Мақолалар

Олтин тухум Уҳуд тоғидан оғирроқ келди

Чоп этилди Sentabr 19, 2019 Олтин тухум Уҳуд тоғидан оғирроқ келдиda fikr bildirishni o'chirish

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) Исломга киргач, қулликдан қутулиб, озодликка эришмоқчи бўлганида, у зотнинг яҳудий хўжайини қирқта хурмо дарахтини экиб, парваришлаб бериши ҳамда қирқ қуйма олтин эвазига озод қилишини билдирди.

Буни эшитган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Биродарларингга ёрдам беринглар”, дедилар. Улар менга хумс ва ушрлардан бир талай нарса тўплаб беришди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўчат ўтказиш учун чуқур ковла, аммо ўзинг унга бирор кўчат­ни ўтқазма, ўзим бориб уларни ўтқазаман”, дедилар.

Дўстларим билан биргаликда чуқурларни ковлаб бўл­дик. Мен хурмо кўчатларини келтириб берардим, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса уларни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортардилар.

У кишини ҳақ билан юборган Зотга қасам, хурмолардан бирортаси ҳам нобуд бўлмасдан, барчаси бир йилда ҳосилга кирди. Энди тўловдан фақат тилло қолганди.

Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг ҳузурларига саҳобалардан бири кондан топиб олган тухумдек келадиган тиллони кўтариб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Буни мискин, мукотаб[1] Салмон Форсийга бер, қарзини тўласин”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Бу билан қарзимни қандай тўлайман?” дедим.

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу): “У билан қарзимни тўладим. Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тухумдек келадиган тилла билан ёрдам бердилар. Агар уни Уҳуд тоғи билан солиштириб кўрилганда, албатта, ундан оғир келарди”, деди[2].

 

[1] Маълум мол-мулк эвазига озод қилиниши ҳақида шартнома тузилган қул.

[2] Ҳасан ҳадис. Имом Аҳмад “Муснад”ида келтирган. Ибн Ҳишом 1/214.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм