Мақолалар

Қалбдаги Амир Темур ёхуд Люсьен Кереннинг ўчмас ҳақиқатлари

Чоп этилди Yanvar 18, 2019 No Comments

Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур шахсини ўрганган кўплаб тадқиқотчилар орасида франциялик машҳур олим Люсьен Керен номи алоҳида аҳамиятга эга. Ўзининг сўнгги 40 йиллик умрини темурийлар даврини ўрганишга бағишлаган бу инсон илмий изланишлари натижасида буюк Амир Темур ҳақида кўплаб янги маълумотларни топди ва уларни европаликларга танитишда катта ҳисса қўшди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ғайрат Шукуров бу инсон ва унинг бобокалонимиз ҳақидаги қимматли маълумотларини биз билан баҳам кўрди.

– 2005-2007 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида пресс-атташе лавозимида ишладим ва шу давр мобайнида Люсьен Керен билан қадрдон бўлдим. У мамлакатимизга ўзгача меҳр қўйган, юртимиз тарихи ва маданияти билан чиндан қизиққан, элчихонамиз ташкил этадиган барча тадбирда фаол қатнашиб, беғараз ёрдамини аямайдиган бу инсон Ўзбекистоннинг яқин дўсти эди. Унинг Амир Темур бобомиз шахсига бўлган ҳурмати ва эътибори таҳсинга лойиқ. Афсуски, бир неча йил олдин Люсьен Керен дунёдан кўз юмди. Унга бўлган ҳурматимнинг рамзи сифатида олим билан бўлган кўплаб суҳбатларнинг баъзиларини ҳавола қилиш фойдадан холи эмас, деган фикр билан қўлга қалам олдим.

Люсьен Керен Амир Темур ҳақидаги икки йирик китоб ва ўнлаб мақолалар муаллифи. Темурийлар тарихи, санъатини ўрганиш ва француз-ўзбек маданий алоқалари уюшмасининг асосчиси ва раиси, уюшма нашр этадиган “Темурийлар” журналининг муҳаррири сифатида ишлади.

Люсьен Керен 1920 йилда Страсбургда туғилган. 10 ёшида отаси Париж префектурасидан иш топгач, оиласи билан Парижга кўчиб келган. Унинг ёшлиги Парижнинг Сант-Луи оролида ўтган. Маълумот учун айтиш жоиз, дунёга машҳур Нотр-Дам черкови ана шу ерда жойлашган. (Худди шу черковда император Наполеон  биринчи рафиқаси Жозефина билан никоҳдан ўтган). Ҳарбий хизмат давригача  ўша ерда яшади. У даврда ҳарбий хизмат 20 йил давом этар эди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Люсьен Керен кўнгиллилар сафига қўшилиб, жангларда иштирок этди.

Люсьен Керен илк маротаба Амир Темур номини эшитганини қуйидагича ҳикоя қилган эди: “Парижда илмий лабораторияда ишлаб, Сарбонна университетига ўқишга кирдим ва 1951 йилда кимё соҳасида номзодлик диссертациясини ёқладим. Илмий даражам келгуси ишларим ривожига катта имкон яратди. Шу туфайли менга Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳридаги илмий лабораторияда биокимё бўйича дарс беришни таклиф этишди. У ерда Россиядан 1917 йилдан сўнг Бразилияга келиб қолган бир рус кишиси билан танишиб қолдим. Биринчи марта Самарқанд ва Амир Темур ҳақида ўша одамдан эшитдим. Унинг ҳаяжонланиб гапиришидан завқланиб кетардим. Амир Темур бир неча бор тушларимга ҳам кириб чиққан. Шундан кейин менда буюк Темур шахсига нисбатан қизиқиш уйғонди ва бўш вақтларимни шу инсон ҳақидаги маълумотларни излаш билан ўтказа бошладим. Рио-де-Жанейро шаҳрининг кўпгина кутубхоналарида бўлдим ва ниҳоят Португалия қиролининг Бразилия ҳукуматига совға қилган китоблари орасидан қиролнинг шахсий муҳри босилган “Зафарнома”ни топишга муяссар бўлдим. Тўртта катта томдан иборат бўлган бу китоб форс тилидан Франция қироли Луи XIV учун махсус таржима қилинган. “Зафарнома”дан Амир Темур ҳақида кўп тарихий маълумотларни билиб олдим…”.

Бразилиядан сўнг Люсьен Керен Марокашга ишга юборилди ва худди шу даврда ЮНЕСКО дастури доирасида бир гуруҳ марокашлик мутахассислар таркибида ирригация қурилмалари билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келади.

“Ўзбекистонга боришдан олдин Работ шаҳрида Менглижери исмли одам билан танишиб қолдим, – деган эди Люсьен Керен. – У менга “Самарқанд билан қизиқсанг, сени Парижда яшайдиган Қўқон хони авлоди Исломбек Худоёрхон билан таништириб қўяман”, деди. Парижга келгач, Исломбек билан танишиб, дўстлашиб қолдим. У менга Ўзбекистондек гўзал диёр дунёда ягона экани, унинг Самарқанд, Бухоро каби афсонавий шаҳарлари ва Фарғона водийсининг бепоён дала-боғлари ҳақида тўлқинланиб гапириб берарди. Ўша пайтда Исломбек Афғонис­тоннинг Париждаги элчихонаси маданий масалалари бўйича атташеси эди. У Россиядаги инқилобдан кейин Афғонистонга бориб қолган ва кейинчалик ўша ерда рус аёлига уйланган экан.

Шундай қилиб, 1961 йилда илк бор Ўзбекис­тонга келдим. У ердаги ирригация тизимларини ўрганиб, хулоса чиқардим. Камчиликлар кўп эди. Ҳисоботимда ҳаммасини кўрсатиб ўтдим. Сафар чоғида кўпгина ўзбек хонадонларида меҳмон бўлсам-да, у замонда Амир Темур ҳақида баралла гапириб бўлмасди. Аммо уларнинг дилларида мен учун тушуниб бўлмайдиган қандайдир дард борлигини сезардим. Ниҳоят, Самарқандга келиб, орзуим ушалди. Буюк ёдгорликларни кўриб, ҳайратда қолдим. Кўрганларим, эшитганларимдан минг бор зиёда бўлиб чиқди. Бетакрор тарихий иншоотларни кўриб, бундай сарой ва мақбараларни фақат одил ҳукмдор бошчилигидаги қудратли давлатгина барпо этиши мумкинлигини англадим. Шу таассуротлар билан Парижга қайтиб келдим”.

Кейинроқ Люсьен Ливанга ишга юборилганда у бундан ниҳоятда хурсанд бўлади. Чунки Дамашқда Амир Темурнинг қадами теккан ерларни зиёрат қилиш имкони туғилган эди.

“Араб тарихчи олими Ибн Холдун маълумотларида ёзиб қолдирган буюк саркарда Темурбек Сурияга юриш қилган чоғида бир кун тўхтаб, отларни суғорган жойини бориб кўрганман, – деган эди Люсьен Керен. –  Ибн Холдуннинг ёзишича, Амир Темур ўта зийрак ва ақлли инсон бўлган. Билганларини ҳаётда қўллаб, янги нарсаларни ўрганишга интилган. Жангларни моҳирлик билан олиб борадиган салоҳияти юксак лашкарбоши бўлган. У зафар қучган мамлакатларининг фан, маданият ва санъатини ривожлантиришга ҳисса қўшган. Амир Темур  кўп давлатларни жангсиз – тадбир билан эгаллаган. У жангга киришдан олдин чопар юбориб,  кимки ўзи таслим бўлса, ҳеч қандай солиқ солинмайди, дерди, агар таслим бўлишни истамай, қаршилик кўрсатса, уларга жуда катта солиқ тўлаттирар эди. Шу йўл билан Бағдод ва Уммон шаҳарларини жангсиз фатҳ этган.

1396 йилда Султон Боязид Европани ишғол эта бошлади. Шунда Кастилия қироли Европа мамлакатларига мурожаат қилиб, ёрдам сўраганида бирортасидан ҳам садо чиқмайди. Кейин коалицион кучларни ташкил қилишга қарор қилишди ва унга қўмондон этиб генерал Дюк Бурбон тайинланди. Руминияда бўлган жангда султон Боязид қўшинларининг қўли устун келади ва коалицион кучларнинг барчаси қириб ташланади. Боязид Константинополнинг атрофини эгаллаганидан кейин Европа ичкариси томон юришини давом эттиради. Шу вақт ичида Европадан нажот топмаган Кастилия қироли Амир Темурга мурожаат қилади. У ёрдам беришга рози бўлади. Шундай қилиб, Амир Темур саксон минглик қўшини билан Ҳиндистондан олиб келинган филлар ва отларда Анқара остоналаригача бориб, катта жангда ғалаба қозонади”.

…Люсьен Керен ХХ асрнинг иккинчи ярмида ижод этган ва Амир Темур шахсига бағишланган йирик тадқиқотларнинг муаллифи ҳисоб­ланади. Умуман, Люсьен Кереннинг асарлари ўзининг холислиги ва манбаларининг бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. У Амир Темур шахсини нафақат саркарда, шу билан бирга буюк давлат арбоби, фан ва санъат ҳомийси, юксак дипломат сифатида ҳам холис ёритган олимдир. Чунки Люсьен Керен Европада мавжуд бўлган Амир Темурга оид деярли барча манбаларни атрофлича ўрганган ва уларни шарҳлаб, қайта нашр эттирган.

Унинг “Амир Темур салтанати” китоби 1999 йилда иқтидорли ёш ўзбек олими Баҳодир Эрматов томонидан ўзбек китобхонларига тақдим этилди. Люсьен Керен Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб, Ўзбекистонда тайёрланган ва чоп этилган “Амир Темур жаҳон тарихида” номли йирик тадқиқотнинг асосий муаллифларидан бири ҳисобланади.

“Амир Темур ўз даврида суғурта тизимини ҳам ишлаб чиққан: кимнинг ҳудудида ўғрилик ёки босқинчилик содир этилса, ўша ҳукмдордан молларининг беш баравар нархини ундириб олар эди, – деган эди Люсьен Керен. – Ҳамма қонунга тўлиқ риоя қилган. Қозиларга ҳар бир одам мурожаат этиши мумкин бўлиб, котибият ишига ҳам катта аҳамият қаратилган. Ҳар бир қарорнинг нусхаси олиниб, рақам берилар ва архивга олиб қўйилар эди. Афсуски, бугунги кунгача кўп ҳужжатлар сақланиб қолинмаган. Амир Темур оддий, камтарин инсон бўлган. Жанг­ларга ҳар доим аскарларни ўзи етаклаб борар, соғ бўлса отда, касал пайтида аравада бирга борарди. Минглаб километр масофани катта қўшини билан отларда босиб ўтган. Унинг қўшинлари ичида турли миллат ва элат вакилларига мансуб кишилар бор эди. Ҳиндистон, Хитой ва ҳатто Эфиопиядан аскарлар бўлган.

Буюк саркарда қўшинида молиялаштириш тизимини қандай ишлаб чиққани тўғрисида кўп ўйладим. Турли манбаларни ўрганиб чиқиб, қўшинлар солиқлар ҳисобидан сақланган экан, деган хулосага келдим. Баъзи жойларда худди божхонадаги каби постлар бўлиб, ундан ўтадиган савдогарлардан солиқ олинар экан. Бу инсон нафақат лашкарбоши ва давлат арбоби, балки ўз фаолияти билан жаҳон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган тарихий шахс сифатида кўз олдимизда гавдаланади. Айнан Амир Темур Европани усмонийлар империяси забт этишидан сақлаб қолган. Бу жаҳон тарихида муҳим ўрин тутади. Унинг ҳукмронлиги даврида Самарқанд дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланди. У ўз атрофига нафақат салтанати, балки дунёнинг тўрт томонидан ўша даврнинг энг таниқли ҳунарманд, олим ва санъаткорларини йиққан. Бетакрор санъат асарлари Амир Темур авлодлари орқали Ҳиндистонгача етиб борган. Мирзо Бобур ҳам Самарқанддан усталарни Ҳиндистонга келтириб, дунёга машҳур санъат асарлари яратган”.

…Люсьен Керен кимё мутахассиси бўлишига қарамай, тарих соҳасида ҳам катта натижаларга эришди. Амир Темур шахсини ўрганиш бўйича улкан ишларни амалга оширди ва у ҳақда дунёдаги кўплаб манбаларни ўрганиб чиқиб, Амир Темур ҳаётига оид тарихни холисона, объектив тарзда ёритди. У Испаниянинг Амир Темур салтанатига юборилган элчиси Клавихо ёзган китобни француз тилига таржима қилиб, муҳим маълумотларга эга бўлди. Оқсаройнинг ҳақиқий ўлчамини ҳам шу китобдан топган.

“Анқарадаги жангда султон Боязид қўшинларини тор-мор этган Соҳибқирон томонидан озод этилган Испаниянинг икки элчиси ўз юртларига жўнаб кетишни сўраганларида Амир Темур Кастилия қироллиги билан алоқаларни ўрнатиш ниятида уларга қўшиб ўз элчиси Муҳаммад ал Кешни юборади. Қиролга совға сифатида Боязид ҳарами асираларидан юнон-венгер насабига тегишли уч нафар маликани христиан дунёсига қайтариш мақсадида элчиларга қўшиб юборган. Бу афсона эмас, балки бўлиб ўтган воқеадир. Элчиларнинг Испаниядаги Кадис портига келгани ва ўзлари билан учта маликани олиб боргани ҳақидаги далилий ҳужжатлар ҳам бор. Ўша пайтда Кастилия қироли Энрико III Сеговия шаҳрининг энг ҳашаматли қасрида элчиларни катта ҳурмат билан кутиб олади. Маликалар шунчалик гўзал эдиларки, ўша заҳоти уларнинг довруғи бутун Сеговия бўйлаб тарқалиб кетди. Маликаларнинг энг каттаси Анжелина 20 ёшда эди. Уни Сеговиянинг губернатори севиб қолиб, қиролдан уйланишга розилик сўрайди. Шундай қилиб, маркиз де Контрерас Анжелинага уйланади ва Сеговиядаги кичик қасрда бахтли ҳаёт кечиради.

Мен Испанияга борганимда шу воқеалар ҳақида маълумотлар тўплаш учун Сеговияда бўлдим. Маркиз де Контрерас авлодлари билан учрашдим. Улар Амир Темур ва авлодлари ҳақида китоб ёзаётганимни эшитиб, жуда хурсанд бўлди. Мен ҳатто Маркиз де Контрерас ва Анжелина истиқомат қилган қасрда бир кеча тунаб қолдим. Эртаси куни Анжелинанинг қабрини зиёрат қилдим. Ундаги қабр тошида “Темурбек томонидан юборилган донна Анжелина” деб ёзиб қўйилган. Қолган икки малика ҳам испан зиёлиларига турмушга чиққан ва мамлакатнинг жанубида яшаган. Бироқ, улар ҳақида маълумотлар анча кам.

Амир Темур ҳаёти ҳақида ҳақиқатни ёзиш ва мунтазам изланиш олиб бориш керак. Унинг муҳрида “Куч адолатдадир” деб ёзилган. Бу гапларнинг тагида чуқур маъно бор. Амир Темурни дунёга танитиш учун у ҳақда фильмлар яратиш, театрда саҳналаштириш керак. Чунки европаликлар театрга алоҳида эътибор билан қарашади. Томошабинлар олдида саҳнада тирик сиймо гавдаланади. Мен ўзим Амир Темур ҳақида ҳақиқатни юзага чиқариш мақсадида пьеса ёздим. Унда инсоний ҳис-туйғулар, севги ва оддий ҳаёт тарзи акс эттирилган. Пьесамни саҳналаштириш учун собиқ совет даврида Ўзбекистонга декорация ва кийимларни сўраб мурожаат қилган эдим. Бироқ, менинг пьесамни ўқиб, Амир Темур билан севги бир-бири билан ҳеч боғланмайди, деб жавоб қайтаришган. Шу сабабли пьесам саҳналаштирилмай қолган”, деган эди Люсьен Керен.

…Афсуски, Люсьен Керенга ўз пьесасини саҳнада кўриш насиб қилмаган бўлса-да, европаликлар унинг асарлари орқали юртимиз тарихи, маданияти ва санъатини янада яқиндан таниди. Олис Франция ўлкасида темурийлар даврини тарихий манбалар асосида янги далиллар билан бойитиб, тарихимизга бебаҳо маълумотларни ёзиб қолдирган бу инсоннинг номини ҳамиша ҳурмат билан ёдга оламиз. Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Люсьен Кереннинг тарихни тиклаш борасида олиб борган қизғин фаолиятини юксак баҳолаб, 1996 йилда  “Шуҳрат” медали билан тақдирлагани ҳам бежиз эмас эди…

Бобур ЭЛМУРОДОВ тайёрлади.

Манба: milliytiklanish.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan