Мақолалар

Жобир (розияллоҳу анҳу) отасининг қарзи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг баракалари сабабли адо қилинди

Чоп этилди Sentabr 17, 2019 Жобир (розияллоҳу анҳу) отасининг қарзи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг баракалари сабабли адо қилиндиda fikr bildirishni o'chirish

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: (Жобирнинг отаси Уҳуд қатнашчиларидан бўлиб, ва­фотидан сўнг ундан олтита қиз ва зиммасида ўттиз васақ[1] хурмо қарзи қолганди. Қарз эгалари ҳақларини сўраб келишди).

«Янги ҳосил палласи келганда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Биласиз, отам Уҳуд қатнашчиларидан эди. Зиммасида эса кўп қарзи бор. Ҳақдорлар сизни кўриши­ни истардим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бор, хурмоларни алоҳида-алоҳида қилиб тақсимлаб бўлиб чиққин”, дедилар. У зот айтганларидек қилдим.

Тонг отгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар ва у зотни кўрган қарз эгалари­нинг менга ҳаваслари келди. Алоҳида қилиб қўйилган хирмонларни кўргач, уларнинг ичидан энг каттасини уч бора айландилар. Меваларга барака тилаб дуо қилдилар ва унинг устига ўтириб, қарз эгаларини чақиришимни буюрдилар.

Уларга хурмоларни ўлчаб бердилар, отамнинг барча қарзларидан қутулдик. Мен эса: “Аллоҳга қасам, отамнинг қарзларидан қутулсак бўлди, опа-сингилларимга бир дона хурмо қолмаса ҳам, розиман”, деб турардим.

Аллоҳга қасам, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) устида турганлари хурмо хирмонига қараб, улардан бирон-бир мева камайганини сезмадим. Буни у зотга айтганимда, менга кулиб қўйдилар ва: “Бор, Абу Бакр ва Умарни чақир. Бўлиб ўтган ишни уларга билдиргин”, дедилар. Мен уларни чақирдим, икковлари: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай қилишларидан бу ишнинг тезда бўлишини билардик”, дейишди»[2].

[1] 1 васақ 50 кг.га тенг. Демак, 30 васақ 1,5 тонна бўлади ёки 30 васақ 31 ирдабга тенг.

[2] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий ва Имом Насоий ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм