Мақолалар

Жулқунбойнинг Масковга жўнаши

Чоп этилди Sentabr 17, 2019 Жулқунбойнинг Масковга жўнашиda fikr bildirishni o'chirish

Миллий ғоя – бизнинг ғоя

Ижодкор таржимаи ҳоли туғилган ёки вафот этган йилдангина, асарларининг ёзилган санаси ёки қандайдир мукофотлар олганига оид маълумотлардангина иборат бўлса, бундай «тарих», бундай биография анча жўн, зерикарли ва ҳатто бадиий ижод жараёнидан, ижодкор руҳиятидан узилган бўлади. Негаки, ёзувчи-шоир ҳаётидаги энг майда воқеа-ҳодисалар ҳам баъзида унинг асарларида руҳий-психологик суратда ўз муҳрини қолдиради.

Дунё адабиётшунослигида бадиий асарга ижодкорнинг яшаш тарзи, шароити, муҳити, эътиқодий таянчлари, ҳаётида кечган турли ҳодисалар, кундаликлари ва шу каби бир қанча унсурлар призмасидан қарайдиган биографик метод кўпинча муваффақиятга эришиб, ўз натижаларида камалакнинг етти рангини кўради.

Жаҳон адабиёти тарихида ҳар босган қадами, ҳар олган нафаси қоғозларга муҳрланган донгдор санъаткорларнинг ҳаёт солномасини учратиш мумкин. Масалан, И.В.Гётенинг котиблари олмон шоирининг охирги нафасигача, охирги сўзлари ва, умуман, ўлим ҳолатининг тафсилотларигача батафсил ёзиб қолдирганлар. И.Эккерманннинг “Гёте билан гурунглар” китоби ўша тафсилотлар ҳосиласи. ХХ аср бошларида А.П.Чехов билан М.Горький ўзаро суҳбатларининг бирида Лев Толстойнинг доно фикрлари ҳавога учаётганидан ёзғиради, “Эккерманн” зарурлигидан, шу вазифани Л.Сулержицкий бажара олиши юзасидан маслаҳат қиладилар. Бироқ гап гаплигича қолади…

Таассуфки, бизда ҳам бадиий асар моҳияти билан бевосита боғлиқ ҳодиса – таржимаи ҳолни тавсиф этиш ёки бирор-бир адибнинг ижодий портретини ёзиш ҳали шу кунга довур оддий хронологик маълумотлар қайдидан кўп ҳам юқори кўтарилгани йўқ.

Адабиётшуносликда Абдулла Қодирийга оид тадқиқотлар кўп. Гарчанд қодирийшуносликда «Отам ҳақида», «Қодирийнинг сўнгги кунлари», «Қатлнома» сингари биографик йўсинда ёзилган китоблар мавжуд бўлса-да, улуғ адиб ҳаётининг кўпгина саҳифалари яхши маълум эмас, чалкаш фактлар, ғайримантиқий талқинлар учрайди.

Абдулла Қодирий отилган, Абдулла Қодирий «халқ душмани» сифатида судланган, сал илгари «аксилинқилобий ҳаракат» қилганликда айбланиб ҳам қамалган, Абдулла Қодирий Масковда ўқиган…

Мақола мавзу учун шу нуқта, шу охирги жумла муҳим.

1960 йиллари ёзилган айрим адабиётларда адибнинг ўқиш даври 1925-1926 саналари билан кўрсатилади. Шунингдек, 1990 йили олий ўқув юртлари талабаларига мўлжаллаб чиқарилган адабиёт тарихи дарслигида ҳам айни сана такрорланади. Ҳолбуки, адибнинг «Кичик асарлар»ига кирган «Таржимаи ҳоли»да ҳам, шу манбага суяниб ёзилган Ҳабибулла Қодирийнинг «Отам ҳақида» китобида ҳам адиб ҳаёти ва ижодининг Масков даври 1924-1925 йил экани тўғри қайд этилади.

Ҳ.Қодирийнинг «иккита ўн икки варақли, кўк муқовали тўла конспект дафтар»дан ўқиб олган («Отам ҳақида», 50-бет) ва хотирасида қайта тиклаб ёзган тахминий маълумотларидан бошқа, афсуски, Абдулла Қодирийнинг таълим-таҳсили хусусида тафсилий маълумот йўқ.

Ўқиш-ўрганишга ихлос, хоҳиш ҳар кимда бўлиши табиий. Жумладан, таниқли ёзувчи бўлиб етишганларда ҳам. Бироқ ҳар доим иқтисодий масала муаммо бўлиб келган. Айниқса, қалам учидан келадиган даромад эвазига кун кечирадиган ижодкор зотига.

Хўш, улуғ адибимиз Абдулла Қодирий Масковга қайси маблағ ҳисобидан кетган эди? Фикримизча, «Туркистон» газетасининг 1924 йилдаги 15-сонидан ўқиб, кўчириб олганимиз қуйидаги мухтасар хабар шу саволга жавоб бўлади, адиб биографиясининг қоронғу бир саҳифасига ойдинлик киритади. «Тақдир этарлик бир иш» деб номланган хабар-мақола муаллифи Шокирбеков фамилияли киши шундай ёзган: «Эски шаҳар вақф бўлинмаси Жулқунбойни ўз таъминотига олиб, Масковга ўқушқа юборди. Жўнатиш олдидан беш ойлик маошини қўлиға нақд беруб, бир ойлик мукофот ҳам берди. Иқтисодий идораларимизнинг шундай қадр қилиб қилғон ҳимматлариға офарин деймиз ва ўртоғимиз Жулқунбойға муваффақият тилаб, ўзи узоқ кетса ҳам, қаламининг яқинда туришини умид қиламиз».

Бор гап шу. Демак, Абдулла Қодирий «эски шаҳар вақф бўлинмаси» ҳисобидан, унинг иқтисодий ёрдами билан Масковга ўқишга кетади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Туркистонда илгаридан фаолият кўрсатиб келаётган вақфлар 1923 йили Туркистон шўролар жумҳурияти ижроқўмининг 173-сонли декрети билан маориф комиссарлиги таркибига киритилади. Бу иқтисодий ташкилот таркибида иккита – диний ҳамда маданий ва маориф ишларига белгиланган вақфлар иш юритади. Айни вақфлар, шунингдек, «Кўмак» ва «Нашри мориф» хайрия уюшмаларининг ёрдамида ўша йиллари Русияда беш юздан ортиқ, Германияда юзга яқин, Бокуда ўттиз бешта ўқувчи таҳсил олади. Қолаверса, Абдулла Қодирийнинг Масковда ўқиши харажатларини ўз зиммасига олган вақф идорасида ёзувчининг кўнглига яқин Ҳожи Зуфарий, Мунаввар Қори, Заҳриддин Аълам каби ҳаммаслак кишилар ишлар эди.

Воқеан Шокирбековнинг тилагига, «Муштум»га берилган ваъдага кўра Жулқунбой «ўзи узоқ кетса ҳам», юрт матбуотига «қаламининг яқин туриши»нинг имконини топди. Хат йўсинида мақолалар юбориб турди. Жулқунбойнинг Масковдан туриб ёзган битикларида ёлғизланиш, бегонасираш, муҳитга кўника олмасликка ўхшаган кайфият сезилади. Айни чоғда, у ерга ўқишга борганлар ҳолидан, бекорчилигидан, олифтагарчилигидан муштумона шевада ёзади. «Бу ердаги болалари аҳволларидан сўрасалар, алҳамдулиллоҳ, улар ҳам ўйнаб-кулиб юрийдилар. Субҳи шом, балки аладдавом таҳсили улум кўйидадирлар. Аммо болаларингиз орасида беғоя ва беамал ошиқ ўйнаб, ит уриштириб, кўйнак-иштон йиртиб юрганлари йўқ, деб айта олмасам ҳам, лекин бор дейишга ҳам тилим бормайди…».

Жулқунбой шу зайл қалам суради. Чамаси, баъзи ўқувчи-талабалар таҳсилидан кўнгли тўлмайди, маърифат тилагида келган айрим ёшлар маржаларни етаклаб, бузғунчилик кўчаларига киради: эҳтимол, киядиган кундалик кийими ёки соқол-мўйлови билан ташқи қиёфасини ўзгартирар, аммо миллат қайғусида, миллий фикрда ўзгариш кўрилмайди. Шунингдек, она кўксини қўмсаб тургувчи, она сути оғзидан кетмаган, жиддий қилиб айтганда, миллатга хизмат нелигини англамаган, фикран етилмаган гўдак – болалар ҳам ўқишга юборилганки, бунинг фойдасидан зарари кўп. Бундай қуруқ исроф учун куюниб ёзилган сатрлар «Миллий ашулачимиз фалончи Италияда ўқиб қайтдими?» номли пичингда ҳам кўринади…

Жулқунбой Масковдан йўллаган «Тўртинчи хати»нинг «Қари қиз пешонангга йиғла!» деган жойида ёзади: «Оғзимни капа-капа очиб, рутубат микробларидан уч-тўрт юзини наҳорга танаввул қилгач, устидан «қир-қир» қилиб йўталиб ҳам қўйдим. Баъдазон юзимни қиблага қаратиб, Масковнинг шундай болонишин еридан уй олиб, менга ўхшағон нимжонларни рамақижонлик даражасига етказишга таважжуҳ қилғон ваколатхонамиз ҳақига дуойи холис учун қўлимни очдим…». Хуллас, илм талабида юрган баъзи кимсаларни яшаш шароити ҳам кўнгилдагидек эмас, оғир шароитга, етар-етмас таъминотга тоқат қилиб, илм олиш учун ҳазрати «Айюб Собир»нинг сабрлари лозим. Абдулла Қодирий Масковдалиги пайтида бу каби ҳолатларни ўз кўзи билан кўрди, шунинг ичида яшади ва «Муштум»га ҳангома, пичинг, тажоҳили орифона йўсинида ёзиб, журнал сипоришларини қондирди. Албатта, хизматидан атайин рухсат олган ёзувчининг нияти «уч-тўрт йил илмий муассасаларда бўлмак эди». Аммо…

Зид фикр давоми учун далил: «Масковдан 1925 йилнинг июн ойида ёзги таътилга Тошкентга қайтдим. 25-26 йилнинг таҳсилига Масковга бораман, деб тайёрланғон вақтимда Алимов мени олиб қолди…». (Демак, адибнинг ўқишда юрган даври роппа-роса бир йилга –1924 йил июнидан 1925 йил июн ойларига тўғри келади). Қизил матбуот арбоби Комилжон Алимов, эҳтимол, Абдулла Қодирийни матбуотда бирга ҳамкорлик қилиш таклифи билан «олиб қол»гандир. Иккинчидан, кейинчалик ёзувчи ижодининг қора нуқталари ўлароқ ёдга олиниб, танқид этилган «Масков хатлари» ҳаммага ҳам хуш ёқаверган бўлмаса керак. Негаки, унда ҳақиқатни кулгили йўлда айтиш, мавжуд ижтимоий, адабий ҳаётга, маданий-маърифий таълим тадбирлари жараёнига нисбатан танқидий руҳ кучли эди. Шуниси ибратлики, Абдулла Қодирий ўзгача бир муҳитда ҳам ўз услубига, ўз қаламига содиқ қолади. Шу маънода, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодининг Масков даври ҳозирги мавжуд саёз талқинларга нисбатан – далиллар асосида – анча чуқурроқ ва теранроқ тадқиқ этилиши лозим.

Баҳодир КАРИМ,

адабиётшунос олим