Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий сиймоси театр саҳнасида

Чоп этилди Sentabr 17, 2019 Имом Бухорий сиймоси театр саҳнасидаda fikr bildirishni o'chirish

Ҳар мавсум бошланиши театр учун шунчаки, танаффусдан кейинги фаолиятнинг давоми эмас, балки ижодий жамоанинг янги изланишлари тақдимотидир. Бу катта имтиҳон ҳисобланади.

Садриддин Айний номидаги Бухоро мусиқали драма театри ўзининг навбатдаги 89 -мавсумини таниқли адиб Усмон Қўчқор қаламига мансуб “Имом Бухорий” тарихий мавзудаги асари асосида яратилган спектакль билан бошлади.

Унда буюк аждодимиз, беназир муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли, ислом дини тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилинади. Спектакль давомида турли қийинчиликларни ақл -идрок ва донишмандлик билан енгиб ўтган улуғ сиймонинг шахси, характери очиб берилади. Имом Бухорий ролини театрнинг иқтидорли актёри Илҳом Тоиров маҳорат билан ижро этган.

Таъкидлаш керак, шеърий асарни пьеса шаклида саҳналаштириш осон эмас. Лекин режиссёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Нодира Мўминова раҳбарлигидаги ижодий жамоа буни муваффақият билан уддалади. Албатта, бунда тарихчи ва адабиётшунослар билан баҳамжиҳат иш тутиш, актёрларнинг тўғри танланиши муҳим аҳамият касб этди.

Спектакль якунида зални тўлдирган томошабинлар актёрлар жамоасини олқишлади. Демак, асар ҳаётий, таъсирчан, ишончли чиққан.Табиийки, бундай спектакль театр репертуаридан мустаҳкам ўрин олади.

Эътироф этиш жоиз, кейинги йилларда Бухоро вилояти мусиқали драма театри ватанпарварлик ва эзгу қадриятларни тараннум этувчи асарларни саҳналаштириш баробарида чет эл классик драматургиясининг энг сара намуналарига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

–Биз ижодий репертуаримизни янгилаб бориш устида доимий иш олиб боряпмиз, – дейди театр директори Гулнора Ҳусенова. – Жорий режамизда улуғ рус ёзувчиси Антон Чеховнинг “Айиқ”, озарбойжонларнинг севимли бадиий дурдонаси “Аршин мол олон” асарлари, Вильям Шекспир қаламига мансуб “Ричард 111” тарихий пьесасини саҳналаштириш кўзда тутилган.

 

Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА