Кўп ишлаган камроқ чарчайди
Дигор халқ мақоллари ва маталларидан
Дигорлар – осетинлар гуруҳига мансуб халқ. Россиянинг Шимолий Осетия, Кабарда-Болқор Республикаларида, Туркия, Сурия ва бошқа мамлакатларда яшайди. Эрон тиллар оиласига мансуб осетин тилининг дигор шевасида сўзлашади. Бу тилда сўзлашувчилар жуда оз қолган. Умумий адади минг кишидан кам.
- Агар сенга танга сўмдай кўринмас экан, бойимайсан.
- Бирга бир пуд туз емагунингча, одамнинг қандайлигини билолмайсан.
- Боғингда ҳосил йўқ бўлса, қуёшни айблама.
- Болага қўйиб берсанг, кўмирни ҳам ейди.
- Бутун оила келинни мақтайверди, кейин келин ҳам ўзини ўзи мақташга ўтди.
- Ёмон бажарилган иш – уч карра оворагарчилик.
- Ёмон одам фақат бир марта яхшилик қилади – ўлганда.
- Ер танбаллик нималигини билмайди, танбаллик қиладиган – одам.
- Иккинчи келин келмагунча биринчиси ҳурмат топмайди.
- Илонни ҳеч ким қучоқламайди.
- Итнинг ҳуришига ва мастнинг гапига эътибор берма.
- Иш бўри эмас, ўрмонга қочиб кетмайди.
- Ишлашни хоҳлаган тоғ чўққисида ҳам ишлайди.
- Катта тегирмон озгина сув билан ишламайди.
- Кичкина болта катта дарахтни қулатади.
- Кўп ишлаган камроқ чарчайди.
- Қарзи кўп одам янги қарздан қўрқмайди.
- Қуёш ухлаб олишингни кутиб ўтирмайди.
- Майда одам ўзини намуна қилиб кўрсатади.
- Маслаҳат яхши, лекин узлуксиз маслаҳат яхши эмас.
- Маънавияти мустаҳкамнинг ақли мустаҳкам бўлади.
- Музда энг эҳтиёткор одам ҳам сирпанади.
- Одамни шарманда қилишда қориндан ўтадигани йўқ.
- Тўғри одамга бировнинг адолатсизлиги ҳам оғриқ беради.
- Турғун сувни моғор босади.
- Ўзини шарманда қилган тез орада бошқаларни ҳам шарманда қилади.
- Умид етакласа, чарчамайсан.
- Эрта турган афсусланмайди.
- Эски қарзларни тўлаш оғир бўлади.
Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан