Янгиликлар

Ислом молиясини ривожлантиришда халқаро тажриба ўрганилмоқда

Чоп этилди Sentabr 12, 2019 Ислом молиясини ривожлантиришда халқаро тажриба ўрганилмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

“Тараққиёт стратегияси” марказида «Ўзбекистон Республикасида Ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик экспертлар, мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Матилда Димовска ва Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳусан Ҳасанов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар молия соҳасини янада такомиллаштириш ва бу жараёнда халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда қўллашга кенг йўл очганини таъкидлади.

Шундай талаблардан келиб чиқиб, тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш ишлари доирасида мамлакатимизда миллий молия секторини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлди.

– Ҳаракатлар стратегияси асосида йирик ислоҳотларга юз бурган мамлакатимиз миллий молия секторини ривожлантиришда исломий молиялаштириш муҳим ўрин тутади, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Алишер Равшанов. – Хусусан, Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришнинг янги истиқболли йўналишларини жорий этиш, давлатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, банк маҳсулотлари, исломий қимматли қоғозлар каби молия бозорининг муқобил воситаларини яратишда исломий молиялаштириш катта аҳамиятга эга. Аммо уни тезлик билан жорий қилиш имконсиз. Зеро, шариат қонунларига мувофиқ амалга оширилмаган миллий қонунчилик ва дунёвий давлатнинг институционал жиҳатдан ривожланган менталитети каби омилларни изчил ўрганиш зарур. Бу масалалар эса тегишли билим ва тажрибага эга бўлган мутахасссисларни бир жойга жамлаб, давлат учун энг қулай ва самарали ёндашувни шакллантириш орқали ўз ечимини топиши мумкин. Шу боис муҳокама жараёнида мазкур масала юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, бугун дунё молия бозорида исломий молиялаштириш ғоятда долзарб манбага айланиб бормоқда. Буни исломий молиялаштириш сабаб ҳар йили 15-20 фоиз ўсишга эришаётгани ҳам тасдиқлайди. Исломий банклар хизматлари жаҳон бўйича 400 дан ортиқ молия институти томонидан амалиётда қўлланиб келинмоқда, унинг йиллик айланмаси 800 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

– Мен бугун ўзбекистонлик иштирокчиларга Малайзия молия бозорида исломий молиялаштиришни татбиқ этиш бўйича ўз тажрибаларимизни, жараёндаги қийинчиликлар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапириб бердим, – деди «ZICO Shariah» компанияси директори Аида Отман. – Чунки бу тажриба сизлар учун ҳам қўл келади. Ўзбекистон ҳам исломий молиялаштириш ташаббуси билан чиқилаётгани катта қадамдир. Бу юртингиздаги улкан ўзгаришлардан далолат бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасида Ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари”, “Ўсиш ва инновация имкониятлари”, “Энг яхши глобал ва минтақавий амалиётлар”, “Ўзбекистонда Ислом молиясини жорий этишнинг ҳуқуқий ва институционал жиҳатлари”, “Ислом молиясини жорий этиш бўйича Малайзия тажрибаси: муаммолар ва ривожланиш истиқболлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА