Мақолалар

Паркент тажрибаси яхши самара берди

Чоп этилди Sentabr 19, 2019 Паркент тажрибаси яхши самара бердиda fikr bildirishni o'chirish

Паркент тумани бош имом-хатиби Мансур МАНСУРОВ билан суҳбат

– Домла, суҳбатимиз бошида туманда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гаплашсак.

Паркент туманидаги мавжуд 12 та масжиднинг аксарияти таъмирланди. Жумладан, Паркент шаҳридаги “Бешкапа” масжиди, туманимиз чекка ҳудудида жойлашган “Нулак ота” жоме масжиди замонавий қиёфа касб этди. 2018-2019 йилларда тумандаги “Одил ота”, “Кунгай”, “Файзуллахонбой” жоме масжидларини қайта қуриш режалаштирилган эди. Айни пайтда қурилиши якунланган “Одил ота” масжидида пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Яқин кунларда намозхонларимиз ихтиёрига топширамиз, иншоаллоҳ. “Сўқоқ” қишлоғидаги эски “Кунгай” масжиди кенгроқ жойга кўчирилиб, пойдеворига биринчи ғишт қуйилиш арафасида. Бир юз эллик йил олдин қурилган “Файзуллохонбой” масжиди учун 25 сотих ер ажратилди.

Туман масжидларидаги шароитлардан намозхонлар мамнунми?  

– Ҳа, албатта. Масжидларимиз бугунги замон талабларига жавоб бера олади. Паркент шаҳрининг аҳолиси кундан кун кўпайиб боряпти. Шу боис бу ерда фаолият юритаётган иккита масжид мўмин-мусулмонларимиз эҳтиёжини қондиролмаяпти. Айниқса, жума, таровеҳ намозларида масжидларимизда жой етишмайди. Ушбу муаммони “Гулобод” маҳалласида ҳашар йўли билан қурилган маҳалла масжидини ишга тушириш орқали ҳал қилиш мумкин.

Бундан ташқари, туманимизнинг тоғли ҳудудида жойлашган Кумушкон қишлоғида маҳаллий масжид бор бўлса-да, намозхонларимиз жума намозига қўшни қишлоқдаги масжидга қатнайди. Бу эса ёғингарчилик пайтида, айниқса,  машаққат туғдиради. Ушбу маҳалла масжиди ишга тушса, нафақат ҳудуд аҳолисига, балки Кумушконга келган дам олувчилар, “Масжидали бобо” қадамжоси зиёратчиларига ҳам қулай бўлади.

– Тумандаги имом-хатиблар ҳудуд аҳолисининг диний-маърифий саводхонлигини ошириш бўйича қандай ишлар қилишяпти?   

– Ҳар пайшанбани имом-хатиблар учун “Маърифат куни” сифатида белгилаб олганмиз. Унда жума намозига тайёргарлик кўрамиз, аҳолидан тушган саволларга жавоб қидирамиз. Ҳар жума имом-хатибларимиз ўрин алмашади: бошқа бир масжидга бориб, жамоатга маъруза қилади, жума намозини ўқиб беради. Бу тажриба имом-хатибларимизнинг ўз устида ишлашига, аҳоли ўртасида танилишига туртки бўляпти. Энди ушбу яхши тажриба бутун Тошкент вилояти бўйлаб жорий этиладиган бўлди.

Тошкент вилояти вакиллиги ташкил этадиган семинарларда туманимиз имом-хатиблари фаол қатнашиб, малакаларини ошириб келмоқдалар.

Ҳозирги давр имом-хатиби қандай бўлиши керак?

– “Имом” сўзи “пешқадам” деганидир. Шу боис бугунги имом-хатиб диний билимларни чуқур эгаллаш билан бирга дунёдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ахборот технологияларидан яхши хабардор бўлиши, ўз устида янада кўпроқ ишлаб малакасини оширмоғи лозим.

Бугун мадраса ва олийгоҳларни битириб, йўлланма билан масжидларга ишга келаётган ёшларимиз ҳам малакали имом-хатиблардан кўпроқ иш ўрганиши, илм олишда бардавом бўлиши ва одамларнинг кўнглига йўл топишни билиши керак.

– Раҳмат, домла. Барча хайрли ишларингизда Аллоҳ мададкор бўлсин.

 

Баҳриддин ХУШБОҚОВ суҳбатлашди.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан