Янгиликлар

Йўл ҳаракати хавфсизлиги: глобал муаммога муқобил ечим

Чоп этилди Sentabr 19, 2019 Йўл ҳаракати хавфсизлиги: глобал муаммога муқобил ечимda fikr bildirishni o'chirish

Узоқни яқин, оғирни енгил қилувчи автомобиль инсонга дастёр бўлса-да, йўл ҳаракати қоидалари бузилганда у фожиа сабабчисига айланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 1,25 миллионга яқин инсон йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) оқибатида ҳаётдан кўз юмади, 20-50 миллион киши жароҳат олади. БМТ экспертларининг қайд этишича, ЙТҲ 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабчиларидан. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти прогнозига кўра, 2020 йилда ЙТҲ инсонлар ўлимининг чорак қисмини ташкил қилиши мумкин.

Автомобилдан ҳавога чиқадиган заҳарли газлар эса яна бир оғриқли нуқта. “AirVisual” халқаро ташкилоти таҳлилларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши ҳар йили 7 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда, шунингдек, жаҳон иқтисодиётига 255 миллиард доллар миқдорида зарар етказмоқда.

Бугунги кунда 50 га яқин мамлакат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва экология муаммоларига “Европа ҳаракатланиш ҳафталиги” глобал кампанияси доирасида ечим изламоқда, тоза ҳаракатланиш ва барқарор шаҳар транспортини ривожлантириш орқали аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифатини яхшилашга интилмоқда. 2002 йилдан бошланган мазкур кампания инсонларга экология ва йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилишда амалий ечимларни синаб кўриш имконини беради.

Бу йилдан Ўзбекистон ҳам мазкур кампания иштирокчисига айланди. Тошкентда 16 сентябрдан 22 сентябргача “Европа ҳаракатланиш ҳафталиги“ ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида 19 сентябрда “Бепул метро куни” ва 22 сентябрда “Автомобилсиз кун” тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Европа Иттифоқи делегацияси, БМТ, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ташкил этилган давра суҳбати ҳафталик доирасидаги тадбирлардан бири бўлди. Унда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда ўтган йилларда тизимда жиддий ўзгаришлар юз бергани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага доир фармон ва қарорлари, бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

– Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб бораётган кенг кўламли ишлар ЙТҲлар билан боғлиқ ўлим кўрсаткичларини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуард Стрипрайс. – Тошкент шаҳрининг “Европа ҳаракатланиш ҳафталиги” кампаниясида иштирок этаётгани инсонлар ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга ўз ҳиссасини қўшади.

Мулоқотда ЕИнинг Йўл ва ҳаракатланиш хавфсизлиги лойиҳаси раҳбари, DATS Consulting ижрочи директори Аднан Раҳмон соҳадаги илғор тажрибалар бўйича тақдимот ўтказди.

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА