Мақолалар

Глобаллашув ўзликни йўқотиш эмас

Чоп этилди Sentabr 19, 2019 Глобаллашув ўзликни йўқотиш эмасda fikr bildirishni o'chirish

Албатта, глобаллашув бутун дунёда рўй бераётган, ор­қага қайтмайдиган жараён. Бошқа мамлакатлар қатори биз учун ҳам зарурий. Лекин у бирёқлама бўлмаслиги керак. Глобаллашув миллий ўзликни йўқотиш дегани эмас! Дунё тамаддуни турли халқларнинг ўзига хос анъаналари, маданияти, маънавий қадриятлари билан гўзал ва бой ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири яшаш ва равнақ топишга ҳақли. Лекин қайсидир давлат ёки давлатлар, қайсидир халқ ёки халқлар глобаллашувни ўз менталитетидан келиб чиқиб, ўзгаларга тиқиштириши адолатдан эмас. У ҳолда бу жараён бир томондан фойда қилса, иккинчи тарафдан жиддий зарар келтириши, асрий қадриятларга шикаст етказиши, халқ ўз илдизидан айрилган “омма”га, миллат ўз қиёфасини йўқот­ган “манқурт”га айланиб қолиши эҳтимолдан узоқ эмас. Бундай хатарга йўл қўймасликнинг чораси битта: ўзга­лар қадриятини камситмаган ҳолда ўз қадриятларимиз­ни маҳкам туриб ҳимоя қилишимиз, лозим бўлса, жумла жаҳонга кўрсатишимиз керак.

“Одамлар оловга ўхшайди, деган эди донишмандлардан бири, – иссиғидан баҳра ол-у куйдиришидан эҳтиёт бўл”. Тараққиёт мевалари ҳам худди шундай, ундан қўрқиш эмас, фақат тўғри фойдалана билиш керак. Қандай мақсадда қўлласангиз, ўша тарафга етаклайди.

Мамлакатимизда бошланган барча эзгу ишлардан кўзланган асосий мақсад – юртимиз салоҳиятини ошириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, озод ва обод Ватан пойдеворини мус­таҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган. Ёшларимизнинг ўқиб-ўрганиб, замонавий илмларни эгаллаган,  соғлом ва маънавий етук авлод бўлиб вояга етиши йўлида кенг кўламли ишлар қи­линяпти, зарур шароитлар яратиляпти.

Ҳар йили миллионлаб маблағ сарфланиб, замона­вий мактаб ва коллежлар қурилмоқда, улар энг сўнгги русумдаги ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъ­мин­ланмоқда. Шундай экан, давлатимиз фарзандларимиз истиқболи учун муттасил қайғураётган бир пайтда тарбияни издан чиқарувчи, маънавиятини кемирувчи ҳар қандай ёт таъсирлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш, дунё­да кечаётган ахборот таҳдидига қарши ёшларимизда соғлом иммунитетни шакллантириш, огоҳликни бир дақиқа бўлсин қўлдан бой бермаслик – бугун сув ва ҳаводек муҳим заруратга айланган.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм