Мақолалар

КЎҲНА ОЛАМ МЕҲВАРИ…

Чоп этилди Yanvar 17, 2019 No Comments

Одамийлик мазмуни… Бу сўз — кўҳна олам меҳвари. Яхшиям бор: бўлмаса-чи?! Балки дунё устуни шудир, а?! Оқибат!

 

Гоҳо елкага зил-замбил масъулият ортади. Бундан қаддинг эгилади, тик бўлади. Суюнасан, куясан. Бошқаларга ёрдаминг тегса, ўз-ўзингдан яйрайсан. Қувончинг ичингга сиғмайди: бир қоп тилла топиб олгандай. Оқибатнинг тафти шундай: олганни ҳам, берганни ҳам илитади. Қадри баланддан-баланд-да.

 

Куз кунларнинг бирида уйимизга хушхабар келди. Фалончига совхоздан машина берилармиш. Ҳамма шод. Дилтанг кўнгилларга ободлик инди. Ҳовлимизга келиб-кетувчи қўни-қўшниларнинг кети узилмади. Табрик. Отам эса салкам олти ойдан буён чўлда. Онамга ҳар қанча хархаша қилмай, барибир отамни кўролмасдим. Ўша-ўша гап. Сабр қил! Ер тепиб йиғлаганларим ҳали-ҳануз эсимда… Болаликда. Кўп ўтмай отам уйга кириб келди. Елкасида икки томони тўла хуржун. Соч-соқоли ўсган, афтодаҳол. Кўзлари киртайган. Ўткир нигоҳи маъюсланиб, озиб-тўзиб кетган, қирра бурни эса офтобда янада қорайган юзига ўзгача ўктамлик бағишлаб турарди.

Онам ҳол-аҳвол сўрашгач, янгиликларни бирма-бир санай кетди. Отам қошини учириб индамай, бошини оҳиста силкитиб-силкитиб тинглаб турди. Мошина ҳақидаги янгилик отамни у қадар эсанкиратмади ҳисоб. Хўп, майли эртага керакли одамларга учрашаман, деди. Онам, нега деган савол нигоҳи билан боқди. Анави мошинани Давлат акага бериш керак. Унинг болалари улғайиб қолган, деди чуқур тин олиб. Онам кўз қарашлари билан ер чизганча дамини ичига ютди. Бу отамнинг қарори: у муҳокама қилинмасди. Лабини тишлаб, киприкларини пирпиратиб, йиғлагудек бўлиб турган онажоним рўмолини тузатганча тандирхона томонга бурилиб кетди.

Давлат ака дегани отамдан беш-ўн ёш катта киши. Серфарзанд. Қишлоқда ҳурмат қозонган. Ҳалол, меҳр-мурувватли жайдари амаки, мен учун. Ҳар гал кўрганида бағрига босиб, “полвоним” деб эркалайди. Гарчи полвон келбатли бўлмасам-да. Ширинсухан. Қай бир қўшнига ёрдам керак бўлса, ҳозиру нозир. Мабодо, кўнгилдан чиқариб нимадир берилса ҳам хафа бўлади. “Меҳнатимга розиман”, деб узоқдан-узоқ дуо қилади. У бутун қишлоқнинг меҳрини олган: унга ҳамиша давра тўрини кўрсатишади, Давлат амаки қўлини кўксига қўйиб, узр айтиб, хизматга шошади. Давлат амаки одамийлик яловбардори эди, чамамда.

Эртаси куни отам айтганини қилиб келди. Мошинани Давлат амакига илинди. Амакиларим жиғибийрон бўлиб, отамга қаттиқ дашном беришиб, шу-шу бир неча ойга борди-келдиниям насия қилишди. Лекин қарор ўзгармади. “Жигули”ни гижинглатиб юрган Давлат амакининг ўғилларига қараб туриб, лабига табассум югурган отам, ўз-ўзига нималарнидир пичирларди. Балки севинчдан териси ичига сиғмай, яратганга шукрона айтган бўлса бордир. Иймони бутун одам-да.

 

Мана шунда кўрганман оқибатнинг тантанасини: бирам тотли, бирам жозибалики, асти қўяверасиз… Отам ўшандан бошлаб, кўзимга янада қўл етмас қоядек кўрина бошлаган. Болалик ҳайратларидан доим кўнглим равшан тортади. У ўзлигингни унутма, бардам бўл, деяётгандай туюлади ёрқин хотиралар оралаб.

 

Қизиқ, қадриятлар ҳам дарз кетадими?! Бу қандай рўй беради, а?! Ҳеч тушунмайман. Фитрат тоза бўлса, меҳр-оқибат, инсонийлик дарз кетиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкинми? Аждодлардан мерос қолган қадриятларни оёқ-ости қилиб, унутиб бўладими?! Ҳозир кўп учратаётганимиз маънавий саросарлик, дарбадарликдан оламжаҳон муаммолар юзага келмоқда. Жаҳон аҳли бундан ларзага келган…

Тарихий илдизларимиз чиндан ҳам бақувват. Ўқиб, эшитиб, фахру-ифтихорга тўласиз. Юракдан берилиб, мазза қилиб ишлаб-яшагинг келади. Аммо… Оммавий тус олиб улгурган “замонавийлашиш” масаласи тинчлик бермайди. Ҳар қадамда бунинг касрига қоласан ёки қолишади. Эшитиб ёқа ушлайсан. Ҳаддини унутаётганлардан оғринасан, уларга нималарнидир уқтиргинг келади, бироқ кеч… Назаримда, ғишт қолипдан кўчгандек. Бир тасаввур қилинг.

 

Замонавийликни пеш қилиб, ўғил отага ўшқирса, шогирд устозга панд берса, дўст, дўстга хиёнат қилса, эр — хотинга, хотин — эрига (яна ошкора, билмадим, бу бориб турган бетавфиқликни Аллоҳ кечирармикан). Қани, айтинг, оқибат қаерга бош олиб кетди?

 

Юртимизда кенг миқёсда фидойиликка, ватанпарварликка чақирувлар янграмоқда. Бунинг замирида ҳам ўзаро ҳамжиҳатликка, ҳамфикрликка чорланаётганини ҳис этиш мумкин. Барча-барча учун ибрат бўлгулик хайрли ишларни кўриб кўз қувнайди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳукуматимиз томонидан ҳимоя остига олиниб, уларга бошпана берилмоқда (дастлабки бошланғич тўловлари Президентимиз ғамхўрликлари туфайли давлат томонидан қопланаётир).

 

Ҳа, шундай, номига ҳатланган бир эмас, учта мошинани ўзгаларга илина олган соддадил инсон каби беғараз, оқибатли кишилар сафи тобора кенгаяверсин. Шундагина тараққиёт отли тутқич бермас шиддатни жиловлаш қўлимиздан келади. Чунки нафрат ўрнини оқибат забт этса, ишонинг, оламшумул тараққиёт шу замин кишилари олдида тиз чўкади, бош эгади.

Қадим замонлардан фазилат ҳисобланган ўзаро оқибат улашишни унутмайлик!

 

Ғайрат ШИРИНОВ, ЎзА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan