Мақолалар

МУҲАММАД ДОРОШУКУҲ  ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДА

Чоп этилди Sentabr 16, 2019 МУҲАММАД ДОРОШУКУҲ  ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

«Сафинат ул-авлиё» («Авлиёлар кемаси») китоби Муҳаммад Дорошукуҳ Ҳанафийи Қодирий қаламига мансуб асардир. Унда Шарқ оламида машҳур бўлган Қодирия, Хожагон, Чиштия, Суҳравардия, Кубравия тариқатининг силсилалари ва унга дахлдор бўлган юзлаб шайхларнинг таржимаи ҳоллари келтирилган. Муаллифнинг муқаддимада ёзишича, унинг асосий мақсади силсилаларни бир ерга жамлаш ва керак пайти­да улардан фойдаланишни қулайлаштиришдан иборат бўлган. Муаллиф асарини ёзишда кўп ман­балардан фойдалангани ҳақида ёзади.

«Сафинат ул-авлиё»нинг бошқа асарлардан фарқи шуки, ҳақиқатан ҳам, унда турли тариқат ва унинг вакиллари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундан ташқари, муаллиф мазкур шайхларнинг туғилган ва вафот этган йилларини аниқ кўрсатишга уринган. У ўз сафари давомида ўтган шайхлар қабрини зиёрат қилган, тирик шайхлар билан ҳам мулоқотда бўлган. «Сафинат ул-авлиё» асари 1900 йилда Конпурда нашр қилинган.

Дорошукуҳ Хожагонлар силсиласини Шайх Боязид Бистомийдан бошлаб, силсиланинг 8-ҳал­қасида Ғиждувонийнинг пири Хожа Юсуф Ҳамадоний, 9-ҳалқасида Абдулхолиқ Ғиждувоний, кейинги ҳалқаларда унинг шогирдлари ҳақидаги маълумотларни келтиради. Бу маълумотлар аниқ ва лўндалиги билан эътиборни тортади. Қуйида Ғиждувоний ҳақидаги маълумотларнинг таржимасини келтирамиз.

Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Оталарининг номи имом Абдулжамил эди.  Оналари Рум подшоларининг авлодидандур. Улуғ хожалар силсиласининг, Баҳоуддин Нақш­банднинг нисбатлари уларга боғлиқдир. Хожагон силсиласининг сарҳалқалари эди. Зоҳирий ва ботиний илмларнинг олими эди. Тариқалари улуғ шариат ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига тобеъликдадур. Хизр (алайҳиссалом) уларни ёшликларида фарзандликка қабул қилган эди. Уларга: «Ҳовузга туш, сувга шўнғиб, لا إله إلا الله محمد رسول الله «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» дегин» деб буюрдилар ва бу дил зикрини уларга ўргатди­лар. Хожа Юсуф Ҳамадоний Бухоро­га келгач, уларнинг суҳбатларида бўл­дилар. Хирқани Хожа Юсуфдан кийдилар. Уларнинг мартабалари шу даражага етдики, намоз вақтида Каъбага бориб қайтардилар.

Таваллудлари Ғиждувонда эди. Ғиждувон Бухородан олти фарсах узоқликдаги бир қасаба (шаҳар) эди. Ўсиб-улғайишлари ҳам шу ерда бўлган. Қуйидаги қудсий калималар уларга тегишлидир: “Ҳуш дар дам”, “Назар бар қадам”, “Сафар дар ватан”, “Хилват дар анжуман”.

Вафотлари 575/1179 йилда юз берган. Қабрлари Ғиждувондадир. (Муаллиф бу ерда хатога йўл қўйган. Ишончли манбаларга кўра Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг вафот санаси 1218–1220 йилларда содир бўлган. – муалл.)

 

 

 

 

Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг

“Мақомати Юсуф Ҳамадоний” (Рисолаи соҳибия) “Васиятнома” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 11500 сўм