Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентдаги оилавий низоларнинг салкам 6 фоизи аёлларнинг эркакларга тазйиқи оқибатида келиб чиққан

Чоп этилди Sentabr 13, 2019 Тошкентдаги оилавий низоларнинг салкам 6 фоизи аёлларнинг эркакларга тазйиқи оқибатида келиб чиққанda fikr bildirishni o'chirish

Тошкент шаҳрида оилавий келишмовчиликлар оқибатида содир этилган ҳуқуқбузарликларининг 16,3 фоизи эр томонидан хотинга қилинган зўравонлик натижасида келиб чиққан. Бу ҳақда 12 сентябрь, пайшанба куни Тошкент шаҳар ИИББ вакилларининг журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Майор Мақсуда Хўжаназарова.
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбирда пойтахт ИИББ Жиноятчиликнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари майор Мақсуда Хўжаназарова оилавий келишмовчиликлар оқибатида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга тўхталиб ўтди.

«Ҳуқуқбузарликларнинг 16,3 фоизи эр томонидан хотинга қилинган зўравонлик, 5,9 фоизи эса хотин томонидан эрга нисбатан тазйиқ оқибатида келиб чиққан. Низоларнининг 22 фоизи эр-хотин ўртасида доимий жанжаллар, 16,9 фоизи спиртли ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш, 5,5 фоизи рашк туфайли, 4,5 фоизи қариндош-уруғлар ўртасида мол-мулк талашиш, 26,2 фоизи муросасиз келишмовчиликлар, 24 фоизи бошқа сабаблар оқибатида келиб чиқмоқда», — деди майор Хўжаназарова.

Пойтахтда эркакларга аёллар томонидан қилинган тазйиқларга мисол тариқасида мулк талашиш вақтида бир хотин эрини ургани, иккинчи ҳолатда эса ёш келин-куёвларнинг ўзаро жанжали вақтида қайнона куёвига қўл кўтаргани кўрсатиб ўтилди. Ҳар икки ҳолатда ҳам эркаклар уларга куч ишлатган аёллар устидан ички ишлар органларига шикоят қилган.