Мақолалар

ЖИН ВА ШАЙТОНЛАР ЗАРАРИДАН САҚЛАНИШ ЙЎЛИ

Чоп этилди Yanvar 18, 2019 No Comments

Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирганлар: Қоронғи тушса, болаларингизни ташқарига чиқишдан қайтаринг. Чунки у маҳалда шайтонлар тарқалади. Қоронғи тушганидан сўнг, бирон соат ўтганидан кейин уларни ўз ҳолига қўйинг. (Ётар маҳалда) Аллоҳ исмини зикр қилиб, эшигингизни беркитинг. Аллоҳ исмини зикр қилиб, чироғингизни ўчиринг. Аллоҳ исмини зикр қилиб, мешингиз оғзини боғланг ва Аллоҳ исмини зикр қилиб, идишингиз устини ёпинг. Ҳеч нарса топа олмасангиз, идиш устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, ёпинг”  (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Маълумки, жин ва шайтонлар одамларга аралашиб яшайди. Уйида тунайди, таомидан ейди, фарзандлари, бойликларига шерик бўлади. Инсон ўзича бу ҳолатдан чиқиб кетолмайди. Боиси, жинлар кўзимизга кўринмайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шайтон зараридан сақловчи, дунё ва охират яхшиликларини жамловчи, саломатлик гарови бўлган бир неча одобларга буюрадилар. У зот (алайҳиссалом) кўрсатмаларига амал қилган киши шайтон ва жинларни ўзидан йироқ тутиши, зараридан омонда бўлиши мумкин.

Ҳадисда  кундалик ҳаётимизда доимо учраб турадиган ва бўйсунишимиз шарт бўлган ишлар ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматлар назарида арзимас бўлиб кўринса ҳам, аслида ўта муҳим ишларни ўргатмоқдалар. Улардан бири, “Қоронғи тушиши олдидан болаларингизни уйга киритинг”. Сабаби, шом – жин ва шайтонлар тарқаладиган вақт. Айтишларича, шайтон зулматни яхши кўради ва ундан ўзига куч олади, нур ва ёруғликни эса ёмон кўради. Улар фарзандларимизга зарар етказиши мумкин. Чунки болалар ўйинга берилиб, қоронғу тушганини ҳам, узоқроққа кетишганини ҳам сезмай қолишади. Шом вақтида катталар доимо ҳушёр туриши, уларни уйда, доимий машғулот билан банд этиши ўта муҳим. Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Кўпинча болалар таҳоратли бўлишмайди, Аллоҳ таолони зикр этишмайди. Шайтонлар эса шомда, ер юзига тарқалаётган вақтда ҳар ким, ҳамма нарса билан боғланишга уринади. Шунинг учун улар болаларни васваса қилиб қўйиши мумкин”.

“Эшигингни беркит ва Аллоҳ исмини зикр қил”. Уй эшигини доимо ёпиб юриш, буни оила аъзоларида ҳам шакллантириш керак. Бу иши билан мўмин, аввало, Аллоҳ ва расули амрига бўйсунган, қолаверса, турли нохуш ҳодисалардан сақланган бўлади. Мусулмон ҳар бир нарсада Аллоҳ зикрини унутмаслиги лозим. Зеро, Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Киши уйига кирганда ҳамда таоми устида Аллоҳ таолони зикр этса, шайтон(бошқа шайтонларга): “Сизга энди тунайдиган жой ҳам, таом ҳам йўқ”, деб айтади…» (Имом Бухорий).

Чироғингни ўчир ва Аллоҳ исмини зикр қил”, деган буйруқ чироқни ўчирмай ётишда ҳам катта зарарлар борлигини англатади. Улардан бири уйнинг ёниб кетиш эҳтимоли мавжудлигидир. Ҳадисдаги «фосиқча» сичқондир. Ўша замонда, ўтган аср ўрталаригача ҳам одамлар пиликли чироқдан фойдаланиб келган. Сичқон унга яқинлашиши, туртиб юбориши мумкин бўлган. Шу сабабдан уйларга ўт кетиш ҳоллари ҳам кузатилган. Тунда, зарурат бўлмаса-да, чироқни ўчирмай ётиш бошқа ёмон оқибатларга ҳам олиб келади. Масалан, оила иқтисодига зарар етади. Яна кечаси чироқ ёқиб ухлайдиганлар узоқни кўра олмаслик касаллигига йўлиқишини тиббиёт исботлаган.

“Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳ исмини зикр қил”. Озиқ-овқат, ичимлик идишлари устини ёпиб юриш керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу ишни алоҳида таъкидлаб айтмоқдалар. Шунда егуликларимизга турли ҳаром, зарарли ва шубҳали нарсалар тушишидан сақланган бўламиз.

Мешингни боғла ва Аллоҳ исмини зикр қил. Бу ерда егулик сақланадиган меш, қоп, саноч сингари оғзи ип билан боғланадиган нарсалар назарда тутилмоқда. Эътибор берсак, ушбу ишларни Аллоҳ исмини зикр қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Чунки шундай қилинмаса, қанчалик ўраб-беркитган билан барибир шайтон таом ва ичимликлардан ўз насибасини олади. Доимо Аллоҳнинг исмини айтиб иш қилиш керак, ана ўшандагина Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганларидек: «Бас, шайтон мешларни ечолмас. Эшикларни очолмас. Идишлар устини очолмас» (Имом Бухорий ривояти).

“Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идиши устига бир чўпни кўндаланг бўлса ҳам, Аллоҳ исмини зикр қилиб қўйсин”. Уламоларимиз шарҳларда чўп бир сабаб холос, Аллоҳ таолонинг исми сақлашни юзага чиқаради, дейишган.

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Идишлар устини ёпинг, мешкоблар оғзини боғланг. Чунки йилда бир кеча бор, унда вабо тушади. Ёпқичи йўқ идиш, боғичи йўқ мешкоб олдидан ўтганида ўша вабодан, албатта, уларга тушади”, дея огоҳлантирганлар (Имом Муслим). Яъни, йил-ўн икки ой давомида егулик сақланадиган идишлар беркитилган ҳолда бўлиши таъкидланмоқда. Ҳозирги замон тиббиёт илми ҳам узоқ муддат сақланган озиқ-овқатларга тушган микроблар орқали турли касалликлар, хусусан, вабо тарқаши мумкинлигини таъкидламоқда.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг шариати билан бирга биз умматларнинг барча масалаларига жавоб, муаммоларига ечим, юзага келиши мумкин бўлган зарарлар олдини олувчи ва манфаатларни жалб қилувчи улкан илм манбаини тақдим этдилар. Агар ҳар бир мусулмон нурли шариатимизнинг буйруқларига бўйсунса, қайтариқларидан қайтса, дунё ва охиратда нажот топади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини нимадан қайтарган бўлса ўша нарсада унинг учун зарар, нимага буюрган бўлса, унда яхшилик ва фойда бор.

“Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” асари асосида

 “Хадичаи кубро” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Сурайё ИБРОҲИМОВА

тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan