Мақолалар

АБУ ДАБИ, ДУБАЙ, ШАРЖА МАСЖИДЛАРИ

Чоп этилди Sentabr 18, 2019 АБУ ДАБИ, ДУБАЙ, ШАРЖА МАСЖИДЛАРИda fikr bildirishni o'chirish

Бирлашган Араб Амирликларининг ҳар бир шаҳрида турли дизайн ва ҳажмдаги кўплаб масжидлар барпо этилган.

Абу Дабида 150 та масжид бор.

“Оқ масжид”. У Абу Дабидаги ва бутун БААдаги энг машҳур масжид – Шайх Зайд жомеидир. Оқ масжид фақат йириклиги ва ҳашамати билан эмас, ҳамма сайёҳлар ҳам кира олмаслиги билан эътиборга тушган. Фақат 2008 йилдан бошлабгина уни томоша қилишга мусулмонлар билан бирга, бошқа диний конфессия вакилларига рухсат берилди.

“Ал-бадия”. Амирлик лардаги энг йирик масжид билан танишган сайёҳларга унчалик катта бўлмаган Фужайро қишлоғига бориш тавсия этилади. Бу ерда мамлакатдаги энг қадимий обидалардан бири – “Ал-бадия” масжиди жойлашган.

Эрон масжиди. У БААдаги ўзига хос диний иншоотлардан бири сифатида тилга олинади. Масжид форс меъморчилиги андозасида қурилган. Унинг пештоқига ҳаворанг ва кўк плиткалар қопланган ҳамда деворларига жимжимадор безаклар солинган. Бундаги гуллар тасвирлари орасига Ислом хаттотчилиги асосида ояти карималар туширилган.

Дубайда 1400 га яқин масжид бор.

Улардан энг машҳурлари:

“Жумайро” масжиди. Мегаполиснинг диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади. У замонавий технология асосидаги қурилиш ишлари ва ўрта асрлар ислом меъморчилиги тамойиллари уйғунлаштирилган ҳолда барпо қилинган.

“Бур Дубай” (Катта масжид). Унга 45 та кичик гумбаз ўраб турган тўққизта катта гумбаз билан оро берилган.

Ал-Форуқ Умар ибн Хаттоб масжиди.

Халқ тилида “Ҳаворанг” масжид. Жомега усмонийлар ва андалусия услубида безак берилган.
Халифа Таййор масжиди. Бу масжид экологик тоза материаллардан қурилгани сабабли “Яшил” масжид деб аталади. Масжид суғоришга ишлатиладиган сув билан совутилади.

Шаржада 1111 та масжид бор.

Қирол Файсал масжиди жамоатчилик-маданият маркази ҳамдир.

Бир вақтда уч минг киши ибодат қилиши мумкин бўлган “Ал-Махфира”, 34 та хушбичим гумбаз билан оро берилган “Ан-нур” масжидлари ҳам эътиборга молик.

Амирликнинг бошқа шаҳарларидагидан фарқли ўлароқ, Шаржадаги масжидларга фақат мусулмонлар кира олади. Бошқа сайёҳлар эса уларнинг фақат ташқарисини томоша қилиш билан кифояланади.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан