Мақолалар

САБРЛИЛАР ИМОМИ

Чоп этилди Yanvar 18, 2019 No Comments

Бу дунёда ҳеч ким Пайғамбаримиз алайҳиссалом учраганчалик мусибат ва машаққатларга дучор бўлмаган. Ҳеч ким оғир синовлар ва қийинчиликларга у зотдек сабр қила олмаган.

Кичик ёшдан етим қолдилар. Фақирлик, очлик, муҳтожлик кўрмаган кунлари кам бўлди. Атрофларида у зотга нисбатан ичи фитна-фасод, ҳасад каби иллатлар тўла одамлар оз эмас эди. Улардан келадиган турли азиятларга сабр қилдилар.

Туғилиб ўсган уйларидан, аҳлларидан узоқда қолишга мажбур бўлдилар. Золимлар зулми, арабларнинг нодонлиги, бадавийлар жафоси, ғайридинларнинг хоинлиги, фитналарига сабр қилдилар. Бироқ на улардан, на тақдирларидан шикоят қилдилар.

Мушриклар, мунофиқлар у зотни шоир, коҳин, сеҳргар, мажнун, ёлғончи дейишди; ўз юртларидан чиқишга мажбур қилишди, азият беришди, таҳқирлашди, қамал қилишди. Барига мардларча бардош бердилар.

Энг қийин дамларда ҳимоячилари бўлмиш амакилари Абу Толиб, вафодор завжалари Хадича розияллоҳу анҳо дунёдан ўтди; севимли амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни шаҳид қилишди; фарзандларидан турли ёшда айрилдилар; покдомон аёллари Ойша розияллоҳу анҳога туҳмат тошлари отишди. Ҳаммасига сабр қилдилар.

Сабр у зотга қалқон, дўст ва йўлдош бўлди. Зеро, сабр қилиш Пайғамбар (алайҳиссалом)га Аллоҳ таолонинг буйруғи эди. Қачон душман сўзи хавотирга солса: «…Улар айтаётган сўзларга сабр қилинг…» (Тоҳо сураси, 130-оят); танг ҳолатда қолганларида: «…(менинг бурчим) чиройли сабрдир…» (Юсуф сураси, 18-оят); ёв ҳужуми, кофирлар режасидан безовта бўлсалар: «…Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганидек, сабр қилинг…» (Аҳқоф сураси, 35-оят) ояти карималарини ёдга олардилар.

Зеро, Набий алайҳиссалом сабрлари мустаҳкам имонга асосланган эди: Аллоҳ таолонинг нусратига ва ваъдаси ҳақлигига ишониб, у Зотга суяниб, савоб умидида сабр қилардилар.

Энди бошига мусибатлар тушган ва кўп қийналган кишига бизнинг саволимиз шуки сизни қийналганларингиз ва сизга келган мусибатлар ҳам шу қадарми? Сизнинг сабрингиз ҳам у зотнинг сабри кабими? Йўқ, албатта. Зеро, сабр қилувчилар имоми ва шукр қилувчилар пешқадами, шаксиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Яҳё АБДУРАҲМОНОВ,

Юнусобод туманидаги “Кулол-Қўрғон”

жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan