Мақолалар

Ватанга муҳаббат – илоҳий туйғу

Чоп этилди Sentabr 21, 2019 Ватанга муҳаббат – илоҳий туйғуda fikr bildirishni o'chirish

Бир туйғу бор: асло сўнмайди. Бир ҳис бор: ҳеч қачон камаймайди. Бу Ватан туйғуси, юртга муҳаббат ҳиссидир. Мана шу туйғу, мана шу ҳисни ҳар доим қалбимизнинг туб-тубида асраймиз. Илло, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам арафасида бу туйғу, бу ҳис жўш ураверади. Сабаби…

Ватанни севиш туй­ғу­сини Аллоҳ таоло ҳаз­рати инсоннинг қалбига жо айлаган. Имом Ғаззолий раҳ­матуллоҳи алайҳ: «Одам Ватанини, гарчи у чўл бўлса ҳам, борича севади. Ватанга муҳаббат туйғуси – савқи илоҳий. Инсон ватанидан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди», деган.

Энди дўппини ечиб, бир тафаккур қилиб кўрайлик. Шун­дай жаннатмонанд Ватанни эъзозламай бўла­дими? Ахир, бугунги дориломон, саодатли кунларни аждодларимиз орзу қилиб ўтишди-ку! Ота-боболаримиз умид қилган кунлар, шукрки, бизга насиб этди.

Муҳ­тарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори билан миллий юкса­лиш сари дадил одимлаёт­ган Ватанимизда бу йилги Мус­тақиллик байрами «Жона­жон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори остида катта тантана қилинади.

Муқаддас динимизда Ватан­ни севиш имоннинг белгиси экани айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳ­зун ҳолда она-шаҳри Мак­ка­га қайта-қайта қараб: “Қа­самки, албатта, сен Аллоҳ­нинг энг яхши маконисан ва Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳри­сан. Агар мени сендан чиқар­маганида, асло чиқмас­дим”, деганлар (“Фатҳул борий”).

Пайғамбаримиз она шаҳ­ри­дан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Лекин доим ўзлари туғилиб ўсган Мак­ка сари талпинар эдилар. ­Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳам­мад!) Албатта, сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак-шубҳасиз, сизни қайтиш жойига (Мак­кага) қайтарувчидир» (Қасас сураси, 85-оят) ояти нозил бўлгач, таскин топдилар.

Мўътабар ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини ниқтаганлари келтирилган. Имом Ҳумайднинг ривоятида: “Мадинани севганларидан уловни ниқтардилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Ҳажар Асқалоний ра­ҳи­маҳуллоҳ “Фатҳул борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарида ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга, Ватанни севиш зарурлигига ҳам ишора қилади”, деганлар.

Имом Заҳабийнинг “Сия­рул аълом ан-нубало” кито­бида Пай­ғамбаримиз сол­лал­ло­ҳу алай­­ҳи ва саллам ватанларини яхши кўрган­лари келтирилган.

Фақат инсонгина эмас, балки ҳайвонлар ҳам ўз Ватани – инини ҳеч нарсага алишмай­ди.

Иброҳим ибн Адҳам раҳма­туллоҳи алайҳ: “Мен Ватандан айрилиқдек оғир синовга дучор бўлмаганман” (Ҳулятул авлиё), деган.

Мухтасар айтганда, бугун Ва­танимизда амалга оширила­ётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини фақат кўриш, кузатиш эмас, балки муносиб ҳисса қўшишимиз лозим. Ахир, доимо эзгу ишларнинг пайи­да бўлиш мўмин кишининг сифати-ку.

Эрдон ЭСОНОВ

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зиёвуддинхон” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан