Мақолалар

Зикр ва фикр мутаносиблиги

Чоп этилди Sentabr 21, 2019 Зикр ва фикр мутаносиблигиda fikr bildirishni o'chirish

Савол берувчи: “Қайси зикр фикрдан (тафаккурдан), қайси тафаккур зикрдан афзалроқ?” деб сўраган эди.

Бу ҳақда фикримиз шундай: Молий ҳуқуқлар ва баданий вазифалар каби ислом қуббалари ва таянчларини муҳофаза қилувчи, ҳаёт истеҳкомини соғломлаштириб, унс уйи иморатини бунёд этувчи зикр – фикрдан афзалроқдир. Чунки бу зикр кўнгил оламида эмас, аъзолар оламида жараён этади. Аъзолардаги зикр шакл ва кўринишга киради. Зикр тил билан ижро этилади, тил эса бир аъзодир. Бу ерда фикрга урғу берилмаяпти, чунки у қалб ишидир ва ушбу зикр кўнгил оламига етишмаган. Бу зикрнинг устунлиги қуйидаги сабабларга кўрадир: бундай мартабада фикр (тушунча, тафаккур) мажбурланмайди. Чунки бу шахснинг кўнгли имон оламини мушоҳада этиш нурлари билан ойдинлашмаган. Банда нафс ва шаҳват қуллигидан қутулмаган. Дунё, мақом ва ҳаёт севгиси пардаси билан дунёда боқийлик орзуси унинг кўнгил кўзида собитдир. Бу ҳолдаги шахснинг тафаккури қоронғу ва ёмғирли бир кечада йўл билмайдиган кишининг юришига ўхшайди. Ҳар қанча юргани билан манзилга етолмайди. Тўғри ва мустаҳкам йўлдан юриши ноёб бир ҳодиса бўлгани билан “нодирнинг ҳукми йўқдир…”.

Бундан ташқари унинг тафаккури кўнгилни очмайди. Чунки у мартаба ва мақомга ҳануз етишмаган. Шу боис ҳануз етишмаган ҳолда бўлгани учун зикр тафаккурдан афзалдир. Зеро, зикр қалбни юмшатади ва кўнгил кўзини мунаввар қилади. Қалб тафаккурини очувчи калит – зикрдир. Шу боис Ҳақ таоло:

“Уйларга эшикларидан киринглар” (Бақара сураси, 189-оят) деган. Ва бу ўз ўрнида амалга ошади.

Қалб билан зикр – дарахт билан сувга ўхшайди. Қалб билан тафаккур эса дарахт билан мевага менгзар.

Дарахтни суғормасдан, унинг гуллаб барг чиқаришини кутмасдан ва у ҳали ғунчаю новда очмасидан туриб, ундан мева талаб қилиш хатодир. Чунки ҳануз мева ҳосил бериш вақти етмаган. Балки дарахтни вояга етказиш вақтидир. Уни суғориш, атрофидаги бегона ўт-ўлан ва зараркунандалардан тозалаш, офтоб ҳароратидан баҳраманд бўлишини кутиш керак. Токи дарахт кўкаради, яшнайди ва ям-яшил баргларга бурканади. Шундан кейингина унинг шохларидан мева тама килиш тўғри ва ўринли бўлади. Ҳақ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазкур нуқтани тасдиқлайди:

“Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган – курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир” (Анкабут сураси, 69-оят). Тилнинг зикри – мужоҳададир. Кўнгилдаги тафаккур эшигини очиш – ҳидоят йўлларини кўрсатишдир.

Ҳақ таоло фармон қиладики:

“Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят). “Солиҳ амаллар” – баданий амаллардир, бу эса зикрдир. “Яхши бир ҳаёт” – тафаккур эшигини очиш ва ҳайвон табиатли нафсоний-дунёвий ҳавас зулматини йўқ қилишдир. Ҳаёт, мол ва мақом севгиси пардаларини тил зикри билан рад этмагунча, имон олами нурларининг байроғи жамол кашфи оламидан кўринмайди…

Бу икки оятдан англашилганидек, аввал мужоҳада қилмоқ даркор, бу эса зикрдир. Зикр натижасида маънавий бир фарзанд туғилади, бу эса Ҳақ йўлларига ҳидоят килувчи фикрдир. Бу ҳолат Ҳақ таолонинг лутфи билан юзага келади. Солиҳ амалга “уйланмагунча” гўзал бир ҳаётни, яъни қалб нурларининг “фарзандини” қўлга киритиб бўлмайди.

Шу сабабли тариқат пирлари саодатларга етишганлар. Улар ҳамма нарсанинг вақти ва ҳаққига риоя қилганлар, ҳамма нарсани ўз ўрнида ҳаққи билан мукаммал адо этганлар. Улар ҳақида: “Бизни тўғри йўлга бошла!” дуо ояти ижобат бўлган эди. Ҳар куни янги бир манзил ва нузул, ҳар куни янги бир марҳала (қўнимгоҳ) ва туҳфа, ҳар куни янги бир мақом ва қурбат уларга Ҳақ даргоҳидан етишади.

Исломнинг фармони бўлмиш баданий ва молий амалларни, вазифаларни адо этмасдан, қалбий тафаккурнинг ибтидоси ва илк шарти бўлган тил зикрини бажармасдан, ўз заковатларига ишониб, ўзларини аҳли фикр деб ўйладилар ва тафаккурга чўмдилар. Ҳақнинг ягоналиги ва улуғлиги ҳақида ақл юритган бундай кимсаларнинг чиркинлиги, зулмати ва адашганлиги янада ортди. Фикрларининг натижасида баъзилари коинотга, табиатга, қуёшга ва ойга сиғиндилар. Баъзилари тафаккурларининг оқибатида илк модда, илк ақл ва илк яратувчи сингари гапларни айтдилар. Баъзилари нубувватни инкор этса, баъзиларининг умматлик даъволари ботил бўлди. Баъзилари Аллоҳ таолони бирон нарсага ўхшатдилар, баъзилар инсонда ирода-ихтиёр эркинлиги йўқлигини даъво қилдилар, баъзилар қадарни нотўғри тушундилар. Хуллас, қиёмат куни мавзуларига қадар ҳар бир масалада ботил, янглиш, ёлғон динларга эътиқод қилиб, боғланиб қолдилар. Чунки бу “закий-зийрак” кимсаларнинг тушунчалари мусулмон уйи – унсият маконини барпо этадиган амал ва зикрдан маҳрум эди.

Ўз фаҳму заковатига ғурурланган “оқил”ларнинг энг ёмон бадбахтликларидан бири – Ҳақ йўлининг йўлчиси бўлган валийларга, Аллоҳ дўстларига душманлик қилишлари ва Ҳақнинг лутфу эҳсон-неъматларини инкор этишларидир. Улар бу дин улуғларидан бўлган аҳлуллоҳ (валийлар)нинг дунёдан йироқлиги ва халқнинг илтифотидан узоқлиги, фосиқларга ҳам меҳру шафқатли ва Ҳақ йўлида ҳалим ва сабрли эканликларини ўз кўзлари билан кўрадилар. Улардан Қуръон ва суннатнинг улуғвор маъноларини, сир-асрорини, саҳиҳ ҳукмларини ва очиқ-ошкор ҳақиқатларини қулоқлари билан эшитадилар. Ва ҳар куни уйғонгач, душманликлари тобора ортади. Кўнгил қулоқлари ҳам карлашиб бораверади. Бу залил, пасткаш малъунларни сифатлаб Ҳақ таоло бундай дейди:

“Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги кўнгиллар кўр бўлур” (Ҳаж сураси, 46-оят). Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳам бу лаънатланган ва Ҳақдан узоқ кимсалар тўғрисида бундай деганлар:

Кўзи кўр киши аъмо эмас, ҳақиқий кўр киши басирати кўр одамдир”[1]. Улар авлиёга берилган илоҳий лутфни рад қилганлари учун бу лутф эшигини ўзларига ёпдилар. Авлиёнинг пок сифатларига ҳурмат назари билан қарамаганликлари ва уларнинг нозик сўзларини эҳтиром билан тингламаганликлари учун авлиёнинг гўзал ахлоқидан, ҳикматларидан ва юксак маъноларидан маҳрум колдилар. Ҳақ таоло буюрадики:

“Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур” (Фотир сураси, 43-оят).

Яна мавзуга қайтамиз. Ҳақ йўли соликларининг улуғлиги ва азамати сўзларга сиғмас. Ўзларини ақлли деб ўйловчи бу аблаҳларнинг чиркинлиги ва фасодини ҳам сўз билан тушунтириб бўлмайди. Аллоҳ таоло бизни буларнинг йўлидан асрасин, лутфу карами бирла севганларининг йўлига бошласин.

Исломий вожиботларни барпо қилишда  унс олувчи кишилар учун зикр фикрдан яхшироқ ва афзалроқ, деган эдик. Чунки зикр фикр эшигини очадиган калитдир. Калит йўқолса ёки калит бировга бериб қўйилса, калитсиз бу эшик асло очилмайди.

Аммо фикрнинг манзилу мақоми гуноҳ ва фисқу фужурдан пок бўлган кўнгилдир. Ҳар турли ғурур, нафсоний васваса ва туйғулар бандидан озод, Ҳақнинг лутф, туҳфа ва нури билан зийнатланган, Ғафурнинг каромоти билан тирик, қиёмат кунининг саодатли эшиги томон интилувчи, сурур ва малакут шодлигига йўл топган бир қалбдир.

Аъзолар турли риёзат ва машаққатлар тортиб жиноят ваҳшатидан покланмагунича, ботиний ва зоҳирий томирларнинг ҳар бирида Аллоҳ хавфи ва қўрқуви сувлари оқмагунича, қалб ҳовузи қазога рози, мусибатга сабр этувчи, неъматга шукр этмагунича кўнгил покланмайди ва озод бўлмайди. Булар юзага келган тақдирдагина қалб ҳурриятга эришади, баданга ҳаловат ва тоат бағишлайди. Маърифатни талаб қилишдаги ташналик миқдорича маърифат ҳаловатини танлайди. Ҳақ таоло ҳам лутфу карами ила унинг тафаккур-тушунча эшигини очади.

Бу тушунча Ҳақнинг элчиларидан бир элчидир. Молик ул-мулк хабарларидан бир хабардир. Мўмин ва Муҳаймин (бўлган Аллоҳнинг) омонлиги ва қаровида манзили бўлган инсон ҳеч қачон қуруқ қўл билан келмайди. Ҳар келишида бир эҳсон-совға билан келади: баъзан яқин нури келтирса, баъзан шукр нурини олиб келади. Гоҳо сабр нури ва сирлар шамъи нури, гоҳо кўз зиёси нурлар келтиради. Гоҳида кашфи мастур, гоҳида эса сирри машҳур олиб келади, баъзида кўнгил сифатларининг саҳроси ва баъзида инсонлик си­фатларининг барчасини ўзи билан бошлаб келади. Баъзан кўнгилнинг валийлик фармонини, баъзан руҳнинг тожу камарини олиб келади. Гоҳо нафсу ҳавонинг йўқлигини, гоҳо қурбият қадаҳини келтиради, баъзан Ҳақни мушоҳада шаробини ва муҳаббат ҳадясини, баъзан қадаҳнинг унсиятини, баъзан эса мулкнинг камарини олиб келади.

 

[1] Суютий. Ал-Жоми ус-сағир. Коҳира, 1982, II, 140-б.

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг

“Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 13000 сўм