Мақолалар

Ортда қолгани чин бўлсин

Чоп этилди Yanvar 18, 2019 No Comments

80-йиллар ўрталари эди. Навоий шаҳрининг қоқ марказида, катта универмаг рўпарасида баландлиги 3,5 метр келадиган ҳайкал ўрнатилди. Унда аёл сиймоси шарм-ҳаёсизларча либоссиз тасвирланган эди.

Ҳайкал шаҳар раҳбарияти томонидан, Навоий тоғ-кон металлургия комбинати ажратган катта маблағ эвазига собиқ Ленинград шаҳридан буюртма асосида олиб келинган эди.

Раҳбарлик лавозимларига асосан марказдан юборилганлар қўйилар, улар туб халқ миллий маданияти ва урф-одатларига нописандлик билан қарашарди. Ҳайкал ўрнатилгач, халқимиз марказий унвермагга яқинлашолмай қолди. Келганлар ҳам терс ўгирилиб, болаларининг юзини тўсиб ўтишарди. Шукрки, неча йиллар ўтиб бу ҳайкал йўқотилди.

1958 йилда асос солинган Навоий шаҳри Кармана билан темир йўл вокзали оралиғидаги очиқ майдонда қад кўтарди. Унга иттифоқдош республикалардан турли миллат ва элат вакиллари келиб жойлашган эди.

…Шаҳар ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига тун пайти қўнғироқ бўлди. Бир аёл марказий универмагдаги “Бар” директори эканини айтиб, зудлик билан милиция қисми юборишимизни талаб қилди. Воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходимларини ярим яланғоч аёл важоҳат билан қарши олди. Столда ўтирган чол-кампирни кўрсатиб: “Олиб чиқиб кетинглар”, деб буюрди. Милиция ходимлари: “Ахир бу ер кундузи барчага бирдек ошхона-ку, нега буларни олиб кетамиз?” дейишди. Директор эса буларнинг бошидаги салласи, эгнидаги яктаги, кампирининг узун кўйлаги, бошида рўмоли… овқатланиш маданиятига тўғри келмаслигини, агар талаби бажарилмаса ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлмиш миллатдошига шикоят қилишини айтиб, бақира кетди. Овқатланиш умидида ўтирган кексалар ғайри тилни тушунмас, бир шанғиллаётган аёлга, бир милиция ходимларига қараб мўлтираб ўтирарди. Ноилож қолган ходимлар чол-кампирни машинага ўтқазиб, бошқа ошхонага элтиб қўйишганди ўшанда…

У кунларни эсласам, мозийда қолгани чин бўлсин, дейман. Бу доруломон кунларга етиш осон бўлмаганини яхши биламиз. Аллоҳ таолонинг инояти билан, миллатимиз жонкуярлари, зиёлилари, раҳбариятимиз раҳнамолигида истиқлол неъматига етишганимизни, бўлаётган ислоҳотлар сизу биз учун эканини фарзандларимизга тушунтириб қўйиш ҳам зиммамиздаги ишлардан. Зеро, Ватанни  севмоқ имондандир!

 

Ҳазрат Исмоилов

Навоий вилояти, Навбаҳор тумани

ички ишлар фахрийси

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan