайсен.

Аллоҳ ризолигин топай десанг, эй дўст!

Эл бирла адабда ҳушёр бўлгайсен.

 

Олим ОЛТИНБЕК  тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 14-сонидан