Мақолалар

Ҳаж йўлидаги даллоллар

Чоп этилди Sentabr 17, 2019 Ҳаж йўлидаги даллолларda fikr bildirishni o'chirish

(ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари)

Ўтмишда Марказий Осиёдан ҳажга отланганлар, асосан, учта йўлдан фойдаланишарди. Биринчиси, Эрон – Бағдод – Карбало – Шом – Ҳижоз қуруқлик йўли бўлиб, ҳожилар мазкур йўлдан XVIII асрга қадар ўтишган.

Иккинчиси, Мозори Ша риф – Кобул – Бомбей ва Ҳинд океани орқали Ҳижозга олиб борувчи денгиз йўли.1

Учинчи йўл эса 1880–1885- йиллар да Краснаводск–Ашхобод темир йўли ишга тушиши туфайли очилган.2 Бу йўл Истанбулда иккига бўлинган. Бири Шом йўли деб аталадиган Суриядан ўтувчи қуруқлик йўли бўлиб, иккинчиси, юқорида қайд этилганидек, Истанбулдан Ўрта ер денгизи орқали Миср ва у ердан Қизил денгиз билан Жиддага олиб борувчи денгиз йўли эди.3

XIX аср охири – ХХ аср бошларида ҳаж йўлларидаги шаҳарларда “Бухоролик даллоллар”, “Доғистон даллоллари”, “Қрим даллоллари”, “Қозон даллоллари”дан иборат бир неча гуруҳ фаолият юритган. Хусусан, булардан “Қозон даллоллари” ва “Бухоролик даллоллар” Марказий Осиёдан борган зиёратчиларнинг хизматини қи лишган.
1891 йилнинг июль ойи ўрталарида Когондан поездга ўтириб, Марв–Ашхобод–Боку – Батуми – Истанбул йўли орқали ҳажга борган Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1859–1909 йй.) қайтишда Ҳинд океани орқали Бомбейга келади. Сафари давомидаги хотираларини “Туркистон вилояти газети”да эълон қилган Фурқат, Бомбейда асли туркистонлик бўлган Аҳмаджон ва Муҳиддин ҳожи исмли тижоратчилар юртдош зиёратчиларнинг кема ва поезд билетларини олишларига ёрдам бера ётганини қайд этиб ўтади. Шунингдек, улар ўз уйларида меҳмонхона ташкил этиб, туркистонлик ҳожилар тунаб қолиши учун зарур шароит яратганини баён қилиб ўтган.4

Муборак сафар давомида ҳожилар дуч келадиган яна бир муаммо бу Бомбей шаҳридаги фирибгар даллоллар эди. Ўша даврларда ёзилган “Ҳажнома” ва “Ҳаж зиёрати” эсдаликларида ана шундай “даллоллар” фаолияти қаттиқ танқид остига олинади.

Юқоридаги мисолдан кўриниб турибдики, ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида ҳаж йўлларидаги расмий даллол ва вакиллардан ташқари, норасмийларининг фаолияти авж олиб кетган. Тил, йўл ва давлатлардаги қонун-қоидалардан бехабар содда ҳожилар ва зиёратчиларнининг мол-мулк лари сохта даллоллар томонидан талон-торож қилинган. Уларнинг алдовига йўлиққан ҳожилар йиллаб, балки бир умр ўз ватанларидан олисларда ҳеч вақосиз қолиб кетишган.

Бугун юртимизда мусулмонларнинг ҳаж ва умра ибодатларини эмин-эркин, хавф-хатарлардан холи адо этиб келишлари учун катта ҳозирликлар кўрилади. Лекин юқоридаги ҳолат бугун ҳам бегона эмас. Зеро, баъзи фирибгарларнинг содда фуқаро ларни навбатсиз ҳажга жўнатиш ваъдаси билан чув тушириш ҳолатлари учраб турибди. Мақола да келтирилган тарихий мисоллар фуқароларимизни ушбу масалага янада жиддийроқ муносабатда бўлишга ундайди.


1 Michael N. Pearson, Pilgrimage to Mecca. The Indian Experience, 1500-1800. Princeton. 1996. – P. 131-145.

2 Тошева Ш. Марказий Осиё ҳожилари: йўллар ва таассуротлар // Шарқшунослик. – Тошкент, 2009. №14. –Б.90

3 Suraiya Faroqhi, Pilgrims and Sultans: The Hajj under the Ottomans. London. 1994. – P. 32-53;

4 Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат. Саёҳат хотиралари. Туркистон вилояти газетаси. Тошкент. 1892. №10. – Б. 4

 

 Музаффархон ЖОНИЕВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси 2-босқич таянч докторанти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан