Дунё янгиликлари

Суратга олган ишчини калтаклатган малика 10 ойга шартли қамалди

Чоп этилди Sentabr 13, 2019 Суратга олган ишчини калтаклатган малика 10 ойга шартли қамалдиda fikr bildirishni o'chirish

Париж суди Саудия Арабистони подшоҳи Салмоннинг қизи ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ал-Сауднинг синглиси Ҳасса бинт Салмонни 10 ойлик шартли қамоқ жазоси ва 10 минг евро жаримага тортди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Малика Франция фуқаросини зўравонлик билан вақтинчалик озодликдан маҳрум қилишда шерик деб тан олинган.

Бундан ташқари, маликанинг тансоқчиси ҳам 8 ойлик шартли қамоқ жазоси ва 5 минг евро жаримага тортилган. Маликанинг ўзи ҳукм чиқарилишида иштирок этмаган.

Воқеа 2016 йилда маликанинг уйига хизмат кўрсатувчи техник уйнинг юқори қаватларидан бирида эшикни бўяётганда юз берган. Ишчи у ерга маликанинг хонасидаги раковина синиб қолгани сабабли чақиртирилган. У таъмирлаш ишларига киришиш олдидан ваннахонада ўз телефонига бир нечта суратлар олган. Таъкидланишича, Францияда бу одатий жараён ҳисобланади.

Бироқ суратлари матбуотда эълон қилинмаслиги билан танилган малика ишчини айнан уни суратга олмоқчи бўлганликда айблаган. Шундан кейин у ўзининг тансоқчиси Рани Саидийни ишчи билан гаплашиб қўйиш учун чақиртирган. Тансоқчи ишчини қўрқитиб, уни дўппослашга тушган. Ишчи 15 дақиқача шундай қийналгач, тиз чўкиб, маликанинг туфлисини ўпишга мажбур қилинган.

Терговнинг аниқлашича, буларнинг барчаси маликанинг буйруғи билан амалга оширилган. Унга нисбатан 2017 йил декабрда ҳибсга олиш ордери берилган.