Мақолалар

Хом гапга пишиқ жавоб: Ўзингиз сақлай олмаган юкингизни бошқа қандай кўтарсин

Чоп этилди Sentabr 18, 2019 Хом гапга пишиқ жавоб: Ўзингиз сақлай олмаган юкингизни бошқа қандай кўтарсинda fikr bildirishni o'chirish

Искандар ўз аъёнларидан бирига бир сирни изҳор этган эди. У сирни сақлашга кўп ҳаракат қилди. Охири ундан сир ошкор бўлди. Бу эса Искандарнинг қулоғига етди. Искандар Арастудан:

– Эй ҳаким, бир киши бошқа бир кишининг сирини фош қилса, унга қандай жазо бериш керак? – деб сўради.

Арасту:

– Мақсадингни янада равшанроқ айт! – деди.

Искандар:

– Мен фалон кишига бир сир айтган эдим. у сиримни фош қилибди. энди унга жазо беришни хоҳлайман, – деб жавоб берди.

Ҳаким айтди:

– Эй подшоҳ, ундан хафа бўлма ва уни жазолама. Ўз сирингни ўзинг сақлай олмабсан, у бечора қандай сақласин!