Мақолалар

Боситхон ШОШИЙ

Чоп этилди Sentabr 16, 2019 Боситхон ШОШИЙda fikr bildirishni o'chirish

XIX аср охири ва XX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган Боситхон Зоҳидхон ўғли Шоший ҳозиқ табиб, фақиҳ, етук шоир, моҳир таржимон, луғатшунос ва ношир эди. Боситхон Шоший “Таржимаи ҳол ва хулосаи омол” номли мақоласида: “Отам менга доим тиб китобини ўқитар эди”, деб ёзади.1

Олим 1877 йили моҳир табиб Зоҳидхон ҳаким оиласида  дунёга келди. Табобат илми сирларини отаси дан ўрганди.2 Отаси ўша даврда Тошкентда Жоми Шароб (Шароб жоми) тахаллуси билан машҳур мулла Худайберган ўғли мулла Муҳаммадрасул ва Сиддиқхўжа ҳакимлардан таълим олган.3

Боситхон Шоший Тошкентдаги Хожа Аҳрор Валий мадрасасида таълим олди. Отасининг вафотидан сўнг мулла Муҳаммадрасул ҳамда Сиддиқхўжага шогирд тушди. Кейинчалик Бухоро мадрасасида ўқиди, сўнг Тошкентга қайтди.

1917 йилгача фақат табиблик қилиб қолмай, китоб таълифи, араб ва форс тилларида ёзилган баъзи асарларни ўзбек тилига таржима қилиш билан ҳам машғул бўлди.4 Камий, Хислат, Мискин, Сидқий каби етук шоирлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатди.

1917 йилдан кейин Шошийнинг ижодида узилиш рўй берган.

Боситхон 1940 йили яна қўлига қалам олди. Тиббий тажрибалари асосида ўзбек тилида “Тиб қонунлари”ни ёзишга киришди. 1942 йилда “Қонуни
Боситий” (“Боситхоннинг тиб қонунлари”) китобининг 1- ва 2-жилди ёзилди. 1944 йилда эса “Фарҳанг ал-мабсут” номли тиббий луғат тузилди.

Боситхон Шоший 1950 йили ЎзРФА кўрсатмасига мувофиқ “Фа воидул адвия” (“Дорилар нинг фойдалари”) номли китобни ёзишга киришди.

Боситхон Шоший яна “Қонун ал-мабсут” (“Кенгайтирилган Қонун китоби”); “Фарҳанг ал-мабсут” (“Кенгайтирилган луғат”); “Истилоҳот ул-атиббо фи интифиъотил аҳиббо” (“Дўстларнинг фойдаланишлари учун тузилган истилоҳлар луғати”); “Фавоид ул-адавия ва мавоид ул-ағзия” (“Дориларнинг фойдалари ва тузалган дастурхон овқатларининг манфаатлари”); “Амали ҳандаса” (“Геометрия амаллари ҳақида”); “Муқаддимаи илми фароиз” (“Фароиз илмининг муқаддимаси”); “Фа войид улмуслимийн” (“Мусулмонларга фойдалар”); “Манба улмаъориф” таржимаи “Мажмаъ ул-латойиф” (“Мажмаъ ул-латоиф” китобининг таржимаси бўлган “Манба ул-маъориф” асари); “Дўзд ва қози” (“Ўғри ва қози”); “Ҳақойиқ ул-асрор” (“Ҳақиқатлар сири”); “Ҳадиси Усфурий” ёки “Мис баҳ уланвар” (“Нурлар чи роғи”) каби асарлари бор.

Библиограф А.Носиров ёзишича, Боситхон Шошийнинг саҳҳоф (муқовасозлик) бозорида китоб сотадиган дўкони ҳам бўлган. Айни пайтда соатсозлик билан ҳам шу ғулланган.

Боситхон Зоҳидхон ўғли Шошийнинг авлодлари ҳозир Тошкентда истиқомат қилишади. Жумладан, Шошийнинг набира си Тоҳирхон Боситхонов бобосининг меросини юзага чиқариш учун ҳаракат қилмоқда.

 

1 Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший. “Мисбаҳул анвор”, “Манбаул маориф”, “Муқаддимаи илми фароиз”. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи, Тошкент, 2016.

2 Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший, Ҳомидхон ибн Зоҳидхон Шоший.

“Фарҳанг ал-мабсут” ёки “Истилоҳот ул-атиббо фи интифоот илаҳиббо”. “Янги аср авлоди”, Тошкент, 2004.
3 Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший. “Мисбаҳул анвор”, “Манбаул маориф”, “Муқаддимаи илми фароиз”. Ғафур Ғулом номидаги
нашриёт-матбаа уйи, Тошкент, 2016.

4 Ўша асар

Саиджамол МАСАЙИТОВ

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси докторанти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан